Ўзбекистон хабарлари
Божхонанинг собиқ раҳбари Муиджон Тоҳирийга суд ҳукми ўқилди
Давлат божхона қўмитасининг собиқ раиси Муиджон Тоҳирий уч йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилди.
«Газета.uz» нашрининг 20 майда билдиришча, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди 16 май куни Тоҳирийга мана шундай ҳукм чиқарган.
Муиджон Тоҳирий Жиноят кодексининг 167 -(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 207 -(мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209- (мансаб сохтакорлиги) моддалари билан айбдор деб топилган.
Шунингдек, у 3 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди ҳамда энг кам иш ҳақининг 400 баробари, яъни 81 миллион 100 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
2016 йилдан 2018 йилгача божхона қўмитасига раислик қилган Муиджон Тоҳирий 2018 йил декабрида коррупцияда айбланиб қўлга олинган эди.
Тохирий божхона қўмитасига раислик қилгунига қадар Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, 2013 йилдан президент Ислом Каримов хавфсизлик хизматининг бошлиғи бўлиб ишлаган.
Кун янгиликлари
Бухорода икки минг йиллик аслаҳалар топилди
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Пойкент манзилгоҳидан милоддан аввалги I ва милодий I асрларга оид қурол-аслаҳа ҳамда бошқа осори атиқалар топилди.
“Халқ сўзи” газетаси хабарига кўра, нодир ашёлар саклар ва массагетлар даврида ибодатхона вазифасини ўтаган ҳудудда олиб борилган археологик қазишмалар пайтида аниқланган.
Топилмалар орасида турли ўлчамдаги ханжарлар, ниқоб бўлаклари, камон ва найза учлари, аскарлар зирҳлари, қўл жангида ишлатиладиган металл узуклар бор.
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси реставратори Дилмурод Холовга кўра, бу Марказий Осиёда топилган энг қадимий металл қуроллар коллекциясидир.
Олимлар қазишма жараёнида оловни ташишда ишлатилган қўнғироқ ҳамда вазифаси ҳали аниқланмаган айлана шаклдаги қурилмани ҳам топишган.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти археологлари ва Россия Давлат эрмитажининг Бухоро экспедицияси Пойкент харобаларида 43 йилдан буён тадқиқот олиб боради.
Айни пайтда топилмаларни консервациялаш, таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини қайд этган “Халқ сўзи” нашри савобталаб тадбиркорларни реставраторларга ҳомийлик кўрсатишга даъват қилган.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон жануби-шарқидаги тоғларда ўрта асрларга оид Тугунбулоқ ва Тошбулоқ шаҳарлари қолдиғи топилгани ҳақида хабар қилган эди.
Андижонда cобиқ ҳоким янги лавозимга тайинланди
Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси лавозимига тайинланди.
2024 йил 18 декабр куни амалга оширилган тайинловдан жамоатчилик қарийб бир ой ўтиб хабар топмоқда.
Kun.uz нашрининг аниқлик киритишича, собиқ ҳоким сўнгги вақтларда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси лавозимида фаолият юритиб келган.
2021 йил февралидан 2022 йил сентябригача Андижон туманига ҳокимлик қилган Абдужаббор Эгамбердиев сайёр қабулда фуқароларга пойгакдан жой бергани ортидан ижтимоий тармоқларда танилган, жамоатчилик уни “ўзини ҳоким эмас, хондек тутаётган”ини танқид қилган эди.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Эгамбердиев бошқа тўрт нафар туман ҳокими билан бир қаторда мамлакат президентининг 2022 йил 27 сентябрь кунги қарори асосида “давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун” ишдан олинган эди.
Кейинчалик Абдужаббор Эгамбердиев судлангани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг 2023 йил 8 февралдаги ҳукмига мувофиқ у ўзбошимчалик, мансабга совуққонлик билан қараш ҳамда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилган. Икки йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган собиқ ҳокимга икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Олий суд ўтган йил бошида Эгамбердиевга тайинланган жазо юмшатилганини билдирганди.
Ўзбекистон ва БАА стратегик шерикларга айланишди
Жорий йилнинг 15 январь куни Абу Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида декларация имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.
Абу Дабидаги “Қаср аш-Шати” қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён учрашуви якунида Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида, Молиявий-техник ҳамкорлик тўғрисида, Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида каби ҳукуматлараро битимлар ҳам маъқулланган.
Икки давлат раҳбари иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини, жумладан, сунъий интеллект, рақамлаштириш, “яшил” энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби 6 та асосий йўналишни белгилаб олишган.
Абу Даби ва Тошкент 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 10 баробарга кўпайтириш ва инвестиция портфелини 50 миллиард долларга етказиш режасини эълон қилишган.
Стратегик шериклик давлатлараро дипломатик муносабатларнинг иттифоқчиликдан аввалги босқичидир.
БАА Ўзбекистон стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган ўн олтинчи давлатдир. Ҳозирга қадар расмий Тошкент АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Корея, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Ҳиндистон, Покистон, Қатар билан стратегик шерикликка доир ҳужжат имзолаган. Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон билан айни пайтда иттифоқчи ҳам ҳисобланади.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон сўнгги бор 2024 йил апрель ойида Қатар билан икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик мақомига кўтарганди.
Самарқандда ўқувчи ўзини 8-қаватдан ташлаб ҳалок бўлди
Самарқанд шаҳрида 14 ёшли қиз ўзини юқори қаватдан пастга ташлаб, жонига қасд қилди.
Gazeta.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, фожиа 13 январь куни соат 17:30 ларда Баҳор маҳалласида содир бўлган. 29-мактабнинг 8-синф ўқувчиси М.Р. кўп қаватли тураржой биносининг 8-қават йўлак деразасидан ўзини пастга отган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси ҳамда масъул идораларга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани билдирилган.
Самарқанд шаҳрида 2024 йилнинг 12 декабрига ўтар кечаси таниқли бюти-блогер ва косметолог Гўзал Маҳматқулованинг 8-қават деразасидан тушиб кетиб ўлгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Расмийлар марҳума ўз жонига қасд қилганини айтишган, аммо яқинлари бу версияни рад этишган. Ҳодиса маиший зўравонлик оқибати деган тахмин ҳам илгари сурилганди.
Uzbekistan Airways’га қарашли учоқ двигатели парвоз пайти ишдан чиқди
Uzbekistan Airways авиаширкатига қарашли Airbus А320 самолётининг двигатели парвоз пайти ишламай қолди.
Авиаташувчи матбуот хизмати хабарномасига кўра, техник носозлик 15 январь куни HY9607 рейс билан, Бухоро – Москва (Внуково) йўналишида парвоз қилган учоқда кузатилган.
Cамолёт двигателларидан бири Россия аэропортига қўниш пайти ишдан чиққан. Экипаж зарурий чораларни кўриб, бортида 132 йўловчи бўлган ҳаво кемасини муваффақиятли қўндирган.
Daryo.uz нашри хабарига кўра, самолётдаги техник носозлик ортидан Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг бир нечта парвози мажбурий кечиктирилаган.
Авиаширкатнинг ўзи самолёт таъмирланаётгани, жадвалга мувофиқ кейинги рейсларни амалга ошириш учун Внуковога захира ҳаво кемаси жўнатилганини қайд этаркан, юзага келган ноқулайлик учун узр сўраган.
Дунё авиаташувчилари каби Uzbekistan Airways ширкатига қарашли учоқларда ҳам техник носозликлар рўй бериб туради.
Озодлик аввалроқ икки йилга қолмай ишдан чиққан 200 миллион долларлик Dreamliner учоғи ҳақида таҳлилий мақола чоп этганди.
БАА ширкати Тошкентда аэротакси хизматини йўлга қўймоқчи
Бирлашган Араб Амирликларининг Jetex компанияси Тошкентда аэротакси ва VIP такси хизматларини жорий этмоқчи. Бу эса туризм ривожига ижобий таъсир кўрсатиб, VIP мижозларга қўшимча қулайлик яратиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Jetex компанияси таъсисчиси Адел Мардини томонидан имзоланган ҳамкорлик меморандумида транспорт соҳасидаги яна бошқа қўшма лойиҳалар ҳақида ҳам сўз боради.
Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Jetex компанияси “Тошкент–Шарқий” аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширади.
Лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади.
FBO (Fixed Base Operator) аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс хизматлар кўрсатиш фаолиятидир.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи олдидан Абу Дабида икки давлат тадбиркорлари ва мутасаддилари ўртасида 15 та шартнома ва битим имзоланган.
Ҳужжатлар энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, сув таъминоти, транспорт, логистика соҳаларини қамраб олади.
Вазирлик қайдича, Ўзбекистон 2023 йилда 1,08 миллиард доллар, 2024 йилда эса 1,5 миллиард доллардан зиёд БАА инвестицияларини ўзлаштирган.
ДХХ раисига энг юқори ҳарбий унвон берилди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбоновга генерал-полковник ҳарбий унвони берилгани маълум бўлмоқда.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, ДХХ раиси 14 январь куни Тошкентда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирида уч юлдузли генерал погони тақилган формада қатнашган.
Генерал-полковник Ўзбекистонда тинчлик даврида бериладиган энг юқори ҳарбий унвон саналади.
55 ёшли Баҳодир Қурбонов 2024 йил ноябридан буён мамлакат махсус хизматини бошқариб келмоқда.
Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил 23 ноябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида президент Шавкат Мирзиёев ДХХ раиси Абдусалом Азизовни лавозимдан бўшатган ва унинг ўрнига мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновни тайинлаганди.
Баҳодир Қурбонов 2015-2018 йилларда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, 2018-2019 йилларда, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, 2019-2024 йилларда Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган. Унга 2021 йил 13 январида генерал-лейтенант ҳарбий унвони берилганди.
Истанбулда қўлбола ароқдан олти нафар ўзбекистонлик вафот этди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида қалбаки спиртли ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида ўзбекистонлик олти фуқаро вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.
Дипломатик ваколатхона қайдича, қўлбола ароқ ичиш натижасида ҳаётдан кўз юмган ўзбекистонликларнинг беш нафари эркак, бири эса аёл кишидир. 35–40 ёшдаги қурбонлар “заҳри қотил”ни Истанбулнинг Ақсарай туманидан сотиб олгани айтилган.
14 январь оқшоми ҳолатига Истанбул шаҳрида жами 38 киши сохта спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида заҳарлангани очиқланган. Улардан 26 нафари чет эл фуқароларидир. Касалхонага мурожаат қилганларнинг 11 нафари вафот этган.
Қўлбола ароқдан заҳарланиш ҳодисаси ортидан маҳаллий полиция кенг қамровли тергов ишларини бошлаб юборган.
Бош консулхона хабарномасида “мазкур ҳолатга алоқадорликда айбланиб, 2 нафар Туркманистон фуқароси қўлга олинган”и, “уларга нисбатан жиноят иши очилган”и қўшимча қилинган. Ўзбек дипломатлари Истанбулдаги ўзбекистонликларни спиртли ичимликлар истеъмолидан тийилишга ва эҳтиёткорликка чақиришган.
Раҳбарларнинг коррупцияга мойиллик даражаси баҳоланади
Ўзбекистон Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Раҳбар кадрларни баҳолаш марказида 2025 йил февраль ойидан бошлаб йил давомида камида 500 нафар раҳбарлик лавозимларида ишлаётган ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга мойиллик даражаси баҳоланади.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида ана шу талаб илгари сурилган.
Ҳужжатда мулозимларнинг коррупцияга мойиллик даражасини ўрганиш Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмаси асосида ўтказилиши қайд этилган.
Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда бу борада превентив механизмларни жорий этиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Бу доирада БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенцияси, халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонга билдирилган тавсиялар ҳамда бошқа халқаро стандартларнинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича электрон платформа ишга туширилади.
Лойиҳада давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни сингдириш бўйича қадриятлар тизимини шакллантириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш, шу асосда таъсирчан чора-тадбирларни жорий этиш каби мақсадлар ҳам баён қилинган.
“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза”га кўра, 2023 йилда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 1,4 триллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилганини билдирганди.
Озодлик бир муддат олдин коррупцияга қарши кураш манзарасида юзлаб коррупционер ишга тикланганига эътибор қаратган эди.
Ўзбекистонда букмекерлик ва қимор ўйинлари қонунийлаштирилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 январь куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштиришга доир тузатишлар қабул қилинди.
Президентнинг “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан таваккалчиликка асосланган ўйинларни онлайн ўтказишга ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилган.
Парламент қабул қилган қонун ҳужжати ҳам президентнинг ушбу фармони ижроси учун ишлаб чиқилган.
Қонунда соҳани тартибга солиш учун қимор ўйинлари, лотереялар ва ставкаларни ташкил этиш учун лицензия бериш тартиби, ушбу ўйинларда иштирок этиши тақиқланган фуқароларнинг тоифаларини белгилаш, ўйинларга қарам бўлган шахслар рўйхатини юритиш ҳам назарда тутилган.
Депутатлар фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши капитал ва суғурта бозорини янада ривожлантириш, таваккалчиликка асосланган лотерея ва ўйинларни тартибга солишга хизмат қилади.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ушбу ўзгариш ортидан таваккалчиликка асосланган ўйинлар, жумладан, қимор фаолияти янада кенг ёйилиши борасида хавотирлар ҳам тарқалмоқда.
Эндиликда мамлакатда таваккалчиликка асосланган ўйинларни махсус лицензия олган юридик шахслар ташкил этиши мумкин. Лотерея, интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида фақат 18 ёшга тўлган Ўзбекистон резиденти ва норезидентлари қатнашишга ҳақли.
Озодлик аввалроқ букмекерликка рухсат берилиши ўзбек спортига қай тариқа таъсир этиши масаласини ўрганган эди.
Мирзиёев стратегик хомашё бўйича ҳамкорлик таклиф қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 январь куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида бўлиб ўтган “Абу Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитидаги нутқида дунё давлатларини ўта муҳим стратегик хомашё бўйича ҳамкорликка ундади.
“Минтақамиз улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой. Бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкоримизга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, деган Ўзбекистон раҳбари.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтиш эканини таъкидлаган.
Мирзиёев 2024 йил 17 сентябрь куни Остонада ўтказилган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидаги чиқишида ҳам Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида ўта муҳим хомашё ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш заруратига тўхталганди.
Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга қадар уран қазиб олиш кўрсаткичини йилига 7100 тоннага етказиш режасини эълон қилган.
Ўзбекистонда 132 минг тонна уран захираси мавжуд бўлиб, бу дунё захирасининг 2 фоизини ташкил қилади. Мамлакат мазкур стратегик хомашё захираси бўйича жаҳонда 11-ўринда туради.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Франциянинг Orano ширкати Навоий вилоятида уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ниятини билдирган.
“Салимбой” кураш ассоциацияси раҳбарлигидан бўшатилди
“Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимидан бўшатилган.
Миллий олимпия қўмитаси хабарномасидан англашилишича, Абдувалиевнинг ишдан олингани 14 январь куни Миллий Олимпия қўмитасида бўлиб ўтган Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида маълум бўлган.
“Салимбой”нинг ўрнига ташкилот раислигига Ўзбекистон Республика Бош прокурори, мамлакат кураш федерацияси раҳбари Ниғматилла Йўлдошев сайланган. Хабарномада Салим Абдувалиевнинг номи зикр этилмаган.
Маълумотларга кўра, Абдувалиев Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясига 1997 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди.
Аввалроқ Озодлик 6 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Салим Абдувалиев 12 январь куни саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиққани ҳақида хабар қилган эди.
Маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган Салим Абдувалиев 2023 йил охирида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида қўлга олинганди.
Бу йил 75 ёшни қаршилайдиган Салим Абдувалиев 2024 йилнинг 19 мартида жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ёпиқ мажлиси ҳукми билан ЖКнинг 248-моддасида (ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Озодлик манбаларига кўра, Абдувалиев суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқидан фойдаланган эмас.
Қашқадарёда кўп миллиардлик тендер қонунчиликка зид тарзда ўтди
Қашқадарё вилоятидаги “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамияти харид комиссияси кўп миллиардлик тендер ўтказишда қонун талабларининг қўпол равишда бузилишига йўл қўйди.
Daryo.uz нашрининг харид маълумотларини ўрганган ҳолда ёзишича, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ 2025 йилда ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун сиқилган газда ҳаракатланувчи автотранспорт воситаларида юк ташиш учун бошланғич қиймати 10 миллиард 862 миллион сўмлик тендер ўтказган.
Энг яхши таклифни танлаб олиш бўйича савдо 2024 йилнинг 18 декабридан 2025 йилнинг 8 январигача давом этган.
Лотда фақат Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган “Ромитантранс” масъулияти чекланган жамияти қатнашган ва бошланғич нархдан салкам 10 миллион сўм паст нарх – 10 миллиард 852 миллион сўм таклиф билан ютиб чиққан.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 68-моддасига мувофиқ, тендерда битта иштирокчи иштирок этгани боис харид комиссияси тендерни ўтказилмаган деб топиши шарт.
“Афсуски, комиссия аъзолари томонидан тендерни бекор қилиш ўрнига қонунга зид ҳаракат қилиниб, овозлар берилган. Комиссия аъзолари қонунчиликдан бехабарми? Уларнинг иштирокчи билан қандайдир алоқаси борми?” дея масъулларни саволга тутган Daryo.uz.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, 2024 йил давомида давлат харидлари тизимида 263,9 миллиард сўмлик ноқонуний харид натижалари бекор қилинган.
Мопед ва скутерни гувоҳномасиз бошқарганлар жаримага тортилади
Ўзбекистонда жорий йил 1 мартидан эътиборан мопед ва скутерни бошқариш учун “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси эга бўлиш талаб этилади.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билдиргисига кўра, мопед ва скутерларларни тегишли гувоҳномасиз бошқариш жаримага сабаб бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлидаги қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларига бир қанча ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида фарқловчи давлат рақам белгилари жорий этилган.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда кичик бизнес эгалари скутер ва мопедлардан кенг фойдаланаётгани кузатилмоқда.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилда 32,3 миллион долларлик 211876 дона мотоцикл (скутер ва мопедлар) импорт қилинган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан қарийб 1,4 баробарга ортган.
Охирги ўзгаришлар манзарасида тармоқларда скутер ва мопед импорти ҳам чекланиши хусусида хавотирлар пайдо бўлди.
Самарқандда беш эркак муҳтамалан ароқдан заҳарланиб ўлди
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Самарқанд шаҳрида 13 киши қўлбола ароқдан заҳарланиб ўлгани ҳақида хабар тарқалди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, 11 январь куни Самарқанд шаҳрининг турли маҳаллаларида яшовчи 39, 56, 50, 63 ва 72 ёшдаги беш нафар эркак (тўрт нафари ўз хонадонида, яна бири шифохонада) вафот этган.
Улар спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар бўлгани айтилмоқда.
БП матбуот хизмати қўлбола усулда ясалган спиртли ичимлик маҳсулотларини сотган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт ҳамда кимёвий экспертизалар тайинланганини билдирган.
Озодлик ўтган йил декабрь ойида Андижон вилоятида “Ўзбекистон” номли коняк истеъмол қилиши оқибатида заҳарланган 22 кишининг беш нафари вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.