Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:16

Уйида товуқ ёки мол боққанлар Пенсия жамғармасига пул тўласа, стажга эга бўлади


Ҳар бир оилани товуқбоқар қилиш дастури 2017 йилдаëқ ҳажв қилинган эди.
Ҳар бир оилани товуқбоқар қилиш дастури 2017 йилдаëқ ҳажв қилинган эди.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига кўра, эндиликда уйида товуқ ёки қорамол боққан одам, энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида (202 минг 730 сўм) тўласа, бир йиллик стажга эга бўлиши мумкин.

22 февраль куни Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ўзбекистонликларнинг мобил телефонларига смс жўнатди:

“Томорқада қорамол ёҳуд парранда боқувчи шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараварида тўлов амалга оширса, бир йил стажга эга бўлади. Пенсия жамғармаси”, дейилади смсда.

Ушбу смсни олганлардан бири, Озодликка унинг суратини ҳам жўнатди.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкентдаги бош офисидан олинган маълумотга кўра, қўлида мобил телефони бор барча ўзбекистонлик ушбу смсни олган.

“Ушбу смс Ўзбекистон бўйича барча операторлар провайдерлари орқали ҳаммага жўнатилди”, деди Пенсия жамғармаси мулозими ўзини таништирмаган ҳолда.

Мулозимга кўра, бу тадбир президентнинг махсус қарорига кўра амалга оширилмоқда.

Президент қарорида ёзилишича, деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёҳуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда боққан фуқаро Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўласа, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади.

“Уйида парранда боққан одам ишсиз ҳисобланмайди. У товуққа дон беради, сув беради. Тухумини олади, тухумини олиб чиқиб, сотади, болаларига едиради. Демак, у ўша товуқлар билан банд. У тухумни сотиб, даромад кўраяпти. Ана шу кўрган даромадидан, энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробарини Пенсия жамғармасига ўтказиб, қўйса, унга бир йиллик стаж ёзилади”, деди Пенсия жамғармаси мулозими.

Бугунги кунда энг кам иш ҳақининг бир баробари 202 730 сўмга тенгдир.

Мулозимнинг айтишича, товуқ ёки мол боқаётган одамнинг Пенсия жамғармасига пул ўтказиши мутлақо ихтиёрий равишда амалга оширилади.

“Фуқаро имкони етса, хоҳласа тўлайди. Имкони бўлмаса тўламайди. Тўласа, стажлик бўлади, тўламаса, йўқ. 202 минг 730 сўм бу бир йиллик тўлов. Йилда фақат бир марта амалга оширилади. Фуқаролар ўзининг ижтимоий ҳимоясини ўзи таъминласин деган маънода қилаяпмиз”, деди Пенсия жамғармаси мулозими.

Мулозимнинг айтишича, уйида товуқ ёки мол боққан шахс Пенсия жамғармасига пул тўлашдан аввал маҳалла фуқаролар йиғинидан “Уйида ҳақиқатдан ҳам парранда ёки қорамол боққанини тасдиқловчи маълумотнома”ни тақдим қилиши лозим.

Ҳар бир оилани товуқбоқар қилиш режаси президент Мирзиёевнинг 2017 йили Қорақалпоғистонда ўтказган селектор йиғилишида айтган гапларидан сўнг авжига чиққани айтилади.

Мирзиёев Ўзбекистон вилоятларидаги ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқиши шарт эканлиги ҳақида гапирганди. Бироқ президентнинг ушбу режаси кейинчалик, мағлуб бўлгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG