Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

OzodDayjest: Олий суд ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларни тақиқлади


Вазир ўринбосари сўнгги 25 йилда маданий меросни муҳофаза қилиш тизими инқирозга учраганини тан олди. Вазир Шодмонов ўз вазифасига совуққон шифокорлар юзасидан саволга тутилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Вазир ўринбосари маданий меросни муҳофаза қилиш борасида муаммолар жуда кўп эканини тан олди

Ўзбекистоннинг маданий, моддий ва номоддий меросини муҳофаза қилиш борасида муаммолар жуда кўп, деб ҳисоблайди Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова (“Даракчи”, 21 март).

Қайд этилишича, бу муаммолар сўнгги чорак аср давомида йиғилган. “Меросимизни сақлаш тизими юртимиз мустақиллигининг 25 йилида яроқсиз аҳволга келиб қолди, у буткул йўқолган десак ҳам бўлади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон архитектура ёдгорликларини реставрациялаш бўйича лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти ёпилган. Натижада бу соҳадаги малакали мутахассислар жуда кам қолган” дейди вазир ўринбосари.

Айтилишича, айни пайтда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тизимини тиклашга ҳаракат қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал “Миллий тикланиш” партияси раиси Сарвар Отамуродов Маданият вазирлигининг маданий мерос объектларини муҳофаза этиш йўналишидаги фаолиятини кескин танқид қилган эди.

Экстремистик саҳифалар рўйхати Олий суд ва Адлия вазирлиги сайтида эълон қилинади

Ўзбекистон Олий суди ижтимоий тармоқларда экстремизм ва терроризмни тарғиб қилувчи профиль, канал ва саҳифаларни мамлакат ҳудудида тарқатиш, сақлаш ва намойиш этишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди (“Ҳуқуқ”, 21 март).

Ушбу қарор Бош прокуратура аризасига кўра қабул қилинган. “Мазкур қарор қонуний кучга кирганидан сўнг экстремистик ва террористик деб топилган профиль, канал ва саҳифаларнинг рўйхати Адлия вазирлиги ҳамда Олий суднинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади” деб хабар беради Бош прокуратура вакили Хушнур Максудов.

Олий суднинг бу борадаги қарори қачон кучга кириши очиқланмаган.

Қайд этилишича, Телеграм тармоғидаги “Абу Салоҳ дарслари”, “Жаннат ошиқлари”, “Шом овози”, “Тавҳид ва жиҳод” профиллари, шунингдек, Youtube ва Facebook’даги “Агар айтсалар айтгин”, “Ҳукм кимники”, “Саҳобалар жиҳодидан лавҳалар”, “Шом фазилатлари”, “Қуръондаги қиссалар”, “Тўғри манҳаж” мавзуларидаги маърузалар экстремистик ғоялар тарғиб этилган.

Вазир Шодмонов ўз вазифасига совуққон шифокорлар юзасидан саволга тутилди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов соҳа вакилларига жисмоний тазйиқлар кўпайиб бораётгани, хусусан, 2017-2018 йилларда 300 га яқин ҳолатда беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилинганини маълум қилди (“Оила даврасида”, 21 март).

Маҳаллий матбуот мазкур ҳолатни рад этмаган ҳолда, вазирни соҳадаги муаммоларга ҳам эътибор қаратишга ундаган.

“Вақтида кимгадир тиббий хизмат кўрсатишдан бўйин товлаётган шифокорлар, шифохоналардаги узундан-узоқ навбатлару таниш-билишчиликлар кўринишидаги “айрим” муаммоларни ҳам сиз айтаётган масала билан биргаликда олиб чиқсангиз адолатдан бўлмайдими? Сўнгги йилларда аҳолиси сезиларли кўпайган Сергели ва бошқа шунга ўхшаш туманларда битта ҳам болалар шифохонаси йўқлигидан сизнинг хабарингиз борми?” дейилади вазирга йўлланган очиқ хатда.

Муаллиф вазирдан, шунингдек, тиббиёт вакилларининг айби билан ҳаётдан бевақт кўз юмганлар сони бўйича ҳам статистикани тақдим этишни сўраган.

“Ҳуқуқ билан бурч ҳамиша ёнма-ён туриши зарур. Шифокорларга тажовузлар кўпаймоқдами, демак, соҳада ҳал этилиши шарт бўлган талай муаммолар бор” деб ёзади муаллиф.

XS
SM
MD
LG