Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

Ўзбекистон ЕХҲТ танқиди ортидан сайтлар блокланиши фактларини ўрганиб чиқишга ваъда берди


Комил Алламжонов
Комил Алламжонов

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили А. Дезирнинг баёнотини билан танишиб чиқди ва айрим янгиликлар веб-ресурсларига кириш муаммолари борасидаги фактларни диққат билан ўрганиб чиқади.

Бу ҳақда тилга олинган Агентлик раҳбари Комил Алламжонов баёнот берди.

Алламжоновга кўра, “Агентлик ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили билан ҳар қандай масалада мулоқот қилишга ва ахборот соҳасида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга доимо тайёр”.

Агентлик раҳбари ўз баёнотида “Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги жамиятни демократлаштириш, мамлакатда ОАВнинг ролини ошириш ва ошкораликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ОАВ ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, журналистлар мавқеи ва давлат органлари очиқлик даражасини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошираётганини” эслатиб ўтган.

ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини одамларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида онлайн нашрларни блоклаш амалиётидан воз кечишга чақиргани тўғрисида аввалроқ хабар қилган эдик.

ЕХҲТ расмий сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, Ўзбекистонда Fergana.Agency, Ozodlik, Eurasianet.org, AsiaTerra ва Uzmetronom каби қатор сайтларга киришда муаммолар мавжуд.

“Мен ҳукуматга онлайн ОАВларга тўсиқларсиз киришни кафолотловчи ислоҳотларни ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилдим. Такрор айтаманки, ҳар қандай блоклаш чоралари халқаро меъёрлар асосида ва фавқулодда ҳолатлардагина қўлланилганида ўзини оқлайди”, деб билдирган Арлем Дезир.

ЕХҲТ вакилининг билдиришича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилда қабул қилинган “Интернетда экстремистик, пропагандистик ва нафрат қўзғатувчи контентни жойлаштирган” сайтларни блоклашга рухсат берувчи қарор ҳам ҳукуматга ёқмайдиган хабарларни тарқатаётган онлайн нашрларни тўсиб қўйишга омил яратмоқда.

Арлем Дезирга кўра, ҳукумат мазкур қарор асосида блоклаш мумкин бўлган тақиқланган нашрларнинг рўйхатини ва аниқ меъёрларини шу кунгача ишлаб чиқмаган.

Комил Исмоилович Алламжонов жорий йил февралида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

Ўтган йил октябрида Алламжонов президент администрацияси раҳбари ўринбосари - Ўзбекистон президенти матбуот котиби лавозимидан озод қилинган эди.

Комил Алламжонов 2017 йил декабрида президент матбуот котиби ва давлат раҳбари ижро аппарати раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG