Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:51

Қирғизистонда амалдаги ва собиқ президент ўртасидаги муносабатлар узил-кесил бузилди


Собиқ президент Алмазбек Атамбаев (ўнгда) ва амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков.
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев (ўнгда) ва амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков.

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев бу ҳақда 20 ноябрга ўтар кечаси баёнот берди.

Дўст дўстга қарши: Қирғизистонда амалдаги ва собиқ президент ўртасидаги муносбаталар узил-кесил бузилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:10 0:00

Атамбаев: Мен Бакиев замонлари қайтиб келишини хоҳламаяпман

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва амалдаги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков орасида 8 ой давом этган қарама-қаршилик мантиқий ниҳоясига етди. 20 ноябрга ўтар кечаси “Апрель” телеканалига интервью берган Атамбаев “ўзи ҳокимият тепасига олиб келган дўсти” Жээнбековга қарши мухолифатга ўтганини эълон қилди.

-Мен катта сиёсатда президент ёки бош вазир лавозимини эгаллаш учун қолаётганим йўқ. Мен Бакиев замонлари қайтиб келишини хоҳламаяпман. Мен мамлакатимиз танлаб олган йўл йўқолиб қолишини хоҳламаяпман. Менда менга 2016 йилда ўтказишга тўсқинлик қилинган конституциявий ислоҳотни ўтказиш истаги бор. Айни мана шу ҳолат мени катта сиёсатда қолишга ундаяпти. Ҳолбуки мен, албатта, партияни сайловга тайёрлашдан ташқари Олтой тамаддуни, тарих, тил, бизнес билан шуғулланмоқчи эдим. Бу менинг стихиям. Афсуски, бугун мамлакатимиздаги вазият яна Бакиев даврига қайтиш арафасида турибди. Шунинг учун мен сиёсатчиларнинг янги авлодига кўмак кўрсатиш учун сиёсатда қолишга мажбурман, - деди Атамбаев.

Собиқ президентнинг айтишича, Сўўрўнбай Жээнбеков 2017 йилда президентликка номзодини қўйганида унинг рейтинги 3 фоиздан ошмас эди.

Атамбаев бу гапни айтар экан, “дўсти ва маслакдоши бўлган” Жээнбековнинг президент бўлиб сайланишида ўзининг ҳиссаси катта эканини, аммо кейин бундан афсусланганини ва жорий йилнинг 29 мартида Жээнбековга: “Мен сенинг тимсолингда бўлғуси Бакиевни кўриб турибман” , - деб айтганини эслади.

Амалдаги президент сиёсий элитани конструктив ҳамкорликка чақирди

Айни пайтда президент Сўўрўнбай Жээнбеков 20 ноябрь куни парламентнинг собиқ раислари ва собиқ бош вазирлар билан учрашув ўтказди. Учрашувда парламентнинг 13 нафар собиқ раиси ва 9та собиқ бош вазир иштирок этди.

Учрашувда амалдаги президент Қирғизистон сиёсий элитасини ўзаро ҳурматга ва мулоқотга чақирди. Сўўрўнбай Жээнбеков сиёсатчилар ўзаро конструктив ҳамкорлик қилган тақдирдагина мамлакатда ривожланиш ва бирдамлик бўлишини таъкидлади.

Атамбаев Текебаевнинг қамалиши хато бўлганини тан олгандай бўлди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев эса интервьюсида ўзи ҳукмронлик қилган пайтда қирғиз мухолифатининг лидери Ўмурбек Текебаевни қамалиши хато бўлганини тан олгандек бўлди:

- Текебаев масаласида қонунга риоя қилмасам ҳам бўлар эди, буни тан оламан. Қонун асосида унга билдирилган айблов асосланган. Бироқ мен бу ишни қилмасам бўлар эди,- деб айтган Атамбаев.

Ўмурбек Текебаев Атамбаевни коррупцияда айблагани ортидан 2017 йилда коррупцияда айбланиб 8 йилга қамалган эди. Айтиб ўтиш лозимки, Текебаевга нисбатан собиқ президентлар Асқар Акаев ва Курманбек Бакиев ҳам бундай чора кўришга ботина олмаган эдилар.

Қарама-қаршилик тарихи

Жээнбеков ҳокимият тепасига келганидан кейин, Атамбаевнинг яқин маслакдошлари бўлган собиқ бош вазирлар Сапар Исақов ҳамда Жанторо Сатибалдиев коррупцияда айбланиб қамоққа олинди, Атамбаевга яқин бўлган бошқа бир неча расмий ишдан олинди.

Шундан сўнг Сўўрўнбай Жээнбеков билан ўтган йили президентликни топширган Алмазбек Атамбаев ўртасидаги муносабатлар совуб кетган эди.

Собиқ ва амалдаги президент ўртасидаги қарама -қаршилик 8 ойдан бери давом этмоқда.

Атамбаев Шавкат Мирзиёев ҳақида

Алмазбек Атамбаев ўз интервьюсида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни “минтақада дўстлик ва ҳамкорлик муҳитининг шакллантирувчиси” сифатида тилга олди.

-У ерда Каримов борлиги пайтда алоқаларимиз жуда кескин эди. Чунки мен унга таъзим қилишни истамасдим ва газ учун ерларимизни беришни ҳам хоҳламасдим.Ўзбекистоннинг янги президенти билан эма менинг муносабатларим умуман бошқача эди. Буни дўстлик эмас, ака-укачилик муносабатлари деб атасак бўлади. Ўзбекистоннинг янги президенти фақат Ўзбекистонда эмас, балки минтақадаги вазиятни ўзгартирди. Бугун Марказий Осиёда тинчлик ва ҳамкорлик муҳитининг ҳукм суриши Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг меҳнати маҳсулидир, - деди Атамбаев.

XS
SM
MD
LG