Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Самарқандда уйи бузилаëтган ҳиссадорлар ҳокимиятдан товон талаб қилмоқда


Самарқандда уйи бузилишини айтаëтган аëл
Самарқандда уйи бузилишини айтаëтган аëл

Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги Мироншоҳ кўчасида тикланаëтган 7 қаватли уйдан квартира сотиб олган ҳиссадорлар шаҳар ҳокимиятдан товон пули талаб қилишди.

Уйи бузилганидан норози бўлган 26 хонадон ҳиссадорлари ана шундай талаб билан 28 июнь куни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги биноси олдига тўпланишди.

Норозилардан бир уларни шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов қабул қилганини айтди.

Унга кўра¸ шаҳар ҳокими “ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудудда қурилган бу уйнинг бузилиши ҳақида узил-кесил” қарор қабул қилингани айтган ва “Барча эътироз уй қурилишини амалга оширган тадбиркор Умар Ражабовга” қаратилиши зарурлигини билдирган.

Бино қуришга ким изн берган эди?

Ражабов муассиси бўлган "Умар" ширкати вакили эса иморатни "шаҳар ҳокимлиги берган қарор асосида" қурганини Озодликка билдирди.

"Қурилиш шаҳар ҳокими имзо чеккан қарор асосида бошланган ва ҳокимнинг 20 июндаги қарори билан тўхтатилган, - деди "Умар" ширкатининг вакили. - Бу холатда ширкат ҳам оддий ҳиссадорлар ҳам қурилишга изн берган ҳоким қурбонига айланишди. Ширкат ҳиссадорлар маблағини қурилишга буткул сарф қилди ва ўз сармоясиини ҳам қўшди. Юзага келган ҳолатда ширкат банкрот ҳолатига келди".

Аммо, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича,
"Умар" ширкатига Мироншоҳ кўчасида тураржой қуришга изн берилмаган:

-"Умар" ширкатига Мироншоҳ кўчасида икки қаватли савдо маркази қуришгагина изн берилган қарорга олдинги ҳоким Воҳид Санақулович имзо чеккан. (2017 йилнинг 21 августида ишдан олинган Самарқанд шаҳар ҳокими Воҳид Раҳимов - таҳр.) Эътибор берсангиз, фақат икки қаватли савдо маркази қуришга изн берилди. Етти қаватли турар жой қуриш учун эмас. Шуларни инобатга олиб, Фурқат Жалолович (Самарқанд шахрининг жорий ҳокими Фурқат Раҳимов - таҳр.) 20 июнь куни қурилишни тўхтатиш борасида қарор чиқарди. 23 июнь куни Бош вазирнинг ўзи бориб бу масалани разбор қилди. Бинонинг ЮНЕСКО ҳимоя зонасида ноқоуний қурилгани ва икки қаватли магазин ўрнига етти қаватли турар жой рухастсиз қўйилганини аниқлаган Абдулла Ниғматович "зудлик билан бузиб ташланг!" деб буюрди¸" деди шаҳар ҳокими мулозими.

Самарқандда бузилаëтган уй
Самарқандда бузилаëтган уй

Ҳокимлик қурилишдан бехабар бўлганми?

Озодликнинг бу саволига ҳокимлик вакили биноининг пастқамликда жойлашгани ва шаҳар катталиги боис бутун қурилиш жараëнини назорат қилиш мушкуллигини айтиш билан чегараланди.

Самарқанд вилоят Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бошқармаси вакили эса ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган Мироншоҳ кўчасида олиб борилаётган ноқонуний қурилиш ҳақида вилоят прокуратурасига тақдимнома билан чиққанлигини билдирди.

26та оила пулидан айрилди

Мавзуни ўрганиш жараëнида самарқандлик тадбиркор¸ “Умар” ширкати асосчиси Умар Ражабов қонунга зид тарзда Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги қисмида етти қаватли турар жой қургани аниқланди.

Ҳали битмаган бино квартираларни эса 26 оила сотиб олган.

Улар бу квартираларнинг ҳар квадрат метрига 3 миллиондан 6 миллион сўмгача пул тўлашган.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуносига кўра¸ бу ҳиссадорларнинг пулини "Умар" ширкати қайтаришга мажбурдир.

Ҳиссадор президентга мурожаат қилди

28 июнда Самарқанддаги бузилаëтган уйнинг олтинчи қаватидан квартира сотиб олган Елена Сусанина Ўзбекистон президентига видео мурожаат билан чиқди.

Facebookда эълон қилинган бу видеомурожатида Сусанина “яхши уйда яшаш орзуси ва пулдан" ажраганини кўзида ëш билан сўзлаб беради.

Сусанина мамлакат президентидан бу уйни бузмасликни сўрайди.

Бош вазир буйруғи

Матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги эътирозлар ортидан 23 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг шахсан ўзи Самарқандга бориб¸ тарихий жойда изнсиз қурилган иморатлардан бирини бузишга буйруқ берган эди.

Самарқанд вилоят ҳокимиятининг капитал-қурилиш бўлимида ишлайдиган муҳандиснинг 27 июнь куни Озодликка айтишича¸ шу кунларда бузилаëтган бу уй бундан уч йил олдин тадбиркор Умар Ражабов тарафидан қуриб бошланган:

- Абдулла Ниғматович келиб кўрган пайтида бу уйнинг етти қавати битган эди. Темир бетон уй кўтарма кран ëрдамида ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий ҳудудда қонунга зид қурилаëтганлигини кўрган Бош вазир зудлик билан уйни бузишга буйруқ берди. Ҳозир комхоз xодимлари бузишга киришди¸ - деди муҳандис.

Самарқанд вилоят ҳокими ëрдамчиси Ботир Абдуллаевнинг 27 июнь куни Озодликка билдиришича¸ ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган ҳудудда ўзбошимчалик билан уй қурган тадбиркор Умар Ражабов Бош вазирнинг буюрмагунга қадар ҳокимият ва суд ижрочилари қарорини писанд қилмаган:

- Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бу тадбиркорни судга берган эди. Суд уй бузилсин, деб қарор чиқарди. Аммо бу тадбиркор суд қарорини писанд қилмади. 20 июнь куни Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов шаҳарнинг Европа қисмида жойлашган ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудда қурилаëтган 34 та объект қурилишни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Умар Ражабов қураëтган уй ҳам бу рўйхатда бор. Лекин Ражабов қурилишни тўхтатгани йўқ. Бу беписандликка Бош вазир Абдулла Ниғматович чек қўйди¸ - деди Ботир Абдуллаев.

Кўп қаватли иморат Самарқанднинг европа қисми уйғунлигига путур еткяазгани айтилмоқда
Кўп қаватли иморат Самарқанднинг европа қисми уйғунлигига путур еткяазгани айтилмоқда

Бош вазирдан тортиб оддий блогергача аралашган Самарқанд тарихий қисмидаги изнсиз қурилишлар масаласи Баҳрайн пойтахти Манамада ЮНЕСКО Шаҳрисабз тарихий марказини Умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчириш масаласини кўраëтган пайтга тўғри келди.

Анжуманда 10 фоизи вайрон қилинган Шаҳрисабзнинг куни Самарқандга ҳам тушмаслиги юзасидан хавотирлар билдирилди.

XS
SM
MD
LG