Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:24

Фарғонада бузилаётган уйнинг яшовчиси юрак хуружидан ўлди (ВИДЕО)


Фарғона марказидаги А. Навоий кўчасида ярми бузилган 34-уй, 21 январь, 2019 йил
Фарғона марказидаги А. Навоий кўчасида ярми бузилган 34-уй, 21 январь, 2019 йил

Фарғона шаҳри марказидаги Алишер Навоий кўчасида бузилаётган уйлардан бирида яшовчи 44 яшар Виктор Аристов юрак хуружидан оламдан ўтди.

Яқинлардан олинган маълумотга кўра, кўчишни талаб қилган ҳокимият мутасаддилари ва оиласи ўртасидаги муаммога гувоҳ бўлган хаста Аристов инсульт бўлган, кейинроқ шифохонада вафот этган.

Шаҳар ҳокимлиги бу ҳодиса бўйича бирор изоҳ бермади, масъул ҳоким ўринбосарининг эса прокуратурага чақирилгани айтилди.

Бузилаётган уйда дафн

Шаҳар марказида бузилиши режаланган 32-уйда яшаган 44 яшар Виктор Аристов 19 январь куни шаҳар касалхонасида вафот этди.

Озодлик бу кўчада 10 га яқин уйнинг бузилаётгани ҳақида шу йилнинг 14 январида хабар қилган.

Аристовнинг қўшниларидан олинган маълумотга кўра, аслида гипертония касаллигидан азият чеккан марҳум сўнгги кунларда оиласи бошига тушган ташвишни кўтара олмай, инсультга учраган.

"Ҳокимиятнинг одамлари билан оиласи ўртасида тортишув бошланиб кетган. Ўшанда бу кишининг қон босими ошиб кетиб, юраги ушлаб қолган. Эртаси куни касалхонадан ўлигини олиб келишди", деди исмини ошкор этишни истамаган фарғоналик тингловчи.

Ҳодисани махсус ўрганган “Фарғона.ру” ахборот агентлигининг ёзишича, Виктор онаси ва укаси билан бирга яшаган. Гипертония касаллигидан азият чеккани боис, оиласи уйнинг бузилиши билан боғлиқ жанжалдан уни четда сақлашга ҳаракат қилган, аммо муваффақ бўлмаган.

"Оқибатда, фарғоналик гипертоник кризга учради, кейин эса - реанимация, кома... Шифокорлар ҳеч нима қилолмади", деб хабар қилди агентлик.

Фарғонада бузила бошлаган уйнинг яшовчиси юрак хуружидан ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:21 0:00

"Эски уй" ўрнига "янги уй"

Алишер Навоий кўчасида бузилиши бошланган кўпқаватли уйларда яшаётган оилаларнинг даъво қилишича, шу йилнинг 2 январида Фарғона шаҳар ҳокимлиги вакиллари келиб, 10 га яқин уй қисқа муддат ичида бузилишини маълум қилган.

Шу кунда томи қўпорилган уйларда яшаётган оилаларнинг айтишича, ҳокимият уларга таклиф қилаётган уй шаҳарнинг чеккасида, унинг яқинида на мактаб, на магазин бор​.

Бундан ташқари, ҳокимият янги, деб таклиф қилган кўпқаватли уй, Озодликка келган шикоятга кўра, чала битган ва шу боис, 10дан ортиқ оила, 3 ҳафтадирки, кўчишдан бош тортаётир.

Жумладан, ҳудуддаги 40-уйда яшаётган 80 яшар Галина Кокрякова норозиларга ҳокимият расмийлари босим қилаётганидан арз қилди:

- Мен Фарғонада туғилганман, асл фарғоналикман. Бу уйда оилам билан 1954 йиллардан бери яшайман. Энди шу уйимизни бузиб, бизни шаҳар чеккасига қувишмоқчи. Мен бунга асло рози эмасман.

Қуйида бузилаётган уй ўрнига таклиф қилинаётган уйдан, дея Озодликка йўлланган суратларни кўришингиз мумкин:

Қуйида эса Алишер Навоий кўчасидаги эгалари бузилишига қаршилик қилаётган хонадонлардан, дея йўлланган баъзи суратларни кўринг:

Бузилаётган уйларда яшаётган оилалардан олинган маълумотга кўра, ҳокимият вакиллари уларга шаҳар марказидан ҳам уй кўрсатган.

Аммо, таклиф қилинган уй, биринчидан бетон, иккинчидан хонадонлар майдони қарийб ярим баробарга кичикдир.

"Аслида биз оёқ тираб, уйдан чиқмаймиз, деб туриб олганимиз йўқ. Майли 5-10 метр квадратга кичик бўлса ҳам, шаҳар марказидан ғиштлик уй беришсин, деб илтимос қилаяпмиз. Мен ёш болаларим билан полсиз, бетон уйга қандай чиқаман?! Россиянинг Сибирида қийналиб, 12 йил ишлаб, шаҳар марказидан уй олсагу ҳали яшаб улгурмасимиздан шаҳар четига чиқариб юборишса - роса алам қиларкан", дейди исмини ошкор этмаган хонадон соҳибларидан бири.

"Эски раҳбар ваъдасини янгиси бажармади"

Бу оилалар Озодликка Фарғона шаҳар ҳокими имзолаган қарор нусхасини ҳам йўллаган.

​Фарғона шаҳар ҳокими Ҳамиджон Хабибиддинов имзолаган қарорда шаҳарнинг шу қисмида жойлашган 10 га яқин "маънан эскирган кўпқаватли уйлар"даги оилалар, улар билан нарх ва товон пулини белгиловчи комиссияси ўртасидаги эришилган шартнома асосида, кўчирилиши кераклиги белгиланган.

Айрим оилаларнинг айтишича, уйи бузилиши ҳақида илк бор -ўтган йилнинг ёзида оғзаки огоҳлантирган расмий - шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари шаҳар марказидан уй берилишини ваъда қилган эди.

Бироқ, шикоят қилинишича, эндиликда Фарғона шаҳар ҳокимининг янги мулозимлари бу ваъдани бажармаётир. Аксинча, ҳали одамлар кўчиб улгурмаган уйлар бузилмоқда.

Ҳоким жавоб бермади, ўринбосари эса "прокуратурада"

Озодлик 21 январь куни Фарғона шаҳар ҳокими Ҳамиджон Хабибиддиновнинг ёрдамчиси билан боғланди. Ўзини Муҳиддин, деб таништирган масъул ҳокимнинг бузилишлар бораётган ҳудудда экани, барча саволлар билан унинг ўринбосари Шарифжон Ниёзметовга боғланиш мумкинлигини айтди.

Сўнгра Озодлик Фарғона шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш ва коммунал хўжалик бўйича муовини Шарифжон Ниёзметовга боғланишга уринди. Аммо, Озодлик қўнғироқ қилган кезда - 21 январь Тошкент вақти билан соат 16:00 атрофида - Ниёзметовнинг телефонига жавоб берган ҳайдовчиси унинг прокуратурага (қайси прокуратурага экани айтилмади - таҳр.) чақирилганини айтди. Шу куни кечгача Ниёзметов билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Шу тариқа, Фарғона шаҳар ҳокимияти, Алишер Навоий кўчасидаги кўпқаватли уйлар ҳали одамлар кўчиб чиқмай туриб, бузилаётгани ҳамда бу аснода 44 яшар Виктор Аристовнинг юрак хуружидан вафот этганини изоҳсиз қолдирди.

Аммо, 14 январь куни Озодлик мухбири саволларига микрофонсиз жавоб берган ўринбосар, уйларни бузиш бошлаб юборилганини бу майдон 98 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратишга тайёр бўлган чет эллик инвесторларга бўшатилаётгани билан изоҳлаган эди.

Айни пайтда расмий барча оилаларни "рози қилиб" кўчиришни ҳам ваъда қилганди.​

"Маънан эскирган уйлар"

Расмий маълумотга кўра, Фарғона шаҳар марказидаги имкон қадар қисқа муддат ичида бузилиши режалаштирилган бу кўпқаватли ғиштин уйлар 1941-1945 йилларда қурилган ва улар маънан эскирган уйлар, деб ҳисобланади.

Расмий маълумотга кўра, шаҳарнинг марказий қисмида, 2011 йилдан буён, ички ва хорижий сармоя ҳисобига жами 12 йўналишда қурилиш-бунёдкорлик , ободончилик ишлари олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 12 июнида Фарғонага борганида, шаҳар марказида қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича маҳаллий расмийларга топшириқлар берган эди.

XS
SM
MD
LG