Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:14

Россияда пенсия ислоҳотларига қарши намойишлар бўлиб ўтди


Россия бўйлаб минглаб одам пенсия ёши кўтарилишига қарши намойишга чиқди. Касаба уюшмалари, сиёсий партиялар ҳамда мухолифатчи Алексей Навальний россияликларни 1 июль куни 2034 йилгача пенсия ёшини эркаклар учун 60 дан 65 га, аёллар ёшини эса 55 дан 63 гача кўтаришни кўзловчи қонунга қарши намойишга чиқишга чорлаган эди.

Навальний ўз сайтида намойишчиларнинг айримлари акс этган суратларни бўлишди. Суратларда намойишчиларнинг қўлида “Пенсияни оширинг, ёшни эмас!” ва “Пенсиямизга қўл теккизманг!” деб ёзилган плакатларни кўриш мумкин.

Саратов шаҳрида бир неча юз одам тўлпанган. Намойиш иштирокчиларининг айримлари “Путин ўғри!”, “Пўтин кетсин!” ҳамда “Путинни қўлга олинг!” дея ҳайқирган.

Полиция айрим намойишчиларни қўлга олган. Аммо уларнинг ҳужжатларини текшириб, тез орада қўйиб юборган.

Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудида жойлашган Владивосток, Хабаровск, Комсомольск-на-Амуре ва Биробижан шаҳарларида ҳамда Уралдаги Омск ва Оренбург шаҳарларида ҳам намойишлар бўлиб ўтгани хабар қилинди.

Навальний халқни намойишларга чақирганди
Навальний халқни намойишларга чақирганди

Бунинг ортидан Россия ғарбида ҳам намойишлар бўлиб ўтиши кутилаётган эди.

1 июль куни Яҳудий автоном вилояти пойтахти Биробижан шаҳрида тақрибан 500 одам тўпланди.

Намойиш қатнашчилари қўлларида “Қорни оч пенсионер ҳукумат учун шармандалик”, “Нафақадан олдин ўлим” ҳамда “Медведевнинг одамхўрларга оид пенсия ислоҳотларига йўқ деймиз!” каби плакатлар билан чиқишди.

Урал ва Сибирь чегарасида жойлашган Челябинск шаҳрида бўлиб ўтган намойиш қатнашчиларидан бирининг “Кимни истеъфо беришга мажбуралишимиз керак?” деган хайқириғига оломон “Путинни!” дея жавоб берди.

- Халқимизга қарши содир этилган жиноятлар учун кимни судга юборишимиз керак?

- Путинни!

- Тўғри, Путинни. Россияни нормал, ривожланган, замонавий давлатга айланиш имконидан айнан Путин маҳрум қилди.

Омск шаҳрида эса “Блинов” спорт комплексида 4,5 минг одам тўпланди. Айрим намойишчилар Медведев ҳукуматини истеъфога чиқишга чорлади.

Биробижан шаҳрининг Ленин майдонида бўлиб ўтган намойиш қатнашчилари Россия расмийларини пенсия ислоҳотлари бўйича қонун лойиҳасидан воз кечишга, ошиб бораётган бензин нархини тўхтатиш учун чора кўришга ҳамда қўшилган қиймат солиғини оширмасликка чорлади.

16 июнь куни Россия ҳукумати пенсия ёшини ошириш кўзда тутилган қонун лойиҳасини топширди. Қонун пенсия ёшини қадамма-қадам оширишни кўзлайди. Ислоҳотлар 2019 йилда бошланади.

Россияда Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан бери ҳали бирор марта пенсия ёши оширилмаган эди.

Мамлакатда умр узунлиги нисбатан қисқа бўлиб, россияликлар ривожланган давлатларга солиштирганда анча эрта нафақага чиқади.

Пенсия ёшини ошириш таклифи россияликлар ғазабини келтирди.

1 июлгача change.org сайтида тахминан 2,6 миллион одам пенсия ислоҳотлари бўйича қонунга қарши арзни имзолади.

Навальний 19 июнь куни ушбу қонунни “ўғрилик” ва “фуқароларга қарши жиноят” дея баҳолаб, россияликларни 1 июль куни намойишча чиқишга чорлаган эди.

Россияда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашиб ном чиқарган Навальний уни қўлловчилар Россиянинг 20 шаҳрида оммавий йиғин ўтказишга рухсат берилишини сўраб расмийларга мурожаат қилганини билдирди.

Аммо мухолифатчи футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтаётган 11 шаҳарда бундай арз топширилмаганини айтди.

Чемпионат ўйинлари бўлиб ўтаётган шаҳарларда намойишга чиқиш ман этилган.

Навальний умумий ҳисоб билан 39 шаҳарда пенсия ёши кўтарилишига қарши намойиш бўлиб ўтганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG