Amnesty International коррупцияда айбланиб қамоқда сақланаётган Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров қийноқларга солинган бўлиши эҳтимолидан ташвиш билдирди.
Amnesty International 8 апрель куни бу борада президент Шавкат Мирзиёевга йўлланган мактубни эълон қилди. Мактубда халқаро ташкилот ўзбек президентини “Рашитжон Қодиров ва у билан бирга тергов қилинаётган 12 нафар шахсни қийноқларга солинишдан, ноинсоний муносабатдан ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда зарур бўлган малакали тиббий ёрдам олишига имконият яратиб бериш”га чақирган.
Халқаро ташкилот мактубида “ишончга сазовор манбалар” 2018 йилнинг 21 февраль куни қўлга олинган Рашитжон Қодиров “жисмоний зўравонликка дучор этилгани, унинг ухлашига тўсқинлик қилингани ва бошқа ноинсоний муносабатларга дуч этилгани” тўғрисида маълумот берганлари билдирилади.
Жорий йилнинг 18 март куни терговга яқин бўлган ҳуқуқшунос Озодлик радиосига Рашитжон Қодировни тергов қилган Бўка туман прокурори лавозимида ишлаб келган Баҳром Қобилов ҳибс қилинганини билдирган эди.
Манбанинг айтишича, “қўлга олинган Қобилов Ўзбекистон собиқ прокурори Қодировни тергов қилиш пайтида унга ва ушбу жиноят иши фигурантларига нисбатан қийноқ ва рухсат берилмаган тергов усулларини қўллаганликда айбланган”.
Ўзбекистонга 15 йил Бош прокурор бўлган 67 яшар Рашитжон Қодиров Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган энг юқори лавозимли собиқ раҳбардир.
2019 йилнинг 7 январь куни Рашитжон Қодировга нисбатан суд жараёни бошлангани ва суд ёпиқ ҳолатда ўтаётгани хабар қилинган эди.
1 март куни эса Озодлик манбалари жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида давлат айбловчиси судланувчи Рашитжон Қодировга янги айблов эълон қилганини айтган эдилар.
Собиқ Бош прокурори эндиликда жиноий уюшма ташкил этишда ҳам айбланмоқда. Қодировнинг жиноий шериклари сифатида судланаётган 12 кишига жиноий уюшмага аъзолик айблови қўйилган.
Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди.
Ҳозирча суднинг қанча давом этиши¸ унинг қачон ҳукм чиқариши ҳақида маълумот йўқ.