Филология фанлари доктори, профессор Ботир Норбоев 72 ёшида оламдан ўтди.
Адабиётшунос Норбоев нафақат адабиёт бўйича фикрлари, балки «Қурултой» эшиттиришидаги сиёсий чиқишлари билан Озодлик мухлисларига таниш.
Ботир Норбоев мухолиф фикрлари учун ватанни тарк қилганлардан бири сифатида кўрилади.
«У ҳақ сўзлари ва Ўзбекистонни том маънода Мустақил ва Озод кўришни истаган ғоялари учун Каримов режими томонидан Ватандан қувғин қилинганди», дея ёзади мухолифатдаги «Ўзбекистон Халқ ҳаракати» Ботир Норбоев ҳақида.
Норбоев ўтган асрнинг 90-йиллари охиридан бошлаб Қозоғистонда яшаб, ижод қилди. Дастлаб Норбоев Чимкент шаҳридаги Жанубий Қозоғистон университетида талабаларга дарс берди. Кейинчалик «Туркистон тонги» газетасида ва Қозоғистон халқлари бирлиги жамиятида фаолият кўрсатди.
Умрининг сўнгги йилларида Туркияга ҳижрат қилган олим Норбоев Кастомону университетида «Туркистон адабиёти»дан дарс берди.
«Туркийлар учун ўрта тил масаласини кўтарардилар», дея хотирлайди Ботир Норбоевни таниқли журналист Карим Баҳриев Фейсбукдаги саҳифаси орқали.
Ботир Норбоев бир қатор халқаро матбуот, жумладан, Озодлик радиоси билан ҳам ҳамкорлик қилган.
Норбоевнинг яқинларига кўра, у хасталикка чалингач, Туркиядан Тошкентга келганди.
Марҳумнинг жанозаси 24 февраль куни Тошкентдаги "Оқтепа" масжидида ўқилиб, у шу ердаги қабристонга дафн қилинган.