Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Халқаро ташкилот Азимжон Асқаров иши бўйича Европа Иттифоқига мурожаат қилди


Азимжон Асқаров
Азимжон Асқаров

Халқаро Human Rights Watch ташкилоти Европа Иттифоқидан Азимжон Асқаровни озод қилиш масаласида Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилишни сўради.

Ташкилот мактуби 10 декабрь куни бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи-Қирғизистон” конференцияси арафасида эълон қилинди. Унда қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси 2010 йилдан бери қонунга зид қамоқда сақланаётгани, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Асқаровни озод қилиш борасидаги 2016 йилги талаби бажарилмай келаётгани айтилган.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида истиқомат қилган ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланган. 2010 йил июнь ҳодисаларидан кейин у тартибсизликларни уюштиришда ва милиция ходимини ўлдиришда иштирок этганликда айбланиб умрбод озодликдан маҳрум қилинган.

2016 йил апрелида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Қирғизистонга мурожаат қилиб, ҳуқуқ ҳимоячисининг ишини қайта кўриб чиқишга чақирган эди. Қўмита ўз қарорини Азимжон Асқаров қонунга зид равишда ушлангани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва у оғир шароитларда ушлаб турилгани билан изоҳлаган эди.

Кейинчалик жиноий иш Чуй вилоят судида қайта кўриб чиқилди, ҳамда 2017 йил 24 январда чиқарилган қарор бўйича унинг умрбод қамоққа ҳукм қилинганини кучда қолдирди. Бироқ, бир қатор халқаро ташкилотлар ҳуқуқ ҳимоячиси қонунга зид равишда қамоқда ушлаб турилганини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG