Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:20

Мирзиёев ортиқча вазндаги ИИВ ва мудофаа ходимларига озиш учун муддат берди


Президент Мирзиёев Наманганда, 1-март, 2019-йил
Президент Мирзиёев Наманганда, 1-март, 2019-йил

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти фаоллари билан йиғинда ИИВ ва Мудофаа вазирлиги ходимларини ортиқча вазн учун танқид қилди. Ўзбекистондаги қатор нашрларнинг хабар қилишича, президент бундай ходимларга озиши учун 3-6 ой муддат берилишини айтган.

Жумладан, Kun.uz, Daryo.uz нашрларининг ёзишича, Наманган вилояти фаоллари билан ўтган 1 март кунги йиғилишда президент ортиқча вазндаги формалилар масаласига алоҳида тўхталган.

"Бизга ортиқча вазнга эга зобит, ички ишлар ходими керак эмас. Бу ҳолатда қандай қилиб жиноятчини тутади? Спорт билан шуғуллансин. Бу менга эмас, ўзларига фойда. Муддат берамиз: уч ойми, олти ойми, шу вақт ичида ўзини ўнглаб, меъёрдаги вазнга тушсин", дея иқтибос келтирда президентдан Daryo.uz нашри.

Ортиқча вазн муаммосини президент 2018 йилнинг 9-ноябрида ўтказилган Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга оид видеоселектор йиғинида кўтарган эди.

Ўша йиғинда Мирзиёев "камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида" Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга экани, аҳолининг 46 фоизида қон таркибида меъёрдан ортиқ холестерин мавжудлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Мирзиёевнинг бу чиқиши ортидан Ўзбекистондаги қатор давлат идораларида ортиқча вазндаги ходимлардан озиш талаб қилинаётгани, айрим ташкилотларда эса ички йўриқномалар тарқатилаётгани хабар қилинганди.

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига сафарини 28 февраль куни бошлади ва 1 март куни вилоятдаги фаоллар, ҳокимият вакиллари билан йиғилиш ўтказди. Президент, одатдагидек, бу вилоятга ҳам катта миқдорда инвестиция киритиш, янги корхона, санаторий, мактаблар қуриш, ишчи жойлар яратиш бўйича йирик лойиҳалар ҳақида гапирди.

Дарвоқе, Мирзиёев Тўрақўрғон туманига ташрифи пайтида деҳқон бозори олдида кортежини тўхтатиб, одамлар билан мулоқот қилди.

Бу воқеа ҳақида хабар қилган Президент матбуот хизматининг 28 февралда ёзишича, Мирзиёев кортежини “кутилмаганда тўхтатган” ва "​халқ ичига кириб бориб, одамлар билан самимий мулоқот қилган".

XS
SM
MD
LG