Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:23

Exit poll: Назарбоев қўллаган номзод - Тоқаев 70 фоиз овоз олди (ВИДЕО)


 Қасим-Жомарт Тоқаев, 9 июнь, 2019 йил, Нур-Султон
Қасим-Жомарт Тоқаев, 9 июнь, 2019 йил, Нур-Султон

* Қозоғистонда қарийб 30 йилда илк бор Нурсултон Назарбоевнинг номзоди қўйилмаган президент сайлови бўлди ва у қўллаган номзод 70 фоиз овоз олди.

* Назарбоев шу йилнинг март ойида истеъфо бергач, унинг ўрнига президент вазифасини бажаришга киришган Қасим-Жомарт Тоқаев муддатидан аввал сайлов эълон қилди.

* 7 номзод президентлик учун курашмоқда. Булардан бири - Тоқаев номзодини Назарбоев раҳбари бўлган партия илгари сурди. Сайловда айнан унинг ғалаба қозониши башорат қилинган.

* Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида сайловни бойкот қилишга чақириғи билан юзлаб одам кўчага чиқди. 500 га яқин намойишчи, шу жумладан Озодлик ва бошқа хориж журналистлари, ҳуқуқ фаолларини полиция қисқа муддатга ҳибс қилди.

Расмий маълумот

Марказий сайлов комиссияси дастлабки натижаларга кўра, "Нур-Отан" партиясидан номзод Қасим-Жомарт Тоқаев 70 фоиздан ортиқ овоз олганини билдирди.

Расмий маълумотга кўра, соат 18 га қадар сайловчиларнинг қарийб 73 фоизи овоз бериб бўлган.

Овоз бериш участкалари эрталабки соат 7да очилди. Сайлов маҳаллий вақт билан кечки соат 8 га қадар давом этди. Шунингдек, мамлакат ташқарисида 65 та овоз бериш участкаси очилди.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, расмий натижалар эса 11 июндан кеч қолмай, эълон қилинади.

Айни пайтда, қатор ахборот воситалари журналистлари ва ҳуқуқ фаоллари овоз бериш участкаларида қонунбузарликларга гувоҳ бўлганини хабар қилди.

ТАСС - Россия ахборот агентлигининг хабар қилишича, Нур-Султон шаҳрида овоз берган Қасим-Жомарт Тоқаев фуқароларни иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ташвишга солиб турганини эътироф этган.

"Айнан шу боис ҳам сайлов мамлакатни келгусида ким бошқариши, мамлакатимиз келажагини белгилаш учун жуда яхши имкониятдир", деган Тоқаев.​

Зеро, Тоқаевнинг ғалаба қозониши башорат қилинаётган сайловдан норози намойишчиларнинг асосий қисми шу шаҳардаги бош майдон - Астана майдонига йиғилган.

Қуйида Озодлик радиоси қозоқ хизматининг сайловлардан ҳозирлаган жонли дастурини кўришингиз мумкин:

Намойишлар

9 июнь куни эрталабдан Олмаота марказида йиғилган юзлаб намойишчини полиция қўлга олди.

Норозилар сайловларни ҳаққоний ўтказиш талаби билан қўлларида "Олға, Қозоғистон!", "Озодлик!" каби шиорларни кўтариб келишди.

Полиция қўлга олган ўнлаб киши орасида Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири ҳам бор эди. Уни қисқа муддат ичида озод қилишди.

У полиция машинасида кетаётган пайтда тасвирга олишга улгурган видеони қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Номзодлар

Қозоғистон президенти лавозимга етти номзод даъвогарлик қилмоқда.

Булар амалдаги президент, “Нур-Отан” партиясидан Қасим-Жомарт Тоқаев, “Буюк дашт бургутлари” республика жамоат бирлашмасидан Садибек Тугел, касаба уюшмалари Федерациясидан Амангелди Таспихов, “Ақ жол” партиясидан Дания Еспаева, “Ауил” партиясидан Толеутай Раҳимбеков, Қозоғистон Коммунистик халқ партиясидан Жамбил Ахметбеков ва “Миллат тақдири” бирлашган миллий-ватанпарвар ҳаракатидан Амиржан Косановдир.

Номзодлар орасида хотин-қизлардан ҳам бор. У “Ақ жол” партиясидан номзод Дания Еспаевадир.

Қозоғистон президенти сайловини кузатиш учун ўнлаб халқаро ташкилотлардан мингдан зиёд халқаро кузатувчи келгани хабар қилинди.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, ўзбекистонлик давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари хам Қозоғистонда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини кузатиш учун ушбу мамлакатга етиб борган.

Назарбоев ҳокимияти

1991 йилдан бери мамлакатда ўтказилган президентлик сайловларининг бирортаси халқаро ташкилотлар томонидан эркин ва ҳаққоний, деб тан олинмаган.

Нурсултон Назарбоев истеъфо берганидан буён мамлакатда сиёсий ислоҳот ва одил сайлов сўрови билан қатор йирик намойишлар бўлиб ўтди.

Намойишларни уюштирган кўплаб фаоллар қўлга олинди, жаримага тортилди ёки қамалди.

Қозоғистонлик оналарни бирлаштирган гуруҳ эса мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий аҳволнинг яхшиланишини талаб қилиб, сўнгги ойлар ичида бир неча йирик кўча юришлари ва митинглар уюштирди.

Гарчи, истеъфо берган бўлсада, Назарбоев ҳануз ҳокимиятнинг муҳим бўғинлари назоратини қўлида ушлаб турибди.

Асосан, газ ва нефтдан келган бойликка таянган Назарбоев ҳокимияти йиллар давомида фуқароларининг асосий ҳақлари бўлмиш - сўз эркинлиги, эътиқод ва сиёсий қарашларини кескин чеклагани учун танқид қилиб келинган.

Нурсултон Назарбоевга қизи - парламент спикери Дариға Назарбоева кўкрак нишонини қадамоқда, 6 июнь, 2019 йил
Нурсултон Назарбоевга қизи - парламент спикери Дариға Назарбоева кўкрак нишонини қадамоқда, 6 июнь, 2019 йил

XS
SM
MD
LG