Ўзбекистондаги олий таълим масканлари (ОТМ) ректорлари ота-оналар ва абитуриентларга мурожаатнома эълон қилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтида чоп этилган мурожаатда кириш имтиҳонлари арафасида коррупционер "товламачи ва фирибгарлар"га пора бермаслик сўралган.
Ректорлар номидан эълон қилинган мурожаатда бу йилги кириш имтиҳонлари ҳалол ўтиши ваъда қилинган, шунга яраша, ота-оналар ва абитуриентлар ҳам "виждонан йўл тутиш"га чақирилган.
"Афсуски, товламачилар ва фирибгарларнинг дунёқараши ўзгармайди... Уларнинг тузоғига илиниб қолманг... Бир ҳақиқатни унутманг! Пора билан ўқишга кирган инсон умри давомида шу пулни қайтариб ишлаб олиш ҳаракатида бўлади", дейилади мурожаатда, жумладан.
Ректорларнинг бу таҳлит мурожаати Ўзбекистонда илк бор кузатилмоқда. Бу йилги ОТМга кириш имтиҳонлари - тест синовлари ҳам аввалгилардан фарқли ўтиши эълон қилинган.
Тест синовлари аввалгидай 1 кунда ўтмайди, балки 15 кун - 1 августдан 15 августга қадар давом этади. Абитуриентнинг неча балл тўплагани имтиҳоннинг эртасига аниқ бўлади. ДТМ расмий сайти орқали натижаларни текшириб олиш мумкин бўлади.
Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Ином Мажидов Kun.uz нашрига берган суҳбатида шундай деган эди: “Таклиф киритилдики, тест натижалари бир кунда маълум бўлса, шундай технология асосида иш олиб бориш ДТМ томонидан амалга оширилди”.