Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:48

Апелляция суди хоразмлик журналист устидан дастлабки суд қарорини ўз кучида қолдирди


Хоразмлик журналист Давлат Назар. Сурат журналистнинг Facebook саҳифасидан олинди.
Хоразмлик журналист Давлат Назар. Сурат журналистнинг Facebook саҳифасидан олинди.

29 ноябрда Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида бўлиб ўтган апелляция суди мажлисида журналист Давлатназар Рўзметовнинг иши кўриб чиқилди ва 29 октябрдаги суд қарори ўз кучида қолдирилди. Бу ҳақда eltuz.com сайти хабар қилди.

Журналист шу йилнинг 29 октябрида Маъмурий кодекснинг 183-моддаси бўйича айбдор топилиб, 7 суткага қамалган эди.

29 ноябрда ўтказилган суд мажлисида Рўзметов 183-моддада кўрсатилган қонунбузарликларнинг ҳеч бирини содир этмагани, яъни ҳеч кимни ҳақоратламагани, уят сўзлар ишлатмагани, беҳаё қилиқлар қилмаганини айтган.

"Мен ҳокимият биносидаги мажлисда “қоғозни йиртаман”, “кун бўйи эшакдай ишлаб чарчаган одамларни кечаси мажлисда узоқ ушлаб ўтиришингиз тўғрими” деган сўзларни ишлатганим тўғри. Ушбу сўзларни ўз телефонимдан кўчириб, “йиртаман” , “эшак” деган жойини қирқиб олиб, қайтадан монтаж қилиб ўзимга қарши далил сифатида фойдаланишган. Овозимни ҳам худди ғирт маст одамникига ўхшатиб монтаж қилганлар. Сохта гувоҳлар ёллаб мени “мажлисда ўтирган ҳаммангни йиртаман” деди, “эшак” деб ҳақорат қилди, деб тушунча ёздириб олишган",- деган журналист.

Хабар қилинишича, прокуратура вакили Ж.Рахманов журналистнинг мастлик ҳолатини акс эттирувчи видеоёзувни судьяга тақдим этган. Судья тасвирни кўздан кечираётганда, Рўзметовнинг прокурорга қарата “менинг телефонимдаги бу тасвир сизнинг қўлингизга қандай тушиб қолди” деган саволига қораловчи лом-мим дея олмаган.

"Журналист ички ишлар ходимлари томонидан телефони тортиб олингани ва ундаги ёзувлар йўқ қилингани ва сўроқ пайтида калтаклаганини иддао қилди. Қораловчи томонидан тақдим қилинган видеоёзувни экспертизага беришни, гувоҳлар иштирокида ишини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.Суд унинг сўзларини жим эшитиб, бирданига “29 октябрдаги суд қарори ўз кучида қолади, суд мажлиси тамом” деган қисқа сўзлар билан ишини тугатди. Очиқ-ошкора ўтган суд мажлиси очиқ-ошкора адолатсизлик қилиб журналистга қарши ҳукм чиқарди",- деган судни кузатган журналистларнинг бири.

XS
SM
MD
LG