АҚШ президенти Доналд Трамп саудиялик журналист Жамол Хашоггининг ўлимига кимлар аралашгани тўғрисида келаси ҳафта бошида якуний қарорга келишини маълум қилди. Олдинроқ АҚШ матбуоти, разведка агентликлари валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон уни ўлдиришга буйруқ берган деган хулосага келгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Трамп 17 ноябрда Калифорния штатида журналистларга, “Биз кейинги икки кун, душанба ва сешанба кунлари тўлиқ маълумот оламиз”, деб айтди.
АҚШ матбуотига кўра, Марказий разведка бошқармаси (МРБ) экспертлари Саудия қироллигининг амалдаги раҳбари бўлган валиаҳд шаҳзода ўтган ойда диссидент ва журналистни Туркияда ўлдиришга буйруқ берган, деган хулосага келган.
Айни пайтда, разведка агентликлари, валиаҳд шаҳзоданинг журналистни ўлдиришга бевосита буйруқ берганига оид конкрет далил йўқлиги, бундай хулоса қиролликдаги бошқарув табиатидан келиб чиққанини билдирган.
Саудия Арабистони ҳукумати, илк бор The Washington Post газетасининг 17 ноябрдаги нашрида чоп этилган, кейинроқ бошқа ОАВ, жумладан, Ассошиэйтед Пресс ва Рейтер агентликлари тасдиқлаган бу баёнотни рад этди.
АҚШ Давлат департаменти воизи Ҳизер Нойэрт 17 декабрда, “Янги пайдо бўлаётган хабарларга кўра, АҚШ ҳукумати Хашогги иши бўйича қабул қилган якуний қарорда ноаниқликка йўл қўйилган”, деб айтди.
Бу вазият Конгрессда АҚШнинг энг яқин ҳамкорини жазолаш тўғрисидаги саъй-ҳаракатларни ўт олдириб юбориши мумкин.
МРБ раҳбари Жина Ҳаспел ва давлат котиби Майк Помпео 17 ноябрда Калифорнияга сафар қилиб, ушбу хулосалар ҳақида Трампга маълумот берди.
− МРБ бугун менга маълумот бермоқчи, − деди у Калифорнияга кетаётиб, учоққа чиқиши олдидан ўтказган брифингида. - Айни пайтда менда бор маълумотга кўра, валиаҳд шаҳзода бу ишга аралашмаган. Қани, бир оз сабр қилайлик-чи, улар нима дер экан? Саудия Арабистони – бизнинг улкан иттифоқчимиз. Улар бизга жуда кўп иш ўринлари яратиш, корхоналар очиш ва иқтисодий ривожланиш имконини берди.
The Washington Post газетасининг бу ишдан хабари бор кишиларга иқтибосан хабар қилишича, АҚШ разведка хизматлари хулосаси қисман Саудия Арабистонининг Қўшма Штатлардаги элчиси валиаҳд шаҳзоданинг акаси Холид бин Салмоннинг Хашогги билан телефон орқали гаплашгани фактига асосланади.
Элчи 17 декабрда Твиттерда қолдирган изоҳида бунақа телефон суҳбати бўлганини рад этди.
The Washington Post газетаси мухбири ва валиаҳд шаҳзоданинг танқидчиси Хашогги 2 октябрда Саудиянинг Истанбул шаҳридаги консуллигида ўлдирилган.
Саудия Арабистони давлат прокурори 15 ноябрда Хашоггини ўлдиришда гумон қилинаётган 11 кишининг 5 нафарига ўлим жазоси тайинламоқчи эканини айтди.
Прокурор Шалаан аш-Шалааннинг журналистларга билдиришича, валиаҳд шаҳзоданинг Хашогги ўлдирилишидан хабари бўлмаган. Ўша қотиллик вақтида унинг жасади бўлакларга бўлиниб, элчихонадан олиб чиқилган ва маҳаллий “ҳамкор”га топширилган.
Ўтган ҳафтада Трамп маъмурияти журналистни ўлдиришда қўли борлиги гумон қилинаётган 17 нафар Саудия расмийсига қарши санкция жорий қилди. Аммо, АҚШ Конгресси аъзолари қаттиқроқ чоралар кўрилиши, жумладан, Саудия Арабистонига қурол-яроғ сотишни чеклашни талаб қилмоқда.