Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:53

Уч ой маошсиз қолган "Оҳангароншифер" ишчилари завод дарвозасини сваркалаб¸ норозилик билдирди (ВИДЕО)


"Оҳангароншифер" ишчилари норозилиги
"Оҳангароншифер" ишчилари норозилиги

“Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятининг ўнлаб ишчиси 19 июль куни завод дарвозасини пайвандлаб қўйиб, завод директори ва юк машиналарининг кириш-чиқишини тўсиб қўйди.

Ишчилар май ойидан бери маошсиз ишлашаётганига шу тариқа норозилик билдирди.

Тўрт соат давом этган бу тадбирда бевосита қатнашганларнинг Озодликка айтишича¸ воқеа жойига етиб келган шаҳар ҳокими ва прокурор иш ҳақи дарҳол тўланишини ваъда қилганидан кейингина норозилар завод дарвозасини очган.

Орадан беш кун ўтиб ҳам бу ваъда бажарилмаганидан тоқати тоқ бўлган ишчилар¸ 23 июль куни Озодликка мурожаат қилди.

“Оҳангароншифер” АЖнинг 54 фоиз акцияси эгаси бўлган Ўзбекистон давлат активлари бошқариш маркази расмийси Озодликка ишчилар ойлигининг қачон берилиши ҳақида аниқ гап айтмади.

“Оҳангароншифер” АЖнинг 50 дан ортиқ ишчиси 19 июль куни завод дарвозасини пайвандлаб ëпиб, май ойидан бери тўланмаган иш ҳақлари зудлик билан берилишини талаб қилди.

Озодликка воқеа жойидан видео юборган ишчилардан бирининг айтишича, уч ойдан бери маошсиз ишлаш оқибатида ўзлари тушиб қолган ночор вазият уларни шундай чорага қўл уришга мажбур қилган.

“19 июль куни ҳам эрталаб директорнинг олдига бориб, қарийб уч ойдан буён маошсиз ишлаётганимизни, қийналиб кетганимизни айтдик. У шу бугун соат 4 гача тушириб бераман, деб ваъда берди. Лекин яна алдади. Ишчилар бундан дарғазаб бўлиб, дарвоза олдида тўплана бошлади. Ишдан чиққан 50дан ортиқ одам бор эди. Ишчилар бўлмаса, заводга битта мошин кирмайди ҳам, чиқмайди ҳам деб, дарвозани икки томонидан сваркалаб ташлашди”.

Норозилик акциясида иштирок этган бошқа ишчининг айтишича, ишчилар завод директори машинасининг калитини ҳам олиб қўйишган.

“Пичоқ бориб суякка етди. Қарийб уч ой фақат маошга куни қолган оиланинг аҳволи нима кечишини биласизми? Ўша куни завод директори ҳам маст ҳолатда келди. Буни кўриб ишчиларнинг баттар ғазаби қўзғади. Ҳайдовчисидан машина калитини тортиб олишди”.

Озодликка юборилган видеода завод ҳудудига кирмоқчи бўлган завод директори автомобилининг калити тортиб олингани акс этган.

"Оҳангароншифер" заводида ишчилар уч ойдан буён маошсиз ишлаётганига норозилик билдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:07 0:00

Озодлик гаплашган ишчилардан бири, шундан сўнг воқеа жойига шаҳар ҳокими ва прокурори чақиртирилганини айтади.

“Бирпасдан кейин ҳоким билан прокурор етиб келди. Ҳоким ишчиларнинг дардини диққат билан эшитди. Завод директорига душанбагача буларнинг ойлигини топиб бер, деб қаттиқ топшириқ берди. Кейин ишчилар тинчиб, дарвозаларга сваркаланган тўсиқларни кесиб олиб ташлашди. Лекин бугун сешанба бўлса ҳам ойликдан дарак йўқ. Завод ҳам якшанба куни тушдан кейин ишдан тўхтади. Нега тўхтатишганини биз билмаймиз”.

"Оҳангароншифер" АЖ
"Оҳангароншифер" АЖ

​Завод директори Жаҳонгир Султоновнинг телефони кун давомида ўчирилгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади. Корхона раҳбариятининг иш телефонларига эса ҳеч ким жавоб бермади.

“Оҳангароншифер”нинг 54 фоиз акциясига эгалик қилиш ҳуқуқини яқинда қўлга киритган Ўзбекистон давлат активларини бошқариш агентлигининг бўлим бошлиғи Шавкат Маматов Озодликка мазкур ҳолатдан хабари борлигини айтди.

“Ижроия органнинг ваколатлари “Mega Golden Hous” МЧЖ қўшма корхонаси ишончли бошқарувга берилган. Ишчиларнинг иш ҳақларини таъминлаб бериш бўйича, улар душанба ёки сешанба куни беришга ваъда қилишган эди. Бугун июнь ойининг иш ҳақлари пластик карточкаларга тушириб берилади¸ деб ваъда қилиб туришибди. Агар МЧЖ томонидан бажарилиши бўлган ишлар бажарилмаган тақдирда махсус аудит текширув ўтказилиб, унинг хулосаларини бизнинг агентлик томонидан кўриб чиқилади ва бу масалани ҳал қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилади”.

Сешанба куни Тошкент вақти билан кечки соат 7 да Озодлик қайта боғланган завод ишчилари¸ 23 июлда ҳам ўз ҳисобларига умуман пул ўтказилмаганини билдирди.

XS
SM
MD
LG