23 февраль куни 42-сонли манзил колонияда жазо ўтаётган 62 яшар Сайжура Гадаева вафот этди. Маҳкуманинг ўлими ҳақида Озодликка хабар қилган манба, С.Гадаева касал бўлишига қарамасдан ишлашга мажбурлангани сабаб оламдан ўтганини иддао қилган. Бош прокуратура маҳкуманинг ўлганини тасдиқлади аммо ўлим сабабини унинг саломатлиги ёмонлашгани билан изоҳлади.
Маҳкума Сайжура Гадаеванинг ўлими ҳақида Озодликка хабар берган ва хавфсизлик боис исми ошкор қилинмаслигини сўраган манба иддаосига кўра, Гадаевани касал бўлишига қарамасдан колония ходимлари ишлашга мажбурлагани унинг ўлимига сабаб бўлган.
«1957 йилда туғилган Гадаева Сайжура 23 февраль куни соат 09.30 ларда вафот этди. Уни касал бўлганига ишонмасдан, устидан кулиб, ишга чиқишга мажбурлашди. Ҳозир колония ходимлари маҳкумаларни йиғиб, проверка пайтида «ҳеч нарса кўрмадик» деб айтишни тайинламоқда. Колония бошлиғи касалларни 2 соатлаб турғизиб қўяди. Колонияда маҳкумаларга тазйиқ ўтказиш, изоляторга ташлаш билан қўрқитиш оқибатида қон босими кўтарилишлар кўп бўлаяпти», дея иддао қилди маҳкуманинг ўлими ҳақида хабар йўллаган манба.
Республика Жазони ижро этиш Бош бошқармаси ходими Сайжура Гадаеванинг ўлимини тасдиқлади, бироқ маҳкуманинг касал ҳолида ишга олиб чиқилганини инкор қилди.
«Касал макҳумалар ишга олиб чиқилмайди. Гадаева ҳам касал бўлгани учун касалхонага ётқизилган. У касалхонада ўлди», дея гапни қисқа қилди Жазони ижро қилиш Бош бошқармаси ходими.
Ўзбекистон Бош прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, С. Гадаева ўлими юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, С.Гадаеванинг ўлими сурункали юрак ишемик касаллиги, кардиосклероз, миокардит, хафақон касаллиги, юрак қон томир фаолиятининг ўткир етишмовчилигадан келиб чиққанлиги аниқланган», дейилади Бош прокуратура маълумотида.
Шунингдек, Бош прокуратура маълумотида, С. Гадаева касаллигини айтгач, унга тиббий ёрдам кўрсатилгани таъкидланган.
«21 февраль куни С.Гадаева ишга чиқишдан аввал муасссаса маъмуриятига соғлиғидан шикоят қилгани учун, уни муассаса тиббиёт бўлимига ўтказилиб, 21-23 февраль кунлари ишга жалб қилинмасдан, муассасада стационар тартибда тиббий муолажа қилинган».
Бош прокуратурага кўра, С. Гадаева 23 февраль куни тиббий бўлимдан чиқарилган ва колония ётоқхонасига кетаётган пайти яна унинг мазаси қочган:
«Колония шифокори томонидан кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай С.Гадаевани вафот этганлиги аниқланган»
Ўзбек қамоқхоналаридаги маҳкумларнинг ўлимлари борасида одатда матбуотда хабар берилмайди. Шу пайтганча жамоатчилик назоратидан четда қолаётган қамоқхоналарда ўлаётган маҳкумлар сони бўйича статистик маълумотлар ошкор қилинмаган.