Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

Ҳарбий хизматчилар фарзандлари давлат гранти ҳисобига ўқитилади


Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги Телеграмдаги каналида хабар қилди.

Қарорга мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркиби фарзандлари учун:

республика олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари, ҳарбий олий таълим муассасаларига эса курсантларнинг умумий қабул сонидан 5 фоизли давлат гранти асосида қабул квотаси ажратилади.

Квота асосида кириш ҳамда давлат гранти асосида таълим олиш ҳуқуқига тегишли вазирлик ва идораларнинг тавсияномаларига эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари эга бўладилар.

Тавсияномалар ҳарбий хизматчиларнинг бевосита бошлиқлари (командирлари) илтимосномасига асосан тегишли вазирлик томонидан берилади.

5 фоизли квота чегарасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади.

Қарор билан 5 фоизли қабул квотаси қуйидагича тақсимланди:

Мудофаа вазирлиги – 44 фоиз; Ички ишлар вазирлиги – 10 фоиз; Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – 3 фоиз; Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – 1 фоиз; Давлат хавфсизлик хизмати – 33 фоиз; Миллий гвардия – 10 фоиз; Президентнинг давлат хавфсизлик хизмати – 2 фоиз.

Бундан ташқари, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига давлат гранти асосида танловсиз қабул қилинади.

Шунингдек вазирлик ва идораларга 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олдин тўлов-шартнома асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига тўлов-шартнома асосида ўқишга кирган, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандлари учун шартнома пулини тўлаб беришга рухсат берилди.

XS
SM
MD
LG