Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Инстаблогер телефонини олганлар ишдан бўшатилди, тармоқдан даромад олганларга эса солиқ солинди


Давлат солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда "ноқонуний даромад" йиғиш билан шуғуллангани учун солиқ инспекторлари ушлаган блогер Азизбек Ашурбоев вазиятига оид хулосасини маълум қилди.

Инстаграм тармоғида 300 минг обуначиси бўлган блогер 8 июнь куни солиқчилар уяли телефонини олиб қўйгани, сўнгра тармоқдаги саҳифасига киролмай қолганидан арз қилиб, ёрдам сўраган эди.

Катта шов-шувга сабаб бўлган бу хабардан сал аввал Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда рекламадан пул қилаётган блогерлардан солиқ ундирилишини эслатганди.

Айни пайтда, мурожаати маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган блогернинг ўзи матбуотда кўринмаётир, саҳифасининг эса ёпиб қўйилгани айтилмоқда.

Қоидабузар солиқчилар

12 июнь куни маҳаллий ахборот воситалари ва Телеграм каналларида Инстаграм тармоғида 300 мингдан ортиқ обуначи тўплаган блогернинг мурожаати тарқалди.

Мурожаатида инстаблогер Азизбек Ашурбоев 8 июнь куни ўз саҳифасида реклама эълони бермоқчи бўлган буюртмачидан 400 минг сўм пул олаётган пайтда солиқчилар уни тўхтатгани ва сўнгра уяли телефонини олиб қўйганини билдирди.

Бу мурожаат катта шов-шувга сабаб бўлди ва оқибатда, ​Давлат солиқ қўмитаси бу ҳодисани махсус назоратга олишга мажбур бўлди.

15 июнь куни берилган баёнотга кўра, блогер тармоқда реклама бериб ноқонуний даромад қилгани учун тўхтатилган. Аммо, блогернинг уяли телефонини олиб қўйган солиқчилар ҳам қоидани бузган.

"Солиқ қўмитаси бир неча кун олдин ходимлари О.Зияев ва Ш.Ҳасановлар томонидан блогер Азизбек Ашурбоевнинг уяли телефони олиб қўйилиши доирасидаги вазиятни ўрганиб чиққан ва солиқ инспекторлари ваколат доирасидан чиққан ва касб одоби қоидаларини бузганлигини аниқлаб, уларни ишдан бўшатишга қарор қилган. Азиз Ашурбоев томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун унинг шахсий уяли алоқа телефонини тортиб олмаган ҳолда, тушунтириш ишларини олиб бориш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан кифояланиш лозим эди", дейилди расмий баёнотда.

300 минг обуначиси бўлган инстаблогер

12 июнь куни қатор ахборот воситалари ва Телеграм каналлари солиқчилар билан можародан арз қилган блогер мурожаатини тарқатди.

Жумладан, Protoday нашрида эълон қилинган блогида Ашурбоев Миробод тумани Солиқ инспекцияси биносида уяли телефони олиб қўйилганидан сўнг тармоқдаги саҳифасига киролмай қолганини иддао қилган.

"Саҳифам энди-энди даромад келтиришни бошлаган пайтда ўзларини солиқчилар деб атайдиган қароқчилар ем бўлгани ҳам қаттиқ алам қиляпти. Бугун интернетда солиқ қўмитасининг раҳбарлари телефон ва бошқа ускуналар тортиб олинишини қонуний деб айтишибди. Бу қонун қаерда ёзилган? Қани? Биз ҳам кўрайлик? Илтимос,мени бу солиқчи-қароқчилардан қутқаринг!" деб арз қилди блогер ўз мурожаатида.

Бу мурожаатга президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов муносабат билдирди. У блогер билан содир бўлган ҳодисани ўрганиш ва тегишли тартибда чора кўришини сўраб, Солиқ қўмитасига юзланди.

​Сўнгра Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам блогерлик фаолияти қонун ҳимояси остида эканини таъкидлаб, Солиқ қўмитасидан тегишли тартибда чора кўришни талаб қилди.

Айни пайтда, мурожаати маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган блогернинг ўзи кўринмаётир.

Айтилишича, блогер шу кунда Тошкентда ва шов-шувли мурожаати ортидан ўтган брифингларда иштирок этган. Унинг асосан милиция ҳақидаги видеороликлар ва суратлар чоп қиладиган саҳифаси эса ёпиқ қолаётгани айтилмоқда.

Тармоқда пул ишлаганлар солиқ тўлайди

12 июнь куни Давлат солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқлардаги канали, саҳифаларида реклама бериб, пул ишлаганлар солиқ тўлаши шарт эканини эслатди.

Шу йўл билан пул топаётган блогерлардан дарҳол якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш сўралди.

Акс ҳолда, реклама бериб пул ишлаётган шахсларнинг телефони, компьютер ёки планшетлари олиб қўйилишидан огоҳлантирилди.

Қонунда блогерлик тушунчаси йўқ

Айни пайтда Ўзбекистон қонунчилигида блогер деган тушунчанинг ўзи йўқ экани, бу ҳолатда фаолиятнинг ушбу тури учун солиқ қай асосда жорий этилаётгани ҳақидаги саволлар ўртага чиқди.

Хусусан, 12 июнь кунги брифингда бу саволни ўртага ташлаган журналистга жавобан солиқ қўмитаси ҳозирча фаолият тури эмас, балки хизмат турига солиқ солинаётганини таъкидлади.

“Тўғри, қонунда блогерлик деган тушунча йўқ. Блогерлик фаолият тури эмас, бунга қонунчиликда таъриф берилмаган. Лекин сиз кимдандир пул олиб, хизмат кўрсатаяпсизку. Бу хизмат кўрсатиш эвазига ҳақ олиш ҳисобланади. Ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолат сифатида қайд этилади. Қонунда блогерлик тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, хизмат кўрсатиш деган тушунча бор”, дея Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Айдос Қошановдан иқтибос келтиради Daryo.uz нашри.

Расмий маълумотга кўра, айни пайтда Солиқ кодексига электрон тижорат соҳасида солиқ жорий қилиш бўйича ўзгартишлар устида иш бормоқда. Янги таҳрирдаги кодекс тез орада жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши айтилди.

XS
SM
MD
LG