Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:46

 Жиззахда "Атомчилар шаҳри" қурилади


 Ўзбекистон - Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида АЭС қурилиши масаласида олиб борилаётган техник тадқиқот ишлари. "Ўзатом" сайтидан олинган сурат.
Ўзбекистон - Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида АЭС қурилиши масаласида олиб борилаётган техник тадқиқот ишлари. "Ўзатом" сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистонда қурилиши режаланаётган биринчи АЭС яқинида 50 минг кишига мўлжалланган “атомчилар шаҳри” қурилади.

Бу ҳақда “ЎзАтом” раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудовга таяниб, «Kun.uz» нашри хабар қилди.

“АЭС қурилиши якунланганидан кейин 2,5 мингга яқин юқори малакали иш ўринлари яратилади. Асосан бу ушбу минтақа (Жиззах вилоятининг Фориш тумани)даги одамлар бўлади. Атомчилар шаҳри ташкил қилинади. Биз йўл ва темирйўллар қуриш бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширмоқдамиз", дейди "Ўзатом" раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов нашрга берган маълумотида.

Расмийларга кўра, АЭС ишга тушса, станциядаги ҳар бир иш жойи бошқа соҳаларда яна еттита иш ўрни ташкил этилишига олиб келади. Шу тариқа АЭСдаги 2,5 мингта иш ўрни яна 17,5 мингта иш жойи яратилиши учун имкон беради. Уларнинг оилалари ҳисобга олинса, атомчилар шаҳрида 50 мингга яқин одам истиқомат қилади.

Ҳозирча "Атомчилар шаҳри" қурилиши қачон бошланиши ва у Жиззахнинг айнан қайси жойида бўлиши аниқ эмас.

“Росатом” бош директори Алексей Лихачев «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистонда АЭС пойдеворини қуриш ишлари 2020-2021 йилларда бошланиши режалаштирилганини билдирди.

10 июль куни Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов¸ дастлабки режанинг ўзгаргани ва қурилажак атом электр станцияси энергоблоклари сонининг иккитага кўпайганини маълум қилди.

Ҳозирча жамоатчиликка бу лойиҳанинг якуний нархи қанча бўлиши¸ бу маблағнинг қаердан олиниши¸ Россия билан АЭС қуриш келишувининг иқтисодий ва хавфсизлик шартлари қандай экани ҳақида маълумот берилмади.

Айни пайтда¸ ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон ҳудудида АЭС қурилишига қарши ўзбекистонликлар” гуруҳи фаоллашмоқда.

Ўзини “ëрқин атом келажагига қарши”лар деб тақдим қилган бу гуруҳ фаоллари ўзи ва болалари эртасига лоқайд бўлмаганларни “арзон электр” деган ëлғон билан айтилаëтган АЭС эртагидан огоҳ бўлиш¸ “бир гуруҳ фирибгар ва бандитлар” томонидан ишлаб чиқилган бу жиноий режани тўхтатишга чақиради.

XS
SM
MD
LG