Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:57

Қозоғистоннинг иккинчи президенти қасамёдга келтирилди. Остона номини Нурсултонга ўзгартириш таклиф қилинди


65 ёшли Қосимжўмарт Тўқаев 43 йилдан бери сиёсатнинг ичида.
65 ёшли Қосимжўмарт Тўқаев 43 йилдан бери сиёсатнинг ичида.
1 ДУНË Қозоғистоннинг иккинчи президенти қасамёдга келтирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00

Назарбоевнинг ишонган одами

Қозоғистон Сенатининг раиси Қосимжўмарт Тўқаев 20 март куни вақтинча президент сифатида қасамёдга келтирилди. Конституцияга мувофиқ¸ Сенат раиси амалдаги президент ўз вазифасини бажаролмай қолганида ёки истеъфо берганида навбатдаги сайловга қадар президент ваколатини бажариб туради.

Тўқаевни қасамёдга келтириш маросими қозоқ парламенти палаталарининг қўшма йиғилишида, маҳаллий вақт билан соат 12да ўтказилди.

Қозоғистонни 30 йил мобайнида бошқарган 79 яшар Назарбоев 19 март куни халққа қилган жонли телемурожаатида истеъфога чиққанини билдирган эди.

Назарбоев ўз истеъфоси ҳақида баёнот берар экан Тўқаевни: “Қозоғистонни бошқариш учун биз ишонч билдирадиган одам”, деб атаган эди.

Янги президент ишни Назарбоев номини абадийлаштиришдан бошлади

Қосимжўмарт Тўқаев президент сифатида қасамёдга келтирилганидан сўнг сўзлаган нутқини Нурсултон Назарбоевни алқашга бағишлади.

Янги президент Назарбоевни Қозоғистоннинг “абадий элбошиси, миллат отаси” қаторида сифатлади ҳамда унинг номини абадийлаштириш йўналишида қилинадиган ишларни санаб ўтди.

-Пойтахтимиз президентимиз номи билан Нурсултон деб аталиши лозим. Мамлакатимиз пойтахтида Қозоғистоннинг биринчи президенти шарафига монумент ўрнатилади. Барча шаҳар ва вилоят марказларининг асосий кўчаларига Нурсултон Абишевич Назарбоев номи берилади. Мен элбошимиз мамлакатимизнинг энг олий мукофоти -Халқ қаҳрамони унвонига муносиб деб ҳисоблайман. Унинг суратлари давлат ва бошқа барча муассасаларда давлат рамзи сифатида сақланиб қолинади. Парламент қабул қилган қонунга асосан Нурсултон Абишевич Назарбоев умрбод ва ягона элбоши-миллат отаси бўлиб қолади, -деди Қосимжўмарт Тўқаев ва нутқи сўнггида Назарбоевга Халқ қаҳрамони унвонини гулдурос қарсаклар остида топширди.

Назарбоев бундан ташқари «Нур Отан» партияси лидерлигини, Хавфсизлик кенгаши раиси ҳамда фахрий Сенатор лавозимини ўзида сақлаб қолди.

Назарбоевга берилган кафолатлар

2010 йили мамлакат парламенти Нурсултон Назарбоевга Элбоши мақоми берган ва бу мақомга кўра¸ Биринчи президент дахлсизлиги у президентликдан кетганидан кейин ҳам сақланади.

Бу ҳақдаги қонунга мувофиқ¸ Элбоши умрининг охиригача ҳибсга олинмайди, тинтув ва сўроқ қилинмайди¸ айни пайтда унинг оила аъзолари мол-мулки дахлсизлиги бир умр сақланади.

Қосимжўмарт Тўқаев ким?

65 ёшли Қосимжўмарт Тўқаев Қозоғистон ташқи ишлар вазири, Бош вазир лавозимларида ишлаган.

Москва Халқаро алоқалар давлат институтини битирган Тўқаев БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Европа ваколатхонаси раҳбари бўлган.

У қозоқ, рус, инглиз, француз ва хитой тилларини билади. 65 ёшли Қосимжўмарт Тўқаев ҳаётининг 43 йилини сиёсатга бағишлаган. У 22 ёшида СССРнинг Индонезиядаги элчихонасида меҳнат фаолиятини бошлаган.

2013 йилда у Қозоғистон Сенатининг раиси лавозимига сайланган эди. Қозоғистонда у Назарбоевнинг энг содиқ тарафдори сифатида тилга олинади.

Кейинги сайловда президентни Назарбоев сайлайди

Қосимжўмарт Тўқаев Назарбоевнинг президентлик муддати якунланадиган 2020 йилга қадар президент вазифасини бажаради.

Қозоғистонлик сиёсатчилар Назарбоев истеъфога кетган бўлса ҳам, Қозоғистон сиёсатида унинг таъсири сақланиб қолинишини айтмоқдалар.

Қозоғистонлик сиёсатчи, узоқ йиллар ҳукумат ва Бош вазирларнинг матбуот котиби бўлиб ишлаган Эмиржан Тасанов 2020 йилда бўладиган сайловда янги президентни ҳам Назарбоев танлайди, янги президент Тўқаев бўлмаслиги ҳам мумкин, деб ҳисоблайди:

-65 ёшли бу сиёсатчи сиёсатда, жумладан, халқаро даражада катта тажрибага эга. Бироқ Нурсултон Назарбоев ҳукмрон «Нур Отан» партияси лидерлигини ўзида сақлаб қолди. Кейинги сайловда президентликка номзодни айнан мана шу партия кўрсатади,-деди Эмиржан Тасанов.

XS
SM
MD
LG