Самарқанд ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқариладиган объектлар қаторидан жой олиши мумкин. Бу ҳақда ЮНЕСКО расмий сайтидаги ҳужжатда маълумот берилди.
Жаҳон мероси қўмитасининг Озарбайжон пойтахти Бокуда 30 июндан 10 июлгача ўтадиган 43-сессияси арафасида эълон қилинган ҳужжатда айтилишича, Самарқанднинг тарихий қисмига ëндош буфер зонада уйлар, меҳмонхоналар ва бошқа бинолар қурилмоқда.
Бу эса маданий қийматга эга тарихий биноларга зарар етказмоқда.
Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими Бокуда ўтадиган 43-сессияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари иштирок этишини Озодлик мухбирига билдирди.
ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси қўмитаси тарқатган ҳужжатда таъкидланишича, 2022 йилда ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг Самарқандда янги меҳмонхоналарни ва кўп қаватли биноларни қуриш режаси ҳам ташвиш уйғотмоқда.
Қўмита экспертларига шу кунгача Самарқанд-Сити ва бошқа қурилишлар лойиҳасига оид ҳужжатлар тақдим этилмаган.
"Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги 435-сонли қарор талабига кўра "Самарқанд шаҳар тарихий қисмидаги ҳар бир қурилиш режаси ҳақида Жаҳон маданий мероси қўмитасига маълумот берилиши" шарт.
435-сонли қарор
ЮНЕСКО тарафидан 2001 йилда “Самарқанд маданиятлар чорраҳаси” деган ном остида қўриқланиши шарт бўлган обидалар бузилиб ўрнига котлован қазилаëтган 2018 йилнинг ëзида Вазирлар Маҳкамаси “ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 435-сонли қарорни қабул қилди.
Қарорда “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти муҳофазаси кучайтирилиши зарурлиги таъкидланади.
2018 йилнинг 9 июнида қабул қилинган қарорга кўра¸ қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳаси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишилмаган бўлса¸ бундай қурилишлар Умумжаҳон мероси маркази томонидан маъқуллангунга қадар тўхтатилади.
Самарқанд "ер юзининг сайқали" деган номдан айрилиши мумкин
Жаҳон мероси қўмитаси Самарқанд юзасидан 2008 йилдан бери ташвиш билдириб келади. Қўмита ЮНЕСКО марказий кенгашига Самарқанднинг тарихий қисмини сақлаб қолиш масаласини кучлироқ назорат остига олиш илтимоси билан мурожаат қилган.
Самарқанд вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжам Муҳаммадиевнинг Озодликка айтишича "шаҳардаги ҳар бир ғишт авайлаб асралмоқда"
Самарқандлик ҳайкалтарош ва таъмир устаси Нурмуҳаммад Қодировнинг Озодлик билан 28 июнь кунги суҳбатда таъкидлашича¸ Самарқанд шаҳридаги ЮНЕСКО рўйхатига кирган жойларда 27 та ноқонуний қурилиш қилинган ва айни рўйхатдаги 83 маданий обида жисмоний ва юридик шахслар тасарруфига қонунсиз ўтказилган:
- Самарқанд шаҳрини ЮНЕСКО учта тарихий бўлак билан Умумжаҳон мероси рўйхатига 2001 йили киритган .Бу “Темурийлар”¸ “Афросиëб” ва “Европа” дея номланган бўлаклар узвий боғланиб¸ ягона қадимий Самарқандни тамсил қилади. Муаммо “Европа” дея номланган қисмида юз бермоқда. Чор ишғоли даврида қурилган биноларга тарихий асар деб қарамаслик оқибатидаги муаммо бу¸ - дейди Нурмуҳаммад Қодиров.
Самарқанд шаҳрида бошланган кенг кўламли қурилишлар оқибатида ЮНЕСКО тарафидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бир нечта иморат бузилган. Воқеа жойига бориб кўрган журналист ва санъатшуносларнинг Озодликка айтишича¸ гап ЮНЕСКО тарафидан 2001 йилда “Самарқанд маданиятлар чорраҳаси” деган ном остида қўриқланиши шарт бўлган обидалар рўйхатига киритилган Европа услубидаги бинолар ҳақида кетмоқда.
"Муаммо ечими устида ишланмоқда"
Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Маданий мерос бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича¸ ЮНЕСКО талаби билан "Буфер зонасидаги қурилишлар тўхтатилган ва низоли янги биноларни бузиб ташлаш бўйича шаҳар суди қарор чиқарган".
- ЮНЕСКО ташвиш билдирган ва Бокудаги мажлис кун тартибига киритилган муаммони баратараф қилиш ишлари бир йилдан бери кетмоқда. Олдинги раҳбар Жўраев(хозир ҳибсда қолаëтган вилоят ҳокими Туробжон Жўраев) кўп шубҳали девелоперларга Самарқанднинг тарихий қисмида уй қуришга рухсат берворган. Бу уйлардан биттасини бузиш бошланди. Уй қурган ширкат бошлиғининг иши судда¸ - дейди мулозим.
Шаҳарнинг ўзгармас Генплани тузилмоқда
Самарқанд вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжам Муҳаммадиевнинг Озодликка айтишича¸ шаҳар Бош режаси тузиш устида иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов назорати остида тузилаëтган бу бош режа¸ мулозим фикрига кўра «битта ғиштни уëқдан бу ëққа олиб қўйишни ҳам чеклайди»
Айни пайтда қўмита Самарқанд шаҳар бош планини тайёрлаш режасини олқишлади ва бу режа ЮНЕСКО тавсияларини эътиборга олган ҳолда тайёрланишига умид билдирди.
ШҲТ саммити учун қурилаëтган меҳмонхона шаҳарнинг қадимий манзарасини бузади
Жаҳон маданий мероси ëйинлаган ҳужжатда таъкидланишича, 2022 йилда ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг Самарқандда янги меҳмонхоналарни ва кўп қаватли биноларни қуриш режаси ҳам ташвиш уйғотмоқда.
Самарқандлик ҳайкалтарош ва таъмир устаси Нурмуҳаммад Қодиров Озодлик билан суҳбатда саммит меҳмонлари учун “Самарқанд сити" лойиҳаси доирасида 25 та замонавий меҳмонхона қурилаëтганидан ташвиш билдирди:
- Бу бинолар лойиҳаси меъморлар тилида «эклектик китч» дея аталадиган жўн ва ëмон услубда тикланмоқда. Шахар рельефи ва горизонтал кўринишини бузадиган бинолар. Уч кунлик саммит учун қадимий шаҳар манзараси бузилишига қаршиман¸ дейди суҳбатдош.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги вакили ҳам Самарқанд вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ҳам ШҲТ саммити учун қурилаëтган меҳмонхоналар ҳақида Озодликка изоҳ бермади.
Таъмир устаси Нурмуҳаммад Қодировга кўра¸ бу кетишда "Самарқанднинг бошига Шаҳрисабзнинг куни тушади".
2016 йилда Шаҳрисабз ҳам Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқарилиш таҳдиди остида қолган эди.
2014 йилда Шаҳрисабздаги тарихий маҳаллалар бузиб ташлангани ортидан ЮНЕСКО Ўзбекистон ҳукуматига бу йўқотиш ўрнини қандай тўлдириш масаласида таклифлар киритишни илтимос қилган.
Бироқ уч йил давом этган мазкур жараёнда Ўзбекистон томони йўқ қилинган маҳаллаларни қайта тиклаш бортасида жўяли таклиф кирита олмаган.
2018 йилда Ўзбекистон ЮНЕСКОга Шаҳрисабз тарихий қисмини сақлаб қолиш йўналишидаги ишларни кучайтиришга ваъда бергани ортидан, бу шаҳар Жаҳон маданий мероси рўйхатида қолдирилган.