Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:01

Нега қушларнинг тиши йўқ?


Нега қушларнинг тиши йўқолиб кетган? Ҳавода енгил бўлишлари учунми? Ёки уларнинг ўткир тумшуғи қуртларни ейиш учун аждодлари динозаврларнинг тишли жағларидан қулайроқми?

Чоршанба куни чоп этилган тадқиқотга кўра, қушлар жўжа очиб чиқишда тухум босиб ўтиришни тезлаштириш учун тишларидан воз кечган экан. Бу шу пайтгача тишсиз тумшуқлар пайдо бўлиши ҳақидаги илмий қарашларга зиддир.

Динозаврлар тухумини бир неча ойлаб босиб ўтиришига таққослаганда, ҳозирги қушлар тухумини бир неча кун ёки ҳафтада очиб чиқади. Чунки тишлар чиқиши учун керак бўладиган эмбрионни кутиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ушбу жараён, Бонн университети тадқиқотчилари Тзу-Руэй Янг билан Мартин Сандерга кўра, тухум инкубациясининг 60 фоиз вақтини олади.

Эмбрион тухум ичида бўлган пайтда йиртқичлар ва табиий офатлардан ҳимоялана олмайди, тухумни тезроқ очиб чиқиш эса омон қолиш имкониятини оширади.

Бу ҳам динозаврлар, ҳам қушлар – барча тухум қўювчилар учун ташвиш туғдиради. Сув эмизувчиларнинг эмбрионлари эса она қорнида бўлади.

“Тахминимизча, (қушларда) тиш йўқолишининг (тадрижий) танлови эмбрион тез ўсиши танлови ва инкубация даври қисқаришининг ножўя таъсиридир”, деб ёзадилар Янг ва Сандер “Biology Letters” журналида.

Олдинги тадқиқотларда қанотли динозаврларнинг авлоди бўлмиш қушлар яхшироқ учиш учун тишларидан айрилган, деб ҳисобланар эди.

Ўйлаб кўриладиган масала

Икки олимнинг фикрича, Мезозой даврида яшаган айрим қанотсиз динозаврларнинг ҳам ҳозирги қушларникига ўхшаш тишсиз тумшуғи бўлганини ушбу мантиқ билан тушунтириш қийин.

Бошқа тадқиқотларда қушларнинг тумшуғи озиқланиш учун қулай экани айтилади.

Аммо айрим бошқа ва этхўр бўлган динозаврларнинг ҳам тиши тушиб, қушларникига ўхшаш тумшуғи пайдо бўлган.

Янг билан Сандер масалага ечим ўтган йили чоп этилган тадқиқотдан топилганини айтади. Унга кўра, учмайдиган динозаврларнинг тухумини очиб чиқиш учун олдин тахмин қилинганидан кўпроқ вақт – 3-6 ой керак бўлган экан.

XS
SM
MD
LG