Қащқадарё вилоятида шанба куни босиб келган сел кўплаб талафотларга сабаб бўлди.
Қамаши ва Деҳқонобод туманларида дарёдай оқиб ўтган сел баъзи жойларда аҳоли уйларини ювиб кетган.
Қамаши тумани Лангар ота қишлоғида ўнлаб уйга жиддий шикаст етган.
Одамларнинг уйсиз қолгани ва вақтинчалик яқинларининг уйига чиқиб тургани айтилмоқда.
Талофат миқёси борасида бирор расмий маълумот йўқ.
Деҳқонобод тумани Оқработ қишлоғида кучли ёмғир ёғиши оқибатида ер сатҳи чўкиб, темир йўл остидаги ер чўккан.
Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида темир йўл вақтинча ёпиб қўйилган.
"Ўзбекистон темир йўллари" ширкатига кўра, йўлда тўхтаб қолган поезд йўловчилари автобусда олиб кетилган.
Ширкат шанба куни кечга яқин поезд қатнови тикланишини маълум қилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Қашқадарё вилояти бўлими расмийсининг Озодликка маълум қилишича, табиий офат оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.
Ўзбекистон тоғли ҳудудларида баҳор келиши билан сув тошиш ва сел келиш ҳоллари тез-тез учраб туради.