Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:41

Бош прокуратура Андижондаги кўзбўямачилик ташкилотчиларини жазолашни талаб қилди


Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга президент ташрифи арафасида беш нафар аёлга коттеж совға қилиб, сўнгра уларни чиқариб юборган мутасаддиларни жавобгарликка тортиш бўйича тақдимнома киритган.

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган 35 яшар Хуршида Тиллаева Озодликка аслида ҳеч қандай уй олмаганини айтиб берган эди.

Бош прокуратурага кўра, ҳокимлик мутасаддилари 5 нафар эҳтиёжманд аёлга коттеж берилишини ваъда қилиб, улардан бу ҳақида оммавий ахборот воситаларига интервьюлар олинишига эришиб, коттежларга уларни уй эгаси сифатида киритиб қўйиб, бироқ якунда уларга коттеж ажратмасдан, кўзбўямачиликка йўл қўйган.

"Ўрганиш натижалари юзасидан Бош прокуратура томонидан Андижон вилоят ҳокими номига зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди", дейилади прокуратура билдирувида.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ўрганиш жараёнида эҳтиёжманд шахсларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Андижон вилояти Хўжаобод тумани Хўжаобод массивида 2 сотихли жами 592 та коттеж қурилиши якунига етказилгани аниқланган.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида вилоят ҳокимлигининг масъул шахси “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖнинг уй-жойга муҳтож бўлган 6 нафар ишчиларига (Х.Тиллаева, М.Рахимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова, З.Абдувалиева ва Д.Ходжиматова) мазкур ҳудудда қурилаётган коттежлардан уларга совға сифатида биттадан берилишини маълум қилган.

Кейинчалик, “Ўзбекистон 24” телеканали орқали 2019 йил 31 март, 3 май ва 16 май кунлари юқоридаги ишчилар иштирокида, уларга совға сифатида коттеж берилганлиги ҳақида лавҳалар кўрсатилган, 16 май куни улар оила аъзолари билан бирга ушбу коттежларга киритиб қўйилган.

Давлат раҳбари ташрифи доирасида фақат ишчилардан бирига (Д.Ходжиматова) коттеж совға қилинган. Ташрифдан сўнг вилоят ҳокимлиги масъул шахсининг талабига биноан қолган 5 нафар ишчилар (Х.Тиллаева, М.Рахимова, Ш.Бакирова, Х.Эрматова ва З.Абдувалиева) қурилаётган 4 қаватли уйлардан хонадон ажратиш ваъда қилинган ҳолда коттежлардан кўчирилган.

Шундан сўнг, улар қатор давлат ташкилотларига мурожаат қилган, Х.Тиллаеванинг ҳокимият уларни алдаганлиги ҳақидаги мурожаати ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.

Уларнинг мурожаатларидан сўнг, 22.05.2019 йилда “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖ томонидан уларнинг иш хақлари ва корхона даромадлари ҳисобидан 4 қаватли уй-жой учун дастлабки бадал тўлови ўтказилган.

Андижон вилояти ҳокими ушбу масалага муносабат билдириб, Хуршида ва бошқа аёллар "нафс балосида янада кўпроғини талаб" қилаётганини айтганди.

Ҳоким жорий йил февраль ойида аёллар билан тегишли ташкилот ўртасида кўп қаватли уйларни харид қилиш учун шартнома тузилганини иддао қилган.

Бир соатлик уй бекаси

Андижонлик икки фарзанднинг онаси¸ тикувчи Хуршида Тиллаева Ўзбекистон президенти Андижонга борган куни бир кунда телеюлдузга айланганини айтган:

-Тикув цехида ишлаб¸ уй учун ариза бериб қўйгандим. Президент келадиган куни Андижон шаҳар ҳокимлиги Хотин-қизлар бўлимидан келиб¸ "мана шу уйга кўчиб кирасиз"¸ деб айтишди. Боғча ходимлари безатиб қўйишган экан уйни. "Ўзбекистон 24" канали мухбири мени видеога олди. "Отам ўлган эди¸ президентим отам ўрнига ота бўлиб¸ уй берди"¸ деб кўзимга ëш олиб гапирсам¸ бутун Андижон кўрибди. Ҳамма мени табриклади. Президент келиб кетганидан кейин бу уйни эгаси бор¸ сизга кейинроқ дом берамиз¸ дейишди. Ўшанда мен бунинг ҳаммаси алдов эканини тушундим¸ деган Озодлик билан суҳбатда сохта шоу қаҳрамонига айланган Хуршида.

Унинг айтишича¸ ўша куни жами 8 нафар аëлга уй берилган ва улардан олтитаси президент кетиши биланоқ¸ уйлардан чиқариб юборилган.

Озодлик “президент уй берди” деган спектакль қурбонларидан яна бири билан гаплашди. Андижонлик 30 яшар Муяссар Раҳимова ҳам аввалига уй берилиб¸ кейин қайтариб олинган аëллардан бири эканини тасдиқлади:

- Хурсанд бўлиб¸ йиғлаб президентни дуо қилдим¸ уйлик бўлганим учун. Кўчларингизни эртага обкеласиз¸ президент келганида тугунларингиз дизайнни бузмасин¸ дейишди. Адрасдан кийим тиктиришди ўзимнинг ҳисобимдан. 300 минг сўмга тушди кийим. Болаларингизни ҳам яхши кийинтиринг¸ дейишди. Президент келганида уй олган бахтли оилага яраша кийининг¸ дейишди. Кейин эса¸ хор қилиб камситиб чиқариб юборишди. Бу бир ўйин экан. Президентни алдаш учун биздан ўйинчоқ сифатида фойдаланишди¸ дейди суҳбатдош.

ТВ даги ëлғон қандай ясалди?

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифини ëритган "Ўзбекистон 24" канали таунхаус типидаги ҳовли уйлардан иборат янги массивга 164 оила кўчиб кирганлигини айтади. Ташрифни ëритишда иштирок қилган маҳаллий журналистлардан бири исми сир қолиш шарти билан Озодликкка баъзи тафсилотларни айтиб берди.

"Президент келиши мумкин бўлган 10 та хонадон ажратиб олинди. Маданият бошқармаси ва боғча ходимлари бу уйларни безашга сафарабар қилинди. Президент билан учрашиши мумкин бўлган аëллар махсус либос дизайнери маслаҳати билан шойи ва адрас кийимлар кийдирилди. Соч турмаги устидан дурра боғлатишди. Президент келишига оз қолганда унинг Дилфуза Ҳожиматова хонадонига келиши билдирилди. Зудлик билан бу оилани безаш бошланди. Қиммат стуллар олиб келинди"¸ дейди суҳбатдош.

Президент билан учрашадиганлар шортлистига кирган бир соатлик “уй бекаларидан” бири Муяссар Раҳимованинг айтишича¸ “спектаклнинг ишонарли чиқиши учун” ташкилотчилар сидқидилдан ҳаракат қилишган.

XS
SM
MD
LG