Россиянинг Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни 10 қаватлик уй ва маршрут таксисида юз берган портлаш ортидан махсус хизмат ва полиция ушбу воқеага алоқадорликда гумонланаëтганларни ҳибсга олишни давом эттирмоқда.
Мазкур жараëнда Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) томонидан ушланган жалолободлик 29 яшар Ҳусниддин Зайнобиддинов, яқинлари ва ҳимоячилари иддаосича, олти соат давомида қийноқларга солинган ва қилмаган жиноятларни бўйнига олишга мажбурланган.
Россия махсус хизматлари берган қоғозларга қўл қўймагани айтилаëтган Зайнобиддинов¸ яқинларига кўра¸ Қирғизистонга экстрадиция қилиниши мумкин.
Магнитогорскда облавалар кучайди
Россиянинг Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни содир этилган портлашлардан сўнг, маҳаллий ахборот воситаларига кўра, шаҳарда яшовчи марказий осиёликларни оммавий равишда ушлаб¸ уларнинг ҳужжатларини текшириш бошланган.
Хусусан “Комсомольская правда” нашри Магнитогорскда россиялик бўлмаган барча маршрутка ҳайдовчилари, “Гранд”, “Зелёный рынок” бозорлари, қурилиш объектларида меҳнат қилаётган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон гражданлари текширувдан ўтказилганини хабар қилди.
Айни пайтда маҳаллий полиция раҳбарияти бу рейдларнинг “оммавий зачистка” эмаслиги, шунчаки “профилактика ишлари” эканини таъкидламоқда.
Матбуотга кўра¸ 20 январь куни Магнитогорск шаҳрининг барча участковойларига ўз ҳудудларидаги ҳар бир квартирани кўздан кечириб чиқиш буюрилган.
Baza медиаҳойиҳаси¸ 31 декабрь куни Магнитогорскдаги маршрут таксисида портлаганлар шахси аниқланганини хабар қилди .
Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотга кўра¸ келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган ҳайдовчи Алишер Қаюмов автомашинада нобуд бўлганлардан биридир.
Россия фуқаролигини олган Қаюмов¸ нашр иддаосича¸ маршруткачи Маҳмуд Жумаев ва Алмир Абитов экани айтилаётган шахслар билан бирга Магнитогорскда портлаб кетган қўп қаватли бинода ижарада турганликда гумонланмоқда.
Қирғизистонлик қочқин қийноққа солингани иддао қилинди
Магнитогорскдаги облавалар пайтида полиция томонидан ҳибсга олинганлардан бири жалолободлик 29 яшар Ҳусниддин Зайнобиддиновдир.
Бу ҳақда илк маълумот тарқатган "Политазия" таҳлилий нашрига кўра, Зайнобиддинов¸ 2010 йилги Қирғизистондаги қонли воқеалар ва марҳум Қодиржон Ботиров уюштирган “ноқонуний митингга” алоқадорликда айбланиб, Бишкек томонидан халқаро қидирувга берилганлардан бири.
У 16 январь куни Магнитогорскда рафиқаси ва икки ойлик гўдаги билан ижарада яшаётган квартира олдида ФСБ ва полициячилар томонидан ҳибсга олинган.
Озодлик билан суҳбатда Ҳалимахон Зайнобиддинова полицияга олиб кетилган турмуш ўртоғининг олти соатли сўроқ давомида қийноққа солинганини айтади.
- Уни 6 соатча уришибди роса, қийнаб. 17 январь куни эрта билан уни кўргандим – аҳволига қараб бўлмайди! Биз уни ҳамма мелисахоналарни истадик. УВДда ўтирган экан. Улар менга телефон қилиб, овқат, носки-кийимларигача сўрашди. “Олиб бораман”, десам, “Ўзимиз олиб кетамиз”, деб битта милицияси келди. Бетлари кўкарган, кўзи қизариб кетган, қўллари ишиб кетган, бурни бир томонга қийшайиб қолибди, кўкариб... “Нимага бундай қилишди сизни?” деб бақирвордим мен, йиғладим. У менга “Бақирманг, мен бораман, картамда пулни олиб, болага қараб туринг”, деди. Менга нима бўлгани қандай қийнаганини айтиб берди. “Олти соат қийнашди, орқаларимга уриб, устимга ғишт тахтлаб, ток билан уришди. Токни улаб қулоғимга, калламга, ток уришди. Ўзимни йўқотиб қўйдим, сув сепишди”, деди, дейди Ҳалима.
Ҳалима Зайнобиддинова¸ эрининг гапига таяниб¸ маскадаги махсус хизмат ходимларининг бу сўроқ ва қийноқларни видеотасвирга ёзиб олганини айтади.
Эрини қийноққа солган орган ходимлари¸ суҳбатдошга кўра¸ уни содир этмаган жиноятни бўйнига олишни мажбурлаган. Бу ҳужжатларга қўл қўйишдан бош тортган Зайнобиддиновга нисбатан Магнитогорск шаҳар Орджоникидзе туман прокуратурасида “халқаро қидирувда бўлган шахснинг ҳибсга олиниши” юзасидан протокол тузилган.
Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга кўра, 2010 йилнинг 17 июнида Жалолобод шаҳар суди Қирғизистон Жиноят Кодексининг 233, 299 ва 174-моддаларида кўзда турилган жиноятларни содир этганликда гумонланаëтган Ҳусниддин Зайнобиддиновни қамоққа олиш тўғрисида сиртдан қарор чиқарган.
Магнитогорск шаҳар 2-сонли тергов изоляторида сақланаётган Ҳусниддин Зайнобиддинов яқин кунларда Қирғизистонга экстрадиция қилиниши мумкин.