Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:07

Етти йил олдин университет домласини калтаклаган собиқ ҳокимнинг ўғли сўроққа чақирилди


Фалсафа фанлари номзоди Сирожиддин Ашуров
Фалсафа фанлари номзоди Сирожиддин Ашуров

Наманган давлат муҳандислик-технология институти собиқ доценти¸ фалсафа фанлари номзоди Сирожиддин Ашуровни бундан 7 йил олдин калтаклаган талабалар жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бу ҳақда Озодликка 69 яшар нафақахўр Ашуровнинг адвокати маълум қилди.

Ашуровнинг ўзи эса Озодликка етти йилдан буён бу ишга эътибор бермай келаëтган ҳуқуқ-тартибот органлари¸ порталга ëзганидан кейин тергов олди суриштируви бошлашганини билдирди.

Ашуровнинг адвокатига кўра¸ “ўқитувчини калтаклаган студентлардан бири юқори лавозимли амалдорнинг ўғли бўлгани учун мазкур воқеа ортидан етти йил мобайнида жиноят иши очилмаган”

Озодлик тасарруфида ўқитувчи калтаклангани ортидан олинган суд-тиббий экспертизаси хулосаси бор.

Хулосада Ашуровга ўрта ва енгил тарздаги тан жароҳати етказилгани таъкидланади.

Хулосага кўра¸ "тўмтоқ жисм билан урилган Ашуровда мия чайқалиши¸ бадан гематомаси¸ юз териси йиртилиши каби ўнлаб енгил ва ўрта тарздаги жарохатлар" бўлган.

Иккичи студентлар ўч олганмиди?

Озодлик суҳбатлашган Наманган Давлат университети ўқитувчисига кўра¸ “доцент Ашуров қониқарсиз баҳо қўйган Э.Б¸ У.А. С.Ғ исмли 4 курс талабалар уни калтаклаб кетишган”

"Сирожиддин домла бу студентларнинг системали дарс қолдиргани ва умуман саводсизлиги учун қониқарсиз баҳо қўйган эди. Студентлар ва уларнинг "акахон танкалари" ҳам домлага таъсир қилмади. Аламзада студентлар кечқурун пойлаб ўқитувчини уриб кетишди¸" деди исми сир қолишини сўраган ўқитувчи.

Калтаклаганлар ичида ўша пайтда вилоят ҳокими ўринбосари, кейин вилоятдаги туман ҳокимларидан бири бўлган ҳозирда ишсиз С.Анинг студент ўғли ҳам бўлган,” дея гапига қўшимча қилди у.

Озодликда ўқитувчини калтаклаганликда гумон қилинган уч студент ҳақида тўлиқ маълумотлар бор.

Нима бўлган эди?

Озодлик ўрганган материаллар ва жабрланувчи иддаосига кўра¸ 2012 йилнинг 17 февралида кечқурунги саккиз яримда институтдан чиқиб уйига йўл олган ўқитувчи калтакланган.

Сирожиддин Ашуров иддаосига кўра, уни орқадан келиб арматура билан солишган:

- Орқамдан пойлаб келиб 2 микрорайондаги овлоқ жойда орқамдан келиб арматура билан солди. Йиқилдим. Кейин ярим соатча тепкилаб қочиб кетишди¸ деди доцент.

У ўшандан кейин бир ҳафта муолажа олгани ва етти йил давомида безорилар жазоланишини талаб қилиб келаётганини айтди.

Наманган вилоят ҳуқуқ тартибот органларида мазкур ишни назорат қилаëтган мулозимнинг Озодликка айтишича, жиноят иши "асоссиз равишда тўхтаб қолган":

"Форма бир¸ форма иккилар рисоладагидай тўлдирилиб¸ суд-тиббий комиссияси хулосаси асосида айблов ҳужжатларини расийлаштириб бошланган, лекин сал ўтиб, асоссиз равишда тўхтаб қолган¸" дейди мулозим.

Иш бости - бости қилинган

Мазкур ишни ўрганаëтган адвокатнинг Озодликка айтишича¸ “Наманган вилояти ҳуқуқ тартибот органлари ва ҳокимлик мулозимлари 7 йил мобайнида бу ишни бости-бости қилишга уриниб келишган.

"Прокуратура органлари 7 йил ўтиб бу ишга эътибор қаратиб ишни қонуний ўзанда кўриб чиқилишига кечикиб бўлса ҳам безорилар жазоланишига умид пайдо бўлди¸" деди Сирожиддин Ашуровнинг адвокати.

Иш қайта очиладими?

Наманган вилоят ҳуқуқ тартибот органларида¸ мазкур ишни назорат қилаëтган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига келиб тушган ариза асосида Сирожиддин Ашуров иши назорат тартибида кўриб чиқилмоқда.

Наманган муҳандислик-технология институти собиқ доценти Сирожиддин Ашуровнинг Озодликка айтишича¸ жорий ҳафтада уни Наманган вилоят прокуратаси терговчиси Мелиқўзиев Баҳодир чақиртириб, “етти йил олдин бўлиб ўтган воқеа атрофлича ўрганилиб вазиятга қонуний баҳо берилишини ваъда қилган”.

Озодлик билан суҳбатда Сирожиддин Ашуров ўзини калтаклаган "безорилар" билан биргаликда уларнинг ишини бости-бости қилган "мулозим акахонлар" ҳам жазога тортилишини талаб қилди.

XS
SM
MD
LG