Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Ўқувчилар коррупцияга қарши кураш мавзусидаги иншони диктант тарзида ёзишга мажбурланди


14 июнь куни Қашқадарёдаги Ғузор агробизнес коллежи ўқувчиларидан коррупцияга қарши кураш мавзусида “иншо” ёздириб олинди.

Ўқувчиларнинг Озодликка айтишича, муҳрланган дафтарларга ёзилган ва Тошкентга жўнатилиши айтилган иншоларни ўқитувчилар уларга диктант тарзида ёздирган.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус ваълим вазирлиги Озодлик сўровидан сўнг ушбу ҳолатни ўрганишни бошлади.

Ғузорча иншо

Ғузор агробизнес коллежи ўқувчилари номидан Озодликка боғланган ўқувчилар уларга иншо ўрнига диктант ёздирилганини кўзбўямачилик деб аташди.

Ғузор агробизнес коллежи
Ғузор агробизнес коллежи

“Бир кун аввал домламиз “Коррупцияга қарши кураш мавзусида иншо ёзасизлар. Иншолар танлови бўлади”, деди. Биз бугун иншо ёзишга тайёрланиб келсак, улар иншони диктантга айлантириб юборишди. Бошида директор “Жамиятда кўриб турганингиз коррупция ҳолатларини очиқ ёзинг”, деди. Лекин катталар чиқиб кетгач, домламиз Шаҳло опа қўлига варақни олиб, дона-дона қилиб, айтиб туриб, диктант тарзида ёздирди. Ўз билганимизни ёзмоқчи эдик, қўйишмади. Ҳамма ўқувчининг иншоси бир хил бўлиб қолди. Ўзи коррупция ҳақидаги мавзу бўлса, улар шу ерда ҳам кўзбўямачилик қилишди”, деди 14 июнь куни Озодликка боғланган коллеж ўқувчиси.

Озодликка жўнатилган видео ва аудиоларда бир ўқитувчи аёлнинг ўқувчиларга айтиб, туриб диктант ёздираётгани акс этган.

Ўқитувчи Шаҳло Оллаёрованинг иншони диктант тарзида ёздираётгани
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00
Бевосита линк

Ғузорча расмиятчилик

Ўқувчиларнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, 14 июнь куни улар “иншо ёзиш”идан аввал туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан учрашув ўтказилган.

“Коллежнинг спорт залига синф хоналаридаги парталарни олиб чиқиб қўйишган экан. Худди институтга имтиҳон топшираётгандаги каби ҳолат. Спорт зали плакатлар билан безатилган. Бошида расмиятчилик қисмини ўтказишди. Ҳаммасини номига қилишди. Ғузор РОВД началниги ҳам келди. У ўтириб суратга тушдию дарров кетди. “Мен коллежга келдим”, деб ҳисобот бериши учун тушди шекилли расмга. Таълим бошқармасидан ҳам вакил келади дейишди. Директор, замдиректор гапириб, “Бу иншо Вазирликка кетади. Ҳамманг хато қилмасдан тўғри ёз”, деб, чиқиш кетишди”, дейди яна бир ўқувчи бола.

Озодликка жўнатилган суратлардан бирида спорт залидаги плакат тасвирланган. Унга “Коррупция – адолат кушандаси” деган ёзув ёзилган.

Муҳрланган дафтарлар

Ўқувчиларга кўра, коррупцияга қарши кураш мавзусидаги “иншо” фақат коллежнинг битирувчиларига ёздирилган.

“Фақат охирги курсда ўқийдиганларга ёздиришди. Коллежда 5 та гуруҳ бор. Ҳамма гуруҳ ёзди. Қўлимизга 12 варақлик дафтар беришди. “Жами 6,5 варақ ёзасизлар” дейишди. Дафтарнинг шу варақларига печать босишган. Коллежнинг печати. Расмиятчилик соат тўққиз яримларда бошланди. Кейин биз соат ўнда ёзишни бошладик. Домла битта сўзни ўн марталаб қайта-қайта айтиб туриб ёздирди. Соат 12 яримда ёзишни тугатдик”, дейди ўқувчилардан бири.

Озодликка жўнатилган суратларда дафтарлар варағининг тепа қисми чап томонига муҳр қўйилгани акс этган.

“Чала ёзганлар дафтарини домлалар тўғрилашди”

​Ўқувчиларнинг айтишича, улар “иншо”ни чала ёзган ўқувчиларнинг дафтарларини ўқитувчиларнинг ўзи тўғрилаётганига гувоҳ бўлишган.

“Баъзи болалар чала ёзиб ташлаб кетган. Уни домлаларнинг ўзи тўлдириб, чиқишди. Хатоси кўп ўқувчиларнинг “иншо”сини домлаларнинг ўзи қайтадан ёзиб чиқишди шекилли. Домлаларнинг кўчириб ўтирганини кўрган болалар бор”, дейди Озодликка боғланган ўқувчилардан бири.

Жавобсиз саволлар

Озодлик коллежнинг бир неча ўқувчиси билан суҳбатлашиб, уларга “иншо”ни айтиб туриб, ёздирган ўқитувчи- Шаҳло Оллаёрова эканлигини​аниқлади.

Озодлик Шаҳло Оллаёрова билан боғланиб, ўқувчилар айтган кўзбўямачиликка изоҳ сўради. Оллаёрова саволларни охиригача эшитмасдан, телефон гўшагини қўйиб қўйди ва гўшакни бошқа кўтармади.

Озодлик мухбири коллеж раҳбарлари билан боғланганида ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. “Иншо” борасидаги саволлар берилиши билан гўшак қўйиб қўйилди.

Вазирлик жавоби

Озодлик 14 июнь куни кечки пайт Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан боғланиб, Ғузор агробизнес коллежидаги ҳолат борасида изоҳ сўради.

Марказ мулозими коллеждаги ушбу ҳолатдан бехабарлигини, ўрганиб кўриб, маълумот берилишини таъкидлади.

15 июнь куни қайта боғланганимизда марказ мулозими Ғузор агробизнес коллежидаги вазиятни махсус ишчи гуруҳ ўрганаётгани, ҳозирча ҳолат бўйича аниқ маълумот йўқлигини билдирди.

Ўқувчиларга таҳдид

Коллеждаги вазият ҳақида Озодликка хабар қилган ўқувчилар ўз шахсларини мутлақо сир сақлашни сўрашди.

“Олдин ҳам Озодликка бир воқеа бўйича хабар берганимизда ўқувчиларга роса давление қилишган. Агар билиб, қолишса, бизга диплом бермай қўйишади”, деди ўқувчилардан бири.

Озодлик ўқувчилар исмини сир сақлаган ҳолда, уларнинг бу хавотирини вазирлик мулозимига етказди.

Мулозим ўқувчиларнинг хавфсизлиги учун ўзи кафил бўлишини, воқеа ҳақида Озодликка хабар берилгани учун ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ бўлмаслигини таъкидлади.

Ўқувчилар коррупцияга қарши кураш мавзуидаги иншони диктант тарзида ёзишга мажбурланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:41 0:00
Бевосита линк

P.S Жойлардан олинган хабарларга кўра, коррупцияга қарши кураш мавзусидаги иншолар мамлакатдаги деярли барча коллежларнинг битирувчиларидан олинмоқда. Ғузор коллежидаги каби ҳолат бошқа жойларда кузатилгани ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG