Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани кенгаши депутати, “Миллий тикланиш” партияси аъзоси Қобил Дусов Фейсбук тармоғидаги саҳифасида президент Шавкат Мирзиёевдан Хитойнинг Шинжой-Уйғур мухтор районида зулм чекаётган қардош миллатларга ёрдам кўрсатишни сўради. Депутатга кўра, бир замонлар Туроннинг бир бўлаги бўлган Уйғуристон ҳозир зулм исканжасида, у ерда ўзбек, қозоқ, уйғурлар, умуман мусулмонлар хўрланмоқда. Қайд этилишча, ушбу туркийзабон миллатларнинг ота юрти Ўзбекистондир. Депутат Қ. Дусов Ўзбекистон президентидан Хитой сиёсати қаршисида сукут сақлаётган мусулмон давлатлари ичида ташаббусни қўлга олиб, уйғур ўлкасига маънавий оталик қилишини сўраган.
БМТ, Европа Иттифоқи каби халқаро тузилмалар ҳамда ўнлаб Ғарб мамлакатлари Шинжон-Уйғур мухтор районида яшовчи бир миллионга яқин мусулмон лагерларда ушлаб турилгани учун Хитой раҳбариятини кескин танқид қилиб келади. Расмий Пекин эса “қайта тайёрлаш лагерлари” террорчиликка қарши кураш доирасида ташкил этилганини иддао қилмоқда.