Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:55

Андижонда икки ИИБ ходимини "тепкилаган" фаррош аёл 10 суткага қамалди


Одинахон Эргашева
Одинахон Эргашева

Андижон шаҳридаги 2-туғруқхона фарроши 33 яшар Одинахон Эргашева 12 июнь куни ИИБ ходимларига бўйсунмасликда айбланиб, 10 суткага қамаб қўйилди.

Бундан олдин Одинахон Эргашева ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат билан чиқиб, 9 июнь куни ички ишлар ходимлари уни телефон ўғирлаганликда гумон қилиб, Андижон шаҳри 4-ИИБга олиб бориб калтаклашгани, мажбурлаб ароқ ичиришганини иддао қилганди.

Андижон ИИБ расмийлари эса Озодликка Одинахон Эргашеванинг икки нафар ИИБ ходимини дўппослагани, уларнинг кийимларини йиртгани ва погонларини юлиб ташлаганини билдирди.

ИИБ расмийларига кўра¸ Эргашева Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194 моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) да айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган.

Фаррошнинг яқини эса Озодлик билан суҳбатда, ИИБ илгари сурган айбловни "беъманилик" деб атади.

Ҳайит кунидаги воқеа

Маъсудахон Эргашеванинг Озодликка айтишича, ҳодиса қизи жорий йилнинг 5 июнь, яъни Ҳайит байрами куни ишга чиққанидан кейин бошланган:

- Қизим эридан ажраган¸ битта боласини ўзи катта қилади. Дам олиш куни ишга чиқсам кўпроқ ойлик оламан, деб ишга чиқувди. Ўша ерда битта Нафиса Усмонова деган беморнинг телефони йўқолиб қолган. Усмонова қизимга "сен ўғирладинг", деб тухмат қилган. 6 июнь куни ИИБ ходимлари келиб, воқеани ўрганишган. Кейин наряд чақиртириб қизимни Андижон шаҳри ИИБ биносида калтаклашган, - дейди Маъсуда ая.

Эргашеванинг яна бир қариндоши Жамиланинг Озодликка билдиришича¸ 6 июнь куни Одинахон тушкун кайфиятда уйга қайтган:

- Бутун аъзои бадани кўкариб, моматалоқ бўлиб кетганди. Мени уриб ташлашди. Оғзимга ароқ қуйишди деб йиғлади¸ - дейди суҳбатдош.

Ана шундан кейин Одинахон Эргашева "ҳақиқат излаб" Тошкентга инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева олдига боради.

Фаоллар ëрдамида видеомурожаат чиқаради.

Эргашева ўз видеомурожаатида 6 июнь куни ИИБ ходимлари уни Андижон шаҳри 4-ИИБ қидирув бўлими хонасига олиб кириб, қидирув бўлими бошлиқлари назорати остида калтаклашганини иддао қилади.

Кўкартирмайдиган қилиб ур. Кўкартирма буни. Ичини тўк”, деб роса ўргатиб турди иккитаси. Қолган уч киши эса мени урди”, дейди Одинахон Эргашева.

У, шунингдек, ИИБ ходимларини унинг оғзига "мажбурлаб" ароқ қуйишганини иддао қилади:

Бўйнимни бундай қилишиб, аччиқ нарса қуйишди. “Нима бу?” дедим, “ароқ” дейишди, бурнимни бекитиб туриб, ичасан, дейишди”.

Бир аëл "давангирдай" икки ИИБ ходимини қандай дўппослади?

Андижон шаҳри 2-туғруқхонасининг Озодлик билан суҳбатлашган маъсул ходими бемор Насиба Усмоновага тегишли телефон топилганини билдирди.

- Телефонни ҳеч ким ўғирламаган. Телефон мебелнинг орқасига тушиб кетган экан. Топилди. Бемор Усмонованинг ҳеч кимга эътирози йўқ. У ноҳақ гумонланган Эргашевадан узр сўрашга тайëр¸ - деди касалхона расмийси.

Андижон вилояти ИИБсининг воқеа юзасидан Озодликка тақдим қилган маълумотида ҳам йўқолган телефоннинг бемор ётган хонадан топилгани эътироф этилган.

Айни ҳужжатда ИИБ Одина Эргашевани ички ишлар ходимларини дўппослаб, уриб безорилик қилганликда айблангани таъкидланади.

Воқеага Тошкентдаги ҳуқуқ фаоллари аралашганидан кейин ижтимоий тармоқ орқали Андижон шаҳри 2-туғруқхонаси бўлим мудирасининг видеоси тарқатилди.

Бўлим мудирасига кўра, Одинахон Эргашева “милиция ходимларини тепкилаган”

- Погонларини узди¸ кўйнаги ва майкасини йиртди. Тимдалади. Тишлади. Тугмаларини узди. Одинахон бу милисаларни жудаям қаттиқ тепиб ташлади. Тепкиланган милиса ҳеч нарса демади. Фақат таъзим қилиб турди. Мен аëл бўлиб туриб уялиб кетдим. Аëл киши эркакни тепиши мумкин эмас-ку. Бўлиб ҳам милиса эркакни. Эркаклар бизнинг подшоҳимиз-ку¸уларни тепиш гуноҳ-ку, дейди 2-туғруқхона бўлим мудираси.

Эргашеванинг қариндоши Жамиланинг айтишича¸ “Одинахоннинг милицияни урадиган ҳоли йўқ”

-Ўзи озғин. 50 кило вазни бор. Давангирдек икки милиционерни ургани ақлга сиғмайди. У ҳақини талаб қилиб, овозини кўтарганидан кейин наряд келиб, оëқ қўлини кишанлаб обкетиб, уриб қўйиб юборишган. Кейин Тошкентга кетганидан кейин орқасидан бориб, ушлаб обкелиб қамаб қўйишди. Андижонда ўз ҳақини талаб қилган одамлар дуч келадиган оддий ҳолат бу¸ - дейди Жамила.

Озодлик Одинахон Эргашева калтаклангани иддао қилинаëтган Андижон шаҳар 4-ИИБ раҳбари Пўлатжон Мамажонов билан боғланди.

Озодлик саволини эшитган Мамажонов ҳеч нарса демай, алоқани узди.

XS
SM
MD
LG