Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:04

Сенат тўйлар борасида қарор қабул қилди. Энди маҳаллаларда комиссиялар тузилади


Ўзбекистон ҳудудидаги барча фуқаролар йиғинлари ҳузурида тўйлар ва бошқа оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар ташкил этилади. Бу борадаги қарор Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан қабул қилинди.

Сенат тўйлар борасидаги учинчи қарорни қабул қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00

Сенат матбуот хизматининг билдиришича, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари Сенат Кенгашининг 13 август куни ўтган мажлисида муҳокама қилинган. Йиғилишга Сенат Раиси Ниғматулла Йўлдошев раислик қилган.

Йиғилиш якунида «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

“Унга кўра, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, оилавий тадбирларни ўтказиш вақтида миллий қадриятларга зид бўлган маросимларга, номақбул одатларга ва уларнинг салбий оқибатларига йўл қўймаслик юзасидан тарғибот ишлари олиб бориш, урф-одатларни менсимаслик, исрофгарчилик ҳолатларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш каби масалалар комиссияларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди”, дейилади Сенат матбуот хизмати расмий хабарида.

Қарорда. барча фуқаролар йиғинлари ҳузурида тўйлар ва бошқа оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар ташкил этиш ҳам белгиланган.

Бундан аввал Сенат 30 март куни оилавий тадбирларни тартибга солиш юзасидан кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида Республика ишчи гуруҳини ташкил этган эди. Мазкур гуруҳ тафсияси билан Сенат 2018 йил 29 июнда «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилганди. Бу қарор билан тўй ва бошқа оилавий тадбирларга мониторинг юритиш тизимини йўлга қўйиш белгиланганди.

13 август куни қабул қилинган қарор юқоридаги иккита қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.

Президент Мирзиёев март ойидан бери шу кунгача оилавий тадбирларни ихчамлаштириш масаласида бир неча маротаба гапирди.

Бундай қарорга эҳтиëжни изоҳлаган президент¸ тўй-маърака ўтказишнинг ҳамма учун бир хил меъëрларини ишлаб чиқиш жамиятда адолат ўрнатиш¸ давлат амалдорлари орасидаги коррупцияни камайтиришга хизмат қилишини таъкидлаган эди.

Президентнинг оилавий тадбирлар мавзусини кўтаргани ортидан 5 июлда "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси "тўйларга борадиган санъаткорларнинг имтиëзли нархга эга рўйхати"ни эълон қилган.

Ошга бориш 500 мингдан 800 минггача¸ тўйга бориши 800 мингдан 1¸5 миллион сўмгача қилиб белгиланган рўйхатда ўзбекистонликлар орасида танилган бирор санъаткор ëки гуруҳ йўқ. Кейинроқ эса мазкур муассаса тўйларда айтиладиган қўшиқлар рўйхатини тузишга киришган эди.

Бир неча ой олдин президент Мирзиёев Тошкент шаҳар Олмазор туманини пойтахтда намунали тўйлар ўтказиш тажрибасини бошлаб беришга масъул қилганди. Ўшандан бери Олмазор туманида намунали тўйлар ўтказилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG