Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:03

Ўш воқеаларида айбланиб қамалган Жалолдин озодликка чиққан куни ҳибсга олинди


Ўш қирғинида бедарак йўқолганларнинг исмлари ёзилган ёдгорлик.
Ўш қирғинида бедарак йўқолганларнинг исмлари ёзилган ёдгорлик.

Ўш воқеаларидаги тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб 13 йилга қамалган, лекин амнистияга тушгани учун 28 июль куни озод этилган ўшлик Жалолдин Жўраев ўша куниёқ яна қайта қамоққа олинди.

Сингил: "Акам қамоқдан чиқиб 150 метр юрганида қўлга олинди"

Расмийлар Жўраев гиёҳванд модда билан қўлга олинганини билдирмоқда. Бироқ унинг яқинлари Жўраевга сумкасидан чиққан нашани қамоқхона ходимлари солиб қўйганини иддао қилмоқда.

31 ёшли Жалолдин Жўраев ўзига белгиланган 13 йиллик қамоқ жазосининг 8 йилини ўтаганидан сўнг амнистия сабабли 28 июль куни озодликка чиқарилган. Унинг синглиси Хуршида Пўлатованинг айтишича, 29 июль куни Жалолдин унга қўнғироқ қилиб, ўзининг қайта қўлга олинганини айтган.

-Акам ўзи телефон қилиб “мени яна ушлаб олиб кириб қўйишди”, деди. “Нимага ушлашди?” десам, қамоқхонадан чиқиб 100-150 метр юргандан кейин 3 одам келиб машинада олиб кетибди. Кейин бир жойга олиб бориб текширишиб, наша солиб қўйишибди, - дейди Хуршида.

Унинг иддаосича, Жўраевнинг сумкасидан топилган 66,5 грам наша унга махсус солиб қўйилган. Чунки Жалолдин қамоқдан чиқишидан аввал бир неча бор текширилган ва олдида таъқиқланган ҳеч нарса топилмаган.

Бишкеклик ҳуқуқ фаоллари Жўраевга адвокат ёллашди

Хуршида Пўлатованинг айтишича, отаси вафот этган, онаси Россияда тирикчилик қилиб оила боқади. Ўзи эса уйда укасини қарайди. Моддий қийинчилик сабабли акасининг олдига бориш ёки унга адвокат ёллаш имкони йўқ. Шу сабабли у ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаевдан ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ҳуқуқ фаоли сўзларига кўра, қизнинг аризаси пойтахт Бишкекдаги “Килим шами” ташкилотига юборилган ва бу ташкилот фаоллари Жалолдин Жўраев билан бориб учрашган.

- Юборилган адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, Жалолдиннинг ўз адвокати бор экан. Шу адвокатнинг хизмат хаққини тўлаб беришини илтимос қилибди. Бугунги кунда Бишкекдаги офисда Жалолдиннинг адвокати қандай мутахасис экани ўрганиш, у билан шартнома имзолаш ва хизмат хаққини тўлаб бериш ишлари олиб борилаяпти, -дейди Изатилло Рахматуллаев.

Расмий: "Жўраевдан 100 граммга яқин марихуана топилди"

Жалолдин Жўраевнинг қўлга олинганини Чуй вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати расмийси Нургул Нусупова ҳам тасдиқлади. Унга кўра, Жўраев 28 июль куни тахминан соат 15.10 ларда Москва туман Фрунзе кўчасида ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилган. Унинг сумкасидан 100 грамга яқин марихуана топилган.

-Суд - кимё эскпертизаси хулосасига асосан топилган модда марихуана экани аниқланди. Унга нисбатан Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 246 -моддаси бўйича айб қўйилиб, 94 -моддага асосан Москва туман Ички ишлар бўлими ҳибсхонасига киритилган, - дейди Нургул Нусупова.

Расмийга кўра, Жўраев суд ҳукми билан эҳтиёт чораси сифатида икки ойга ҳибсга олинган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўш воқеалари тарихи

Жамоатчилик орасида Ўш қирғини деб аталадиган 2010 йилги июнь воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилидир.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.

2010 йилнинг июнида Ўшда юз берган миллатлараро низода, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини қирғизлар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида бир рус, бир покистонлик ва бир уйғур ҳам нобуд бўлган.

Бу воқеани ўрганган халқаро комиссия эса Қирғизистонда "миллатчиликнинг сиёсатга сингиб кетгани"ни таъкидлаган ҳолда, Ўш воқеларига давлат миқёсидаги “этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизм” сабаб бўлганини эълон қилган.

Шундан сўнг қирғиз парламенти халқаро комиссия раиси Киммо Килюненни Қирғизистонда исталмаган шахс деб эълон қилган эди.

2016 йилнинг 15 майида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев 2010 йилги Ўш қирғинини уюштирганлар хориж махсус хизматларининг генераллари бўлгани ҳақида баёнот берган эди:

- Хориж генераллари бизнинг халқимизга ҳеч қачон ҳеч қандай яхшилик қилган эмас. Буни биз 1916 йилда Чор Россияси генераллари амалга оширган ишлардан биламиз. Ўшанда Қирғизистон шимолидаги аҳолининг деярли ярми қириб ташланган эди. Биз 2010 йил июнида ҳам хориж махфий хизматлари генералларининг қилган ишларини кўрдик. Бу воқеаларда 400дан ортиқ фуқароларимиз ҳалок бўлди, - деган Алмазбек Атамбаев.

Бироқ президентнинг бу баёноти сўзлигича қолиб кетган ва ҳеч қандай текшриувлар ёки тадқиқотлар олиб борилмаган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2017 йилнинг 11 июнь куни Ўшда 2010 йил қирғинида қурбон бўлганларни хотирлаш тадбирларида иштирок этганди.

Жорий йилнинг 10 июнида ҳам Ўш шаҳрида қирғин қурбонларини хотирлаш маросимлари ўтказилди.

XS
SM
MD
LG