Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:28

Омбудсман: Г. Каримова тиббий муолажаси учун етакчи врачлар чақирилди (ФОТО)


Аёллар қамоқхонаси, Зангиота, Тошкент (Омбудсман сайтида чоп этилган сурат)
Аёллар қамоқхонаси, Зангиота, Тошкент (Омбудсман сайтида чоп этилган сурат)

Ўзбекистон Омбудсмани идораси марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи - Гулнора Каримовага қамоқда тегишли тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирди.

23 июнь куни Гулноранинг қизи - Имон Каримова ​Instagram саҳифасида онасининг қамоқдан ёзган мактуби матнини чоп этганди.

Мактубда Гулнора Каримова озод этилиши учун қўйилган шартларни бажараётгани, тез орада даволаниш ва болалари билан бирга яшаш имкони берилишига ишонишини ёзган.

Зангиота қамоқхонасидан фоторепортаж

Ўзбекистон омбудсмани расмий сайтида хабар қилинишича, Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган умумий тартибдаги 21-сонли аёллар қамоқхонасида сақланаётган Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳатто, расмий хабарда айтилишича, Гулнора Каримовани тиббий кўрикдан ўтказиш учун қамоқхона маъмурияти “кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳаларидаги етакчи мутахассисларни жалб қилган”.​

Айтилишича, ҳозирги Омбудсман - Улуғбек Муҳаммадиев Гулнора Каримова билан махсус учрашган ва учрашувда Каримова "муассасанинг тиббиёт ходимларига эътибор ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилаётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирган”.

“Шифокорлар кўрсатмаси билан у мунтазам равишда керакли дори-дармон билан таъминланмоқда. Бугунги кунда Гулнора Каримованинг саломатлиги, умуман олганда, қониқарли ва у соғлом овқатланиш рациони асосида таъминланмоқда”, дейилади хабарда.​

Омбудсман матбуот хизматининг хабар беришича, омбудсман раҳбарлигидаги делегация Зангиота қамоқхонасига бориб, у ерда маҳбусларни сақлаш шароитлари билан июнь ойида танишган. Аммо, бу назорат ҳақидаги хабар Гулнора Каримованинг қамоқдан йўллаган илк мактуби эълон қилинишидан бироз ўтиб берилди.

Муҳими, Омбудсман сайтидаги хабарга қамоқхона ичидаги шарт-шароитларни кўрсатувчи суратлар ҳам илова қилинди.

"6 йил ичидаги илк мурожаатим"

Гулнора Каримова номидан чоп этилган мурожаат юқоридаги жумла билан бошланган.

У ҳозир Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.

Аввало, ўзини қўллаб, "дуо қилганлар"га миннатдорлик билдирган мактуб муаллифи "бутун халқдан" ҳамда унинг бошига тушган муаммони "тушунган ва ҳурмат қилган барчадан" кечирим сўрашини билдирган.

"Худди аввал бўлганидек, мен ўзимни оқламайман ва бунга ҳаракат ҳам қилмайман. Мен илк сўровдаёқ ўз маблағларимни мамлакатнинг яхшиланиши ва ривожи учун қайтариш йўлида ҳамкорлик қилишни бошлаганман", дейилади мактубда.

Унда мамлакат ичкарисида Гулнора Каримовага тегишли бўлган активлар ва хусусий маблағларнинг барчаси ундан олиниб, давлат ҳисобига ўтказилгани айтилган.

Шунингдек, мактубда маҳаллий терговлар натижасида Гулнорага тегишли хусусий активлар миқдори 1 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тенглиги аниқлангани айтилган.

Гулнора Каримованинг уй қамоғидан қамоқхонага олиб кетилиши, 5 март, 2019 йил. (Сурат Имон Каримованинг Instagram тармоғида саҳифасидан олинган)
Гулнора Каримованинг уй қамоғидан қамоқхонага олиб кетилиши, 5 март, 2019 йил. (Сурат Имон Каримованинг Instagram тармоғида саҳифасидан олинган)

​Четдаги мол-мулк ва активлар ҳақида

Мактубда Каримова адвокатлари - унга берган маслаҳатларига зид равишда - унга қарашли бўлган чет элдаги маблағ ва мол-мулкни ҳам давлат ғазнасига қайтариш учун тегишли ҳужжатларни тақдим қилгани айтилган.

"Бироқ, мен қўлимдан келган барча ишни қилдим ва адвокатларим ҳам - менга берган маслаҳатларига зид равишда - 131 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги суммага даъвогарликка алоқадор ўзлари киритган ҳужжатларни қайтариб олдилар ва айни пайтда, қолган 555 миллион АҚШ долларига тенг сумма учун ҳам айни ишни қилмоқдалар", дейилади мактубда жумладан.

Каримовнинг "шогирди"

Матнда Гулнора президент Мирзиёевни "ўзини Ислом Каримовнинг шогирди", деб атаган етакчи ва "отасининг сиёсий вориси сифатида таниши" таъкидланган.

"Мен унинг олийҳимматлигига умид қиламан ва жуда ишонишни истардимки, тез орада менда даволаниш ҳамда болаларим билан бирга яшашга имкон бўлади", деб ёзади мактуб муаллифи.

Инсонпарварлик акти

Мактубда шунингдек, Гулнора Каримовага нисбатан ҳозирга келиб "инсонпарварлик акти қўлланган бўлиши мумкин эди", деб қайд этилган.

"Зеро белгиланган муддат бўйича, ҳар ойда ўнлаб аёлга нисбатан қўлланилаётган, шартли равишда муддатидан аввал озод қилиш мумкин бўлган вақт яқинлашмоқда. Мен қонунларимизга ишонаман ва ишонаманки, агар тўғри амал қилинаётган бўлса, бу қонунлар халқимиз учун кафолат ва пойдевор бўлиб хизмат қилади", деб якунланади мактуб.

Қуйида Имон Каримованинг Instagram саҳифасида чоп этилган мактуб матни билан танишишингиз мумкин:

Гулнора иши

Қарийб 3 ҳафта муқаддам маҳаллий нашрлар Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) ўз мижозининг қамоқхонада тиббий муолажа олишдан бош тортаётгани ҳақида маълум қилганини ёзган эди.

Бош прокуратура​ баëнотида айтилишича, коррупция ва оғир иқтисодий жиноятларда айбланган Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга қамалган, аммо 2018 йил 1 июлда бу ҳукм ўзгартирилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Бош прокуратурага кўра, 2017 йилги суд ҳукмида “инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганини эътиборга олган ҳолда” озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Аммо Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги сабабли 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Шу йилнинг март ойида АҚШ Адлия вазирлиги қошидаги прокуратура идорасининг Нью Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан расмий айбловларни эълон қилганди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG