Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Украина сайловларидан нималарни кутиш мумкин?


Россия Украина шарқида жойлашган Донбас ҳудудида сепаратистик ҳаракатларнинг авж олишига туртки берган. Оқибатда Кремл Украинани ўз таъсир доирасига қайтаришни кутган эди. Бироқ бу стратегия тескари натижа берди, дейди таҳлилчилар.

Украинанинг ғарбда Европа Иттифоқи ёки шарқда Москва билан иттифоқчи бўлиши афзаллигига доир баҳс-мунозаралар якунига етган кўринади. Аксарият аҳоли жорий ойда ўтадиган президентлик сайловлари Украинани Россия таъсиридан холи, мустақил келажак учун замин яратади деган умидда.

Совет даври якун топгандан буён Украина тарихида илк бор Россия ёки Европа Иттифоқини танлаш масаласи долзарблигини йўқотди. 43 даъвогар иштирок этаётган сайловларда Россия тарафдори бўлган номзодлар жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, навбатдаги муддатга сайланиш учун интилаётган амалдаги Президент Пётр Порошенко учинчи ўринда. Ҳажвчи Владимир Зеленский номзодлар ичида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Мамлакатнинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенко иккинчи ўринда бормоқда. Президент Порошенко икки рақибини ҳам “Кремлнинг агенти” деб атаган.

Айни дамда Россия тарафдори эканини очиқ билдирган номзод Юрий Бойко тўртинчи ўринда турибди. Бойко 2014 йилда Майдонда юз берган норозиликлар натижасида истеъфо берган собиқ авторитар президент Виктор Янукович маъмуриятида ишлаган. У собиқ бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Сайловнинг биринчи тури 31 март кунига белгиланган. Ижтимоий сўровларда Бойкога 10 фоиз одам овоз берган. Уни мамлакатнинг жануби-шарқий ҳудуди қўллаб-қувватламоқда. Бироқ сайлов кунига қадар Бойконинг ўз имкониятларини кенгайтириш эҳтимоли кам.

Мутахассис Татьяна Поповага кўра, Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши, Донбаснинг Донецк ва Луганск ҳудудлари оккупация қилиниши Россия тарафдори бўлган сайловчилар сонини кескин камайтириб юборган. Жумладан, Бойконинг сайловдаги имкониятларини ҳам чегаралаб қўйган.

Донбас ва Қрим сайловчилари одатда Россия билан қалин алоқадаги шахсларга овоз бериб келган. Бироқ навбатдаги сайловда улар иштирок эта олмайди. Сайлаш учун айрим тўсиқлар ўрнатилган. Овоз бериш учун Украина назоратидаги участкалар ёки чет элдаги консулликларга бориш керак бўлади.

“Рейтинг натижаларидан маълумки, Қрим ва Донбасдаги Россия тарафдори бўлган сайловчиларнинг бой берилиши Европа тарафдори бўлган сайловчиларнинг қўли баланд келишига сабаб бўлмоқда”, - дейди Попова.

Россия тарафидан қўлланган кенг қамровли босим украиналикларни ғазабга келтирган. Донбас тўқнашувида 13 минг киши ҳалок бўлган. Натижада, Украина аҳолисининг учдан икки қисми Россияни “агрессив мамлакат” деб ҳисоблайди. Ғарб билан яқинлашиш ва НАТОга аъзо бўлишни истайдиганлар сони ортган.

Бироқ Украина ўз ўтмишида баъзан шарқ, баъзан ғарб томон интилган. Шу нуқтаи назардан, Россияни мутлақо геополитик майдондан йироқлаштириб бўлмайди, дейди экспертлар.

“Ташқи алоқалар” журнали мухбири Константин Скоркиннинг ёзишича, мамлакат тарихида илк бор Россия таъсиридан холи мустақил сиёсий майдон яратилиши мумкин. Бироқ Украинани ўз таъсир доирасига қайтариш учун Кремл жиддий ва узоқ курашишини ҳам унутмаслик лозим.

XS
SM
MD
LG