Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:00

Одамлар ўлимига сабаб бўлган низо ортидан қирғиз-тожик ҳукумати бошлаган музокара якунланди


Қирғиз-тожик чегарасида низо чиққан ҳудудни қўриқлаётган қирғиз чегарачилари.
Қирғиз-тожик чегарасида низо чиққан ҳудудни қўриқлаётган қирғиз чегарачилари.

Қирғиз-тожик чегарасида 13-14 март куни одамлар ўлимига сабаб бўлган низо ортидан вазиятни барқарорлаштириш юзасидан бошланган икки давлат ҳукуматларининг музокаралари якунланди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги низодан сўнг юзага келган вазиятни юмшатишга қаратилган музокаралар 14 март куни бошланган эди. Икки давлат Бош вазирларининг ўринбосарлари даражасида ўтказилган учрашув 4 кун давом этди ва 18 март куни кечга яқин якунланди.

13 март куни бошланган низо пайтида қирғизистонликлар Тожикистоннинг Ворух анклави йўлини, тожикистонликлар эса Ақсай-Тамдиқ йўлини тўсиб қўйган эдилар.Сўзлашувлар натижасида бу йўллар очиладиган бўлди.

-Йўллар бугун очилади ва ҳеч қандай постлар бўлмайди. Икки мамлакат фуқаролари ҳам тўсиқларсиз ўтаверишади. Фуқаролар учун зарур бўлган йўллар қурилишини давом эттиришга келишдик. Энг асосийси – ўзаро тушуниб, манфаатларни ҳисобга олиб, бир қарорга келдик, -деди Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жениш Разақов.

Томонлар можаронинг чиқишига сабаб бўлган айбдорларни топишга, жабрланганларга келтирилган зарарни биргаликда тўлаб бериш борасида бир қарорга келдилар.

-Биз прокуратурага айбдорларни топишни топширдик. Негаки, одамлар ўлди, ҳар бирининг орқасида учтадан боласи қолди. Бу ачинарли ҳолат. Келажакда бундай ишлар қайталанмаслиги керак. Шу сабабли айбдорлар топилади ва жазоланади, -деди Тожикистон бош вазир ўринбосари Азим Иброҳим.

13-14 мартда Қирғизистоннинг Ақ-Сай ва Тожикистоннинг Меҳнатобод қишлоғи яшовчилари ўртасида Ақ-Сай-Тамдиқ йўлининг қурилиши юзасидан низо чиққан. Натижада бир неча одам жабрланган.

13-14 март кунлари қирғиз-тожик чегарасида чиққан низо пайтида отилган ўқлардан Тожикистоннинг икки фуқароси - Рафоуддин Тешаев ва Ҳусайн Ҳакимов ҳалок бўлди.

Қирғизистон томони эса уч фуқаро ўқотар қуролдан яраланиб касалхонага ётқизилганини билдирган.

Бундан ташқари ҳар икки томондан биттадан уй ва автомашина ёқиб юборилгани ҳам айтилган.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, қирғиз-тожик чегарасида 13-14-март куни содир бўлган воқеалар бўйича 7 жиноий қўзғатилди.

Маълум бўлишича, жиноят ишлари “Оммавий тартибсизлик”, “Қароқчилик”, “Миллий нафрат туфайли таҳдид қилиш” каби моддалар бўйича қўзғатилган.

Терговни Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида ҳамкорликда тузилган қўшма тергов гуруҳи олиб боради.

XS
SM
MD
LG