Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:35

АҚШ фазо қўшинларини яратиш ниятида


АҚШ армиясининг қуруқлик, ҳаво ва денгиз қўшинлари бор. Энди улар сафига фазо кучлари қўшилиши мумкин. Пентагон бу борада иш олиб бормоқда. Аммо бу амалга ошиши учун Конгресс қонун чиқариши керак. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

Бир пайтлар хаёлий туюлган ғоя реалликка айланмоқда. Пентагон АҚШнинг космосдаги иншоотларини ҳимоя қилиш учун Фазо қўмондонлигини ташкил этмоқда.

Пентагонда сўзлаган Вице президент Майк Пенснинг айтишича, янги қўмондонлик Америка армиясининг 6-бўлими - Фазо кучларини ташкил этиш йўлидаги қадамдир. Асосий рақиблар - Россия ва Хитой.

"Душманларимиз фазони аллақачон уруш майдонига айлантириб бўлишди. АҚШ бу таҳдидлардан ортга чекинмайди", - деди у.

Бир неча ўн йиллардан бери армияда янги бўлим очилмаган.

"Сўнгги бор янги хизмат 1947 йилда қўшилган", - дейди Тижорий фазо рейслари федерацияси раҳбари Эрик Столмер.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ҳаво кучлари ташкил этилган эди. Энди навбат фазо қўшинларига, дейди ташаббус тарафдорлари.

"Биз шу нуқтага етиб келяпмиз. Космос ҳарбийларимиз учун, иқтисодиётимиз учун ўта муҳим майдонга айланди. Фазо билан нафас оладиган, ухлайдиган ва яшайдиган мутахассислар керак бизга", - дейди тадқиқотчи Тод Ҳаррисон.

Фазога чиқиш лойиҳасини қўллаб-қувватлаётган Мудофаа вазири Жим Маттис бир пайтлар янги бўлим очилишига қарши чиққан эди.

Ўтган йили у Конгрессга мактуб йўллаб, ташкилий бўғинларни кўпайтирмасдан, эътиборни мавжуд бўлимлар орасида интеграцияни кучайтиришга қаратиш керак, деб айтган эди.

Ҳозирча Фазо қўмондонлиги армиянинг мавжуд фазо экспертларини бир жойга жамлаб, пилотсиз коммуникация сунъий йўлдошларини, ГПС ҳамда ракетага қарши мудофаа тўлқинларини ҳимоя қилишда давом этади.

Фазога одам учириш билан эса НАСА шуғулланади.

Трамп Конгрессдан 2020-йилгача янги ҳарбий хизматни ишга туширишни сўрамоқда.

XS
SM
MD
LG