Банкда иккита ҳисоб очилади
Қирғизистон ҳукумати “мамлакатга ёрдам бермоқчи бўлган фуқаролар”дан пул йиғиш учун банкда ҳисоб рақами очилишини эълон қилди.
-Иккита ҳисоб очилади. Айрим депутатлар: "Ўз хоҳиши билан давлатга ёрдам берамиз деган одамлар пул ўтказа олиши учун банкдан ҳисоб очиб беринглар", - деб илтимос қилаяпти. Биринчиси шу бўлади. Иккинчи ҳисобга эса коррупция жиноятларининг фош этилиши оқибатида мусодара қилинган маблағлар ўтказилади, - деди бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазев парламентда сўзлаган нутқида.
Ташаббус муаллифи ҳукуматга 1 миллион сўм беришини айтди
Ташқи қарздан узилиш мақсадида фуқаролардан мамлакатга ёрдам сифатида пул йиғиш ташаббусини депутат Камчибек Жўлдўшбаев кўтарган эди. У ҳисоб очиладиган бўлса ўзи 1 миллион сўм, яъни тақрибан 15 минг доллар миқдорида пул ўтказишини билдирди:
- Қирғиз эли ўзимиз пул йиғиб ташқи қарздан қутилайлик, деган ташаббус бу. Мен бир миллион сўм бераман. Ёрдам бераман деган бошқа депутатлар, тадбиркорлар ва хатто пенсионерлар ҳам бор. Билишимча, “Мен долларда пул ўтказаман”, деган депутатлар ҳам бор,-деди Камчибек Жўлдўшбаев.
Бироқ ҳукумат расмийси Чингиз Эсенгулов агар бу ҳисоб очилиб, пул йиғиладиган ўлса, у ташқи қарзни тўлашга эмас, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга сарфланишини айтди.
"Халқдан пул йиғиш ноқонуний ҳаракат бўлади"
Конституциявий палатанинг собиқ судьяси Клара Сўўрўнқулова ҳукуматининг бу ҳаракатини ноқонуний деб ҳисоблайди.
-Ҳисоб очиб халқдан пул йиғиш ноқонуний ҳаракат бўлади. Бирорта қонунда бу нарза назарда тутилган эмас. Ҳукумат тузилмалари халқдан пул йиғишига йўл қўйилмайди,- деди собиқ судья.
"Халқдан пул йиғишдан олдин ҳукумат хазинадан ўғирланган пулларни давлатга қайтарсин"
“Эркин эл” сиёсий партияси раиси Мавлян Аскарбеков эса ҳукумат халқдан пул сўрашдан олдин давлат хазинасини қуритган амалдорларнинг барчасини жазолаши шарт, деб ҳисоблайди.
-27 йил ичида давлат хазинасини ўмарган одамларнинг барчасини топиб, жазолаш керак. Шундагина ҳукумат халқнинг ишончини қайтариб олиши мумкин. Ҳукуматга ишончсизлик ҳукм сураётган айни пайтда бу ҳаракатдан натижа бўлмайди,- деди Мавлян Аскарбеков.
Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,5 миллиард долларни ташкил қилади. Унинг асосий қисми энергетика ва инфратузилма учун Хитойдан олинган қарздир. Жумладан, Бишкек иссиқлик марказини модернизациялаш учун ҳам Хитойдан 386 миллион доллар қарз олинган.
Бу пулни ўзлаштиришда коррупцияга йўл қўйганликда айбланиб 5 июнда Қирғизистон собиқ бош вазири Сапар Исақов, Бишкекнинг собиқ мэри Қубаничбек Қулматов ва депутат Ўсмўнбай Артиқбаев қамоққа олинган.
18 июнда эса мана шундай айблов билан 2012-2014 йилларда бош вазир лавозимида ишлаган Жантўрў Сатибалдиев ҳам қамоққа олинган.