Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:43

Таҳлил: Туркманистоннинг ўзбек муаммоси


Ашхабодда озиқ-овқат дўкони ўнгидаги навбат
Ашхабодда озиқ-овқат дўкони ўнгидаги навбат

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларга дарз кетдими?

Ўзбекистон давлат телевидениеси яқинда Туркманистондаги озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида хабар берди.

Гап шундаки, Туркманистон давлат матбуоти бу тақчиликни бир неча ойдан бери нафақат четлаб ўтади, балки ўзбек телелавҳалари чиқишидан бир кун аввал ҳам мамлакатда озиқ-овқат мўл-кўллигини тилга олди.

Аммо хўжакўрсинга ишлаётган бозорларни телевидение орқали кўрсатиб, оч қолаётган одамларни мамлакатда егулик тўлиб-тошиб ётганига ишонтириш осон эмас.

20 июнь куни Туркманистон давлат телевидениеси "Бозорлардаги тўла расталар мамлакатда озиқ-овқат мўл-кўллигидан дарак бериши" ҳақидаги лавҳани эфирга узатди.

Ўзбекистонда эса кимдир туркман расмийлари мактубини кўздан қочирган чамаси.

21 июнь куни Ўзбекистондаги уч давлат телеканали, жумладан, “Ёшлар ТВ”, Туркманистоннинг Тошҳовуз ҳамда Мари вилоятларида нон тақчиллиги юзага келгани ҳамда одамлар нон олиш учун навбатга тураётгани ҳақида хабар қилди.

“Туркман халқи оғир иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда”, дейилди лавҳа давомида.

Туркманистоннинг шимоли-шарқий ҳудудларида “Ёшлар” каналини кўриш мумкин.

Озодлик радиосининг туркман хизмати деярли икки йилдан бери Туркманистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчил эканлиги ҳақида хабар бериб келади.

Ҳозир мамлакатда егуликлар бор, аммо кўпчилик учун нарх-наво ўта қиммат.

Авваллари Туркманистон ҳукумати ун, шакар, ёғ каби маҳсулотлар учун субсидия берарди.

Аммо ҳозир мамлакат иқтисоди ўзининг 27 йиллик тарихидаги энг оғир кунларни бошдан кечирмоқда.

Озодликнинг туркман хизмати яқинда Мари вилоятида бир қоп ун 200 манатга сотилаёгани ҳақида хабар қилди.

Бу расмий курс бўйича 57 доллардир. Хабар қилинишича, мамлакатда ишсизлар сони 50 фоиздан ошиб кетган.

Озодлик билан бир қаторда бир неча нашр Туркманистондаги муаммоларни ёритиб келади.

Ўзбек телеканаллари нима учун ушбу мавзуни ёритгани номаълум. Икки давлат ўртасидаги алоқалар Гурбангули Бердимуҳамедов 2006 йилда президент этиб сайланганидан бери анча яхши аҳволда бўлиб келаётган эди.

Ҳатто Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳукумат тепасига келишидан аввал Туркманистон Ўзбекистон яхши алоқада бўлган ягона Марказий Осиё давлати эди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбек телеканалларининг Туркманистон ҳақидаги лавҳалари эфирга узатилишидан олдин Озодлик радиосига чоржўйлик (ҳозирда Туркманобод деб аталади) этник ўзбекдан мактуб келиб тушди.

Мактуб муаллифи исмини ошкор қила олмаймиз, чунки бундай қилсак, автор қамалаши турган гап.

Мактубда Туркманистондаги оғир иқтисодий аҳвол ҳақида сўз юритилади.

Муаллиф, шунингдек, бошқа миллат вакиллари туркманлар ва туркман бўлмаганлар ўртасидаги миллий мафкуравий кураш қуробни бўлаётганини таъкидлаган.

“Илгари қайси тилда ўқишни, қизларимиз қандай кийиниб, сочини қандай турмаклашини, қандай дўппи кийишимизни мустақил ҳал қилишга изн бериларди”.

“Эндликда хорижда таҳсил олаётган фарзандларимизга қанча пул юборишимизни, қайси ТВ каналларни кўришимизни ўрнимизга ҳал қилишмоқда”.

Муаллифнинг айтишича, туркманистонлик ўзбеклар Бердимуҳамедов апрель ойида Тошкентга қилган ташрифи ортидан ушбу муаммолар қисман ҳал этилишига умид қилган.

“Ҳеч қандай чора кўрилмади. Расмий Тошкент ўз биродарлари, биз, Туркманистон ўзбекларига назар ташлаши учун улар билан қандай алоқага чиқишни билмаймиз”.

Бундай ҳолат Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари учун катта муаммо. Қозоғистондан ташқари барча Марказий Осиё давлатида ўзбеклар энг йирик миллий озчиликдир.

Бунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатлардаги ўзбекларга ҳечам катта қизиқиш кўрсатмаган.

Туркманистондаги ўзбеклар сони ҳақида расмий маълумот йўқ, аммо уларнинг сони 10 фоизга яқин эканлиги айтилади. Бу кўрсаткич Қирғизистон ва Тожикистонда 15 фоизни ташкил қилади.

1991 йилда Совет Иттифоқи қулаши ортидан аҳолиси энг кўп бўлган Ўзбекистон қўшни давлатлардаги биродарлари билан яқин алоқа ўрнатиб, уларнинг тарафини олиши ҳақидаги хавотирлар урчиб келади.

Марказий Осиё давлатлари чегаралари ҳалигача тўлиқ демаркация қилинмаган бўлиб, этник ўзбеклар асосан Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудларда истиқомат қилади.

Ўзбекистон давлат телеканаллари ҳали Туркманистондаги ўзбеклар аҳволи ҳақида хабар қилгани йўқ. Аммо Туркманистондаги иқтисодий муаммоларнинг ўзбек телеканаллари томонидан ёритилиши кутилмаган ҳолдир.

Мирзиёев Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам олқишга сазовор бўлиб келмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири Мирзиёев Каримов давридаги изоляционизм сиёсатини бекор қилиб, ислоҳотлар бошлаб юборганидир.

Агар келажакда президент муаммоларга дуч келиб, уни қўлловчилар сони озайса, қўшни давлатлардаги ўзбеклар тақдири Ўзбекистондаги ўзбеклар эътиборини чалғитувчи масалага айлантирилиши мумкин.

(Муаллиф: Брюс Панниер)

XS
SM
MD
LG