Қирғизистонда 141 нафар давлат амалдорининг солиқ декларацияси Бош прокуратурага жўнатилди. Улар декларацияда даромадлари ва мулклари тўғрисида ёлғон маълумотларни берганликда гумонланмоқда.
1011 амалдордан 141 нафари мол-мулки тўғрисида ёлғон маълумот берган
Давлат солиқ хизмати раисининг ўринбосари Искендер Асилкулов бу хабарни изоҳлар экан, солиқ хизматига жами 60 минг нафар давлат амалдори декларация топширганини таъкидлади.
- Бугунги кунгача 1101 нафар сиёсий, маъмурий ва махсус лавозимларни эгаллаб турган шахсларнинг декларациялари текшириб бўлинди. Уларнинг ичида 141 шахс ёлғон маълумотларни берганликда гумонланмоқда. Уларнинг ишлари юридик баҳо берилиши учун Бош прокуратурага жўнатилди,-деб айтди Искендер Асилкулов.
Расмийнинг билдиришича, Бош прокуратурага юридик баҳо бериш учун жўнатилган солиқ декларацияларининг 19 таси сиёсий лавозимлардаги, қолганлари эса муниципал ва маъмурий хизмат лавозимларини эгаллаган шахсларга таалуқлидир.
Амалдорлар декларацияда нималарни яширдилар?
Искендер Асилкулов уларнинг декларациялари текширилганида кўплаб ер участкалари, қишлоқ хўжалик ерлари, кўп сонли автомашиналар, банк ҳисоблари қайд этилмай қолгани аниқланганини билдирди.
Бундан аввалроқ Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Дуйшенбек Зилалиев давлат лавозимини эгаллаб турган ҳолда ноқонуний равишда миллионлаб доллар бойликка эга бўлган, деган айблов билан қамоққа олинган эди.
Собиқ бош вазир ўринбосари олма сотиб бойиганмиди?
Солиқ хизматининг собиқ раиси, парламент депутати Исҳоқ Масалиев бош вазирининг собиқ ўринбосари уйидан топилган миллион долларга яқин пул ҳақида фикр билдирар экан:
-Зилалиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши катта муаммонинг кўтарилишига сабаб бўлди. Яъни, мол-мулки солиқ декларациясида кўрсатилган миқдорга тўғри келмаган давлат амалдорини қамаш керакми, деган савол пайдо бўлди. Бу саволга жавоб бериш учун, аввало бу мол-мулк ноқонуний йўл билан топилганини исботлаш зарур. Балки у бўш вақтида олма сотиб бойигандир? Шунинг учун бу масалада аниқ меъёрларни белгилаб олиш зарур,-деб айтди.
Депутат: Текширув тизимида одам омилини камайтириш зарур
Парламент депутати Абдивахап Нурбаев эса:
-Декларациядаги маълумотлар текширилиши тўғрисидаги қонун яқиндагина кучга кирди. Менимча, бу жараённи автоматлаштириш керак ва одам омилини озайтириш зарур. Маълумотларни автоматлаштирилган тармоқ воситасида текшириб, жамоатчиликка очиқ бўлган хулосаларни чиқариш лозим. Акс ҳолда декларацияларни текшириш тизимининг ўзи коррупциялашиб кетиши мумкин, -деб фикр билдирди.
Қирғизистонда кўп йиллардан бери давлат амалдорлари ҳар йили мажбурий тарзда солиқ декларацияси топширади ва бу декларацияда келтирилган маълумотлар матбуотда жамоатчиликка маълум қилинади.
Аммо декларациядаги маълумотлар нақадар тўғри эканини текшириш ва нотўғри маълумот берганларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги модда қонунчиликка 2017 йилнинг август ойида киритилган.
Ўзбекистонда қандай?
Ўзбекистонда ҳам амалдорларга даромадлари тўғрисида декларация тўлдириш мажбуриятини юкловчи меъёр қабул қилиниши ҳақида Ўзбекистон бош прокуратураси жорий йилнинг 25 январда хабар берган эди.
Хабарда айтилишича, вазирликларда 2018 йилгача мўлжалланган коррупцияга қарши кураш дастури ишлаб чиқилмоқда. Мазкур дастурда қайд этилган тартибга биноан давлат амалдорлари ва уларнинг оила аъзолари даромадлари ҳақида солиқ декларацияси тўлдиришлари керак бўлади.
Хабарда бугунги кунда мутахассислар декларация тўлдириш масаласини муҳокама қилаётгани ҳам айтилган. Муҳокама якунларига кўра, декларация тўлдириш мажбурий ёки ихтиёрий бўлиши эълон қилинади.
Лекин 2018 йил якунланаётганига қарамай, бу борадаги якуний қарор қандай бўлгани тўғрисида маълумотлар йўқ.