Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Асакадаги машина заводини танқид қилди.
Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти ҳокимлигида бўлган фаоллар йиғилишида GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи ҳақида тўхталиб, бу корхона етарли ишчи ўрни яратмаётганини айтди.
"10 минг ишчи ўрни яратмаса бундай завод бизга керакмас", деди президент.
Мирзиёевга кўра, Андижон вилоятида 134 минг киши ишсиз, 283 минг киши хорижга ишлашга кетган.
"417 минг кишига, яъни меҳнатга яроқли аҳолининг 30 фоизи учун иш ўринлари керак", деди президент.
Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг майида Андижон вилоятига ташрифи чоғида ўтказилган видеоселекторда ҳам Асака автомобиль заводи фаолиятини танқид қилган эди.