Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Ҳукумат "ваҳобийлар раҳнамоси" деб атаган Руҳиддин Фахриддинов қамоқдан манзил колониясига ўтказилди


Собиқ имом Руҳиддин Фахриддинов. (Сурат "Ўзбекистон" телеканалида тайёрланган кўрсатувдан олинди)
Собиқ имом Руҳиддин Фахриддинов. (Сурат "Ўзбекистон" телеканалида тайёрланган кўрсатувдан олинди)

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли 13-жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган Тошкентдаги “Хўжа Нуриддин” масжидининг собиқ имоми Руҳиддин Фахриддинов Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 14-сонли манзил колонияга ўтказилди.

52 яшар Руҳиддин Фахриддинов 2006 йил ёзида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 158 (“Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш”), 159 (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”), 242 (“Жиноий уюшма ташкил этиш”) ва 244 (“Оммавий тартибсизликлар”) каби қатор оғир моддаларида айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Манзил колонияси

Яқинларининг Озодликка айтишича, Руҳиддин Фахриддинов 13 апрель куни Тоштурмага келтирилган ва у ердан 16 апрель куни Зангиота туманидаги манзил колониясига ўтказилган.

Маҳкумнинг турмуш ўртоғи Раҳима Аҳмадалиева 17 апрель куни Озодлик билан суҳбатда яқинлари унинг бутунлай озод этилишини кутгани¸ Фахриддиновнинг манзил колониясига ўтказилганидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.

- Улар манзил колониясига ўтказилишни умуман қабул қилолганлари йўқ. Аллоҳнинг кадарида бор экан, деб ўзларига таскин бердилар. Бошқа иложи йўқ, - деди Раҳима Аҳмадалиева.

У турмуш ўртоғининг бутунлай озод этилишига яна 4,5 йил қолганини айтаркан, собиқ имомга нисбатан 13,5 йил ичида бирор марта афв қўлланилмаганидан шикоят қилди.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқ фаоллари Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган "Хўжа Нуриддин" масжиди собиқ имомининг ҳозирга қадар озодликка чиқмаганини унга нисбатан қўлланилган жазонинг оғирлиги билан изоҳлашди.

"Ваҳобийлар раҳнамоси"

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Руҳиддин Фахриддинов 90-йиллар ўрталаридан Ўзбекистонда "исломий давлат қуриш йўлини танлаган турли экстремист оқимлар", жумладан, ваҳобийлар оқими раҳнамоларидан бирига айланган.

Таниқли имомнинг номи Ўзбекистонда 90-йиллар ўрталаридан кейинги ноқонуний диний ташкилотларга алоқадорлик айбловлари илгари сурилган кўплаб маҳкамада тилга олинган.

Маҳкамаларда Фахриддинов "Ваҳобийлик" оқимининг руҳоний раҳбарларидан бири сифатида тақдим қилинди.

Аммо яқинлари Руҳиддин Фахриддиновнинг эсктремистик оқимларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни рад этиб келади.

Совет Иттифоқи давридаги Ўзбекистон ССР Ўрмон хўжалиги вазири Фазлиддин Фахриддиновнинг фарзанди бўлган Руҳиддин Фахриддинов Тошкент Давлат Шарқшунослик Институти араб тили бўлимини тугатган.

Шарқшунослик институтида таълим олиш жараёнида Фахриддинов 1989-90 йилларда собиқ Совет Иттифоқининг талабалар алмашинуви дастури доирасида Қувайтда таълим олган.

1992 йилдан беш йил давомида Тошкентдаги "Хўжа Нуриддин" масжиди имом-хатиби бўлган.

Танишлари ва оила аъзоларига кўра, айнан бу давр ичида Руҳиддин Фахриддинов ҳукумат босимларига учрай бошлаган ва 1997 йилда вазифасидан истеъфо беришга мажбур бўлган.

Истеъфосидан кўп ўтмай Қозоғистонга чиқиб кетган Фахриддинов 1998 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилган.

Ҳибс ва жазо

Қидирувга берилганидан 7 йил ўтиб¸ 2005 йилнинг 24 ноябрида Руҳиддин Фахриддинов, “Тўхтабой” масжидининг собиқ муаззини Абдураҳмон Иброҳимов ва масжид иш юритувчиси Абдурауф Холмуродов каби ўзи дохил 9 диндор билан бирга Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Чимкентда ўтказган қўшма амалиёт чоғида ҳибсга олинган.

Руҳиддин Фахриддинов 2006 йил ёзида Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор, жумладан 158 (“Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш”), 159 (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”), 242 (“Жиноий уюшма ташкил этиш”) ва 244 (“Оммавий тартибсизликлар”) каби қатор оғир моддаларда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Руҳиддин Фахриддиновни эътиқод маҳкумлари рўйхатига киритган.

XS
SM
MD
LG