Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:20

Меҳмонхона қурган тадбиркорга харажатнинг бир қисмини давлат тўлаб беради


Тошкентдаги меҳмонхоналардан бири.
Тошкентдаги меҳмонхоналардан бири.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 январь куни видеоселектор йиғилишида “2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади”, деб айтди ва меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати қабул қилинганини билдирди.

Президент 5 январь куни “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Мазкур қарорга асосан кейинги 3 йилда 1,5 мингдан ортиқ меҳмонхона қуриш режалаштирилган. Бу билан 2021 йил охирига келиб Ўзбекистонда 50 044 та номерли 2 394 та меҳмонхона фаолият юрита бошлайди.

Қарорда билдирилишича, 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган 50 та хонадан кам бўлмаган 3 юлдузли ва 100 та хонадан кам бўлмаган 4 юлдузли меҳмонхонани қурган ҳамда жиҳозлаган инвесторга харажатларининг бир қисми Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади.

Қарорда айтилишича, инвесторлар харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан молиялаштириш миқдори йилига 3 юлдузли меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўмни, 4 юлдузли меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади.

Бундан ташқари қарорда: “Белгилансинки, дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 рейтингига кўра) фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотлар учун роялти франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги ҳажмда қисман молиялаштирилади:

дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида”, деб қайд этилган.

Меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси, моддий маданий мерос объектларининг ҳудуди ва муҳофаза зонаси ҳамда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участка бўлмаган тақдирда, қурилиш тугаллангандан сўнг инвесторга мулк ҳуқуқи асосида сотилиши мумкин.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани кузатилади.

Расмий маълумотда айтилишича, 2017 йилда Ўзбекистонга қарийб 2 миллион 700 минг, 2018 йилда 5 миллион 300 мингдан ортиқ турист келган. 2025 йилгача туристлар сонини 7 миллионга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG