Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:25

Ўш қирғинида айбланган қочқин ўзбеклар Қирғизистон президентига мурожаат йўллади


Ўш қирғинида бедарак йўқолганларнинг исмлари ёзилган ёдгорлик.
Ўш қирғинида бедарак йўқолганларнинг исмлари ёзилган ёдгорлик.

Ўшда 2010 йилда содир этиилган қирғиннинг 8 йиллиги муносабати билан қочқинликда юрган қатор ўзбек миллатига мансуб шахслар Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековга мурожаат йўллади.

“Халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ тузилмалари ўтган йиллар давомида мамлакат ҳукумати эътиборини мунтазам 2010 йилги июнь воқеалари юзасидан очилган жиноят ишлари бўйича фуқароларнинг ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганига ва адолатни тиклаш учун бу ишлар қайта кўриб чиқилиши лозимлига қаратиб келмоқда. Бироқ бу чақриқлар ҳукумат томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда. Олий даражада сиёсий қарор қабул қилинмагани ортидан фуқароларнинг суд ва бошқа давлат органларига қилган мурожаатлари натижа бермаяпти”, дейилади Қодиржон Ботиров, Халилжон Худойбердиев, Дилмурод Ҳайдаров ва бошқалар имзолаган мактубда.

Мурожаат муаллифлари президент Сўўрўнбай Жээнбековни 2010 йилги июнь воқеалари бўйича ҳолис ва принципиал бўлишга чақирганлар.

Мурожаатда ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнингсоҳталаштирилган иш бўйича бир умрга қамалгани” 2010 йилги воқеалар бўйича айбланганларга нисбатан ўтказилган “адолатсиз судлов, даҳшатли қийноқлар ва инсон қадр-қимматини топташнинг ёрқин намунаси” бўлгани айтилади.

Мурожаат муаллифларининг ёзишича, орадан 8 йил ўтган бўлса ҳам Қирғизистонда этник ўзбеклар ҳуқуқи милиция ва судлар томонидан бузилаётгани таъкидланади.

Шулардан келиб чиққан ҳолда мурожаатни имзолаганлар Қирғизистон ҳукуматидан Ўш қирғини бўйича жиноят ишларини адолатли тарзда қайта кўриб чиқшни, оғир жиноят содир этмаган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган ёки адолатсиз судлов қурбони бўлган маҳбусларга амнистия беришни, БМТ тавсиясини ижро этган ҳолда Азимжон Асқаровни қамоқдан озод этишни илтимос қилганлар.

Эслатиб ўтамиз, 8 йил муқаддам содир бўлган воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2017 йилнинг 11 июнь куни Ўшда 2010 йил қирғинида қурбон бўлганларни хотирлаш тадбирларида иштирок этганди.

Жорий йилнинг 10 июнида ҳам Ўш шаҳрида қирғин қурбонларини хотирлаш маросимлари ўтказилди.

Мурожаат муаллифларидан бири бўлган Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази собиқ раҳбари Қодиржон Ботиров қирғиз ҳукумати томонидан Ўш воқеалари айбдори сифатида кўрилиб, миллий низо қўзғаганлик, айирмачилик чақириқлари билан чиққанлик ва оммавий тартибсизликлар уюштирганлик айблови билан сиртдан умрбод қамоқ жазоси ҳукм этилганди.

Қодиржон Ботиров ўзига билдирилган айбловларни инкор қилиб келади. У 2010 йил Ўш қирғини арафасида Қирғизистонни тарк этган ва Швециядан сиёсий қочқин мақомини олган.

XS
SM
MD
LG