Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:10

Япониянинг Hayabusa2 станцияси олис астероидга қўнди


Ҳаёт ҳамда Қуёш тизими келиб чиқиши ҳақида кўпроқ билиб олиш учун Ердан 300 миллион километрда жойлашган астероиддан намуна олиш учун юборилган япон сайёралараро станцияси муваффақиятли равишда астероидга қўнди.

Бу ҳақда жума куни эълон қилинди. Япония фазо агентлигининг (JAXA) маълум қилишича, Hayabusa2 (“Хаябуса-2”) станцияси Рюгу астероидига қисқа вақтга қўнган. Қўнганидан сўнг, астероид сатҳига ўқ узган ва кўтарилган чангдан намуна олиб, кутиб туриш позициясига қайтган.

Hayabusa2 лойиҳасининг миссия менежери Макото Ёшикава ушбу мураккаб амалиёт кутилгандан тезроқ якунланганини ва муаммосиз кечганини билдирди. Астероидда 4,6 миллиард йил олдин юзага келган органик моддалар ҳамда сув борлиги тахмин қилинмоқда.

Кейинчалик Hayabusa2 астероид сатҳи остидан материал олиш учун унга қараб кучли импактор отади. Натижада минг йиллар давомида шамол ва радиацияга дучор бўлмаган “тоза” материалдан намуна олинади.

Олимлар ушбу намуналар ҳаёт ва олам ҳақида кўпроқ билиб олишимизга кўмаклашишига умид боғлаган.

Қиймати 270 миллион долларга баҳоланган Hayabusa2 миссияси 2014 йилнинг декабрида учирилган эди. Станция 2020 йилда тўплаган намуналари билан Ерга қайтиши кутилмоқда.

Hayabusa2 астероид сатҳини камералари ва сенсорлари билан кузатмоқда. Станция аввалроқ Рюгу сатҳига икки MINERVA-II, бир MASCOT роботини қўндирган эди. Ўтган йилнинг сентябрида астероидига қўндирилган MINERVA-II роботлари астероид сатҳида ўзи ҳаракатланиб, сурат олишга қодир тарихдаги илк роботлардир.

Рюгу сатҳига қўндирилган роботлар аллақачон Ерга маълумот юбора бошлаган.

Йирик совутгич ҳажмидаги Hayabusa2 қуёш панеллари билан жиҳозланган бўлиб, Hayabusa миссияси давомидир. Hayabusa станцияси 2010 йилда кичикроқ астероид парчаларини олиб Ерга қайтган эди.

XS
SM
MD
LG