Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:25

Имон Каримова: Онамни қамоқхона ички тартибини бузганликда айблашди


Имон Каримова онаси Зангиота қамоғидан қайта уй қамоғига ўтказилган пайтда тушган ушбу суратни ҳам Instagram орқали эълон қилган эди.
Имон Каримова онаси Зангиота қамоғидан қайта уй қамоғига ўтказилган пайтда тушган ушбу суратни ҳам Instagram орқали эълон қилган эди.

Имон Каримова Instagram саҳифаси орқали маълум қилишича, қамоқ жазосини ўтаётган онаси Гулнора Каримовага ички тартибни бузганлик айблови қўйилган.

Одатда қамоқхона тартибини бузганларнинг қамоқ муддатига қўшилади. Лекин Имон Каримова онасига муддат қўшилган-қўшилмаганини очиқламаган.

Шунингдек, Имон Каримова онасига нисбатан янгидан жиноят иши очиш ҳаракатлари бўлаётганидан хавотир билдирган.

Имон Каримова Instagram мессенжеридаги Iman.k17 саҳифасида янги эълон қилган маълумотлардан маълум бўлишича, Зангиота аёллар қамоқхонасида қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримовага жорий йилнинг 6 апрель куни “Ички тартибни бузганлик” айблови қўйилган.

Буни сохта айблов дея иддао қилган Имон Каримованинг ёзишича, онасини эрталабки текширувга чиқмаганликда айблашган. “Ваҳоланки, онам ўша куни касал бўлган”, дея ёзади марҳум президентнинг невараси:

“Аслида Гулнора Каримованинг тиббий картасини текшириш мумкин эди. 5 апрелдан 6 апрелга ўтар кечаси унинг соғлиги ёмонлашиб, қон босими ошгани учун унга бир марталик укол қилинган”.

Ўзбекистон қамоқхоналарида шу пайтгача “ички тартибни бузганлик” учун маҳкумга қўшимча муддат қўшиб берилган. Ҳар ҳолда сиёсий ва диний маҳкумларга шундай жазо қўлланиб келинган. Бу жазо Гулнора Каримовага ҳам қўлланилгани номаълум. Боиси Имон Каримова онаси билан боғлиқ ҳолатнинг бу жиҳатини очиқламаган.

Шунингдек, Имон Каримованинг ёзишича, онасининг жазо муддати тугаётгани сабаб жорий йилнинг март ойида манзил колонияга ўтказилиши лозим эди. Бироқ Имон Каримова бунинг пайсалга солингани, боз устига «ички тартибни бузганлик» айблови қўшилиши ортидан июнь ойида ўтказилган комиссия онасини қамоқхонада қолдиришга қарор қилганидан нолийди.

Имон Каримова онасига нисбатан бўлаётган бу каби ҳолатларни Швейцария томонидан Гулнора Каримованинг пулларини Ўзбекистонга қайтаришни тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлган асосий омил сифатида тасвирлайди.

Жорий йил 1 июль куни Швейцария суди Гулнора Каримованинг музлатилган $850 миллионидан 555 миллиони қайтарилишини вақтинча тўхтатди.

Имон Каримова 555 миллион долларнинг қайтарилиши айнан онасига нисбатан бўлаётган муносабатлар билан боғлиқ эканлигини қайта-қайта такрорлайди.

“Биз жуда узоқ муддат сукут сақладик. Бироқ онамнинг соғлиги билан боғлиқ вазият бизни бу ҳақда гапиришга мажбур қилди”, дейди Имон Каримова.

Имон Каримованинг Instagram саҳифасидаги янги постдан маълум бўлишича, Гулнора Каримовага нисбатан янги жиноят иши очиш ҳаракатлари ҳам бўлаяпти. Имон бу ишнинг 12 йил олдинги воқеаларга алоқадорлигини айтади, бироқ айнан қандай воқеа эканлигини очиқламаган.

Имон Каримова Instagramдаги бу саҳифа ўзиники эканини тасдиқлаган¸ аммо унга қўйилаëтган матнларни бошқалар ëзиб бераëтганини айтган.
Имон Каримова Instagramдаги бу саҳифа ўзиники эканини тасдиқлаган¸ аммо унга қўйилаëтган матнларни бошқалар ëзиб бераëтганини айтган.

Куни кеча Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси 7 июлдан 10 июлгача Гулнора Каримова қамоқхонада қизи Имон Каримова билан узоқ муддатли учрашув ўтказгани ҳақида маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, учрашувдан сўнг Имон Каримова билан суҳбат ўтказилган.

“У онаси Гулнора Каримованинг айни пайтда соғлигидан шикояти йўқлигини,зарур ҳолларда муассаса тиббиёт бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида алоҳида эътибор қаратилаётганини, онасига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмаётганини билдирди”, дейилади Жазони ижро этиш бош бошқармаси билдирувида.

Имон Каримова эса онаси билан учрашувидан сўнг Instagram саҳифаси орқали президент Шавкат Мирзиëевга мурожаат қилди.

"Бугун онамни кўрдим. Ҳар куни ишемия ( бирор аъзо ëки тўқималарга қон етишмаслиги - таҳр.) хуружи бўлаяпти. Айниқса¸ гипертоник криз (қон босимининг тўсатдан кўтарилиб кетиши - таҳр.) ортидан пролактин кескин кўтарилиб кетди¸ бу эса мияда гипофиз ўсмасига олиб келади"¸ деб бошланади Имон Каримова саҳифасида эълон қилинган хат.

Онасининг оғир аҳволда эканини тасвирлаган Имон Каримова¸ Мирзиëевдан зудлик билан операцияга муҳтож онасини озодликка чиқаришни сўрайди.

Бу хати сўнггида Имон Каримова¸ онаси тақдирига бефарқ бўлмаган ўзбекистонликлардан Гулнора Каримовани озод қилиш ташаббусига қўшилишни сўраган.

Жорий ой бошида Имон Каримова онасининг қамоқхонадаги аҳволининг кун сайин оғирлашаëтганини иддао қилганди.

Шундан сўнг Адлия вазирлиги Гулнора Каримова сақланаётган Зангиотадаги 21 -аёллар қамоқхонасида текширув ўтказилгани, аммо Каримованинг саломатлигига оид иддаолар тасдиқланмаганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG