Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:32

Зангиота колониясида подполковник ўз хонасида осилган ҳолда топилди


Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш Бош бошқармасининг Тошкент вилояти манзил колонияси Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили подполковник Асомхўжа Аброров 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси ўз кабинетида арқон билан осилган ҳолатда топилди.

Бу ҳақда Озодликка Зангиота туманидаги манзил колониясининг тезкор ходими маълум қилди.

Бу хабарни тасдиқлаган Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш Бош бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган вакилларига кўра¸ подполковник Асомхўжа Аброров “суицидал руҳий тушкунлик симптоми боис ўз жонига қасд қилган”

Қамоқхона ходими Асомхўжа Аброровнинг суицидга мойил бўлгани ҳақидаги тиббий хулоса Озодликда йўқ.

Марҳум яқинларининг Озодликка айтишича, подполковник Асомхўжа Аброровнинг жасади патоло-анатомик текширув ортидан 28 апрель куни оиласига берилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда.

"Тушкунлик" ва "Руҳий босим"

Асомхўжа Аброров яқинларидан бирининг Озодликка айтишича¸ жасадни берган жазони ижро этиш Бош бошқармаси ходимлари унинг "тушкунлик боис" ўзини осганини айтганлар.

Суҳбатдошга кўра¸ марҳум подполковник бундан бир ой олдин Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри ИИБ бошлиғининг 1- ўринбосари лавозимидан озод қилиниб, Зангиотадаги қамоқхонага ишга ўтказилганидан норози бўлган.

Озодлик билан суҳбатлашган манзил колониясининг тезкор ходими эса “иш жараëнидаги ортиқча зўриқиш ва руҳий босим оқибатида” Асомхўжа Аброров руҳий депрессияга тушганига ишонади:

- Нагрузка катта. Зеклар билан ишлаш одамни толиқтиради. Қонунга кўра¸ Ўзбекистонда иш куни - 8 соат. Шанба-бозор дам олиш керак. Аммо биз кунига 18 соатдан дам олишсиз ишлаяпмиз¸ - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ходимлар бўлими вакили ҳам Озодлик билан суҳбатда "шахсий таркиб зобитларининг зўриқиш билан ишлаëтганлигини" тан олди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси “мазкур ҳодиса юзасидан текширув” бораëтганлигини Озодликка маълум қилди.

Худкушлик васвасаси

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўз жонига қасд қилгани ҳақида Озодлик қатор мақолалар эълон қилган.

2015 йилнинг декабрь ойида Андижон вилояти Балиқчи туманининг Чинобод шаҳарчасида милиция ходими ўзини осган эди.

Ўша йилнинг ўзида Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлими бошлиғи ўринбосари, 30 яшар Улуғбек Мамараҳимов ўз жонига қасд қилганди.

Бундан олдин Тошкентнинг Чилонзор тумани ички ишлар бўлимининг 29 ёшли капитани Сарвар Ҳамидов иш жойида тўппончасидан ўзини отгани ҳақда Озодлик хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG