Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:39

АҚШ ва Ўзбекистон 6,5 млрд долларлик шартнома ва ҳамкорлик меморандумларини имзолади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга расмий ташрифидан олдин ўзбекистонлик тадбиркорлар ва давлат компаниялари Америка фирмалари билан 6,5 миллиард долларга тенг шартнома ва ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Ўтган йил сентябрь ойида Нью Йоркда бўлиб ўтган Ўзбек-Америка бизнес форумида ҳам томонлар қатор битимларга эришган эди.

Ўзбекистонга яқинда бориб келган бизнес-консультант Филип Де Леоннинг айтишича, мамлакатдаги ижобий ўзгаришлар Америка компанияларига умид бағишламоқда.

"Марказий Осиёдан яқинда қайтдим, Ўзбекистонда ҳам бўлдим. Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери жуда кўп ўзгаришларни пайқадим, бозорни очиб ташлади. Илгари имкониятлар чекланган эди, ҳозир эса одамлар илҳомланган, кўп ишларга қўл уришяпти, чунки президент ёрдам беришга тайёр эканини билишади. Америкадаги кўплаб компаниялар билан ҳозир алоқадамиз, уларни Ўзбекистондаги янги имкониятлардан фойдаланиб қолишга даъват этяпмиз. Сиёсат ўзгарган сари Ўзбекистонда ишламоқчи бўлган ширкатлар сони ошмоқда. Валюта конвертацияси, даромадни мамлакатдан олиб чиқиш каби масалаларда енгилликлар яратилмоқда, бизнес олдидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Президент тадбиркорликни ривожлантиришга бел боғлаганига гувоҳ бўляпмиз ва буни бизнес ҳамжамияти ҳам кўрмоқда", дейди Де Леон.

Асосан, нефть ва кимё, энергетика, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва фуқаролик авиацияси соҳаларида 20 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.

AmeriFund компанияси вице-президенти Фарҳод Муродов Ўзбекистонда Американинг Best Western, Wyndham каби меҳмонхоналари қурилишини молиялаш режаси борлигини айтди.

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Суҳроб Холмуродов тадбиркорларга қўйилган баъзи солиқ турларини бекор қилиш режаси ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, айни дамда ширкатларни рўйхатга олиш анча осонлашган.

Сармоялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов хорижий инвестицияларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун қандай ишлар амалга оширилаётганини билдирди.

"Ўзбекистон нимаси билан сармоядорларни ўзига жалб қилмоқда? Авваламбор Ўзбекистон ҳукумати хорижий сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатини берди. Ўтган йилдан бошлаб даромадни мамлакатдан олиб чиқишга қўйилган барча чекловлар бекор қилинди, ўтган йил сентябрида бошланган ислоҳотларни давом эттирган ҳолда Солиқ кодексини такомиллаштириш, божхона ва тарифларни тартибга солиш устида ишлаяпмиз, тадбиркорларни ортиқча маъмурий юкдан озод қилиш бобида қатор чоралар кўрилмоқда. Ўзбекистоннинг хусусий ва давлат компаниялари Америка ширкатлари билан ҳамкорлик қилмоқда", дейди расмий.

Вашингтондаги тадбирда нафақат бизнес, савдо ва сармоя, балки ҳуқуқ бобида ҳам келишув имзоланди.

Чоршанба ва пайшанба кунлари президент Мирзиёевнинг АҚШ раҳбарияти, Пентагон ва Давлат департаменти расмийлари, қонунчилар ҳамда Жаҳон Банки вакиллари билан учрашувлари режаланган.

XS
SM
MD
LG