Ўзбекистондаги энг нуфузли нашрлардан бири - "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасининг бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр 1- август куни ишдан олинди.
Бу маълумотни тарқатган Minbar.uz нашри манбасига кўра, Ўктам Мирзаёр газетанинг охирги сонида таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбатни чоп қилгани учун лавозимидан бўшатилган.
Ўктам Мирзаёр "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси бош муҳаррирлигига 2018 йилнинг апрелида тайинланганди.
Унгача "Ҳуррият" газетасида бош муҳаррир вазифасини бажарган.
Мурод Муҳаммад Дўст билан бўлган суҳбатда адиб Ислом Каримов даврини эслаган, ўзининг амалдорлик йилларида қилган ишларини сўзлаб берган.
Minbar.uz нашрида ëзилишича, муҳаррирнинг ишдан олинишига Мурод Муҳаммад Дўстнинг яқинда ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган ситилар ҳақидаги мақоласи сабаб бўлиши ҳам мумкин.
"Саноқсиз ситилар, йилда бир марта мажлис ўтадиган ҳашаматли бинолар, зўрлаб тиқиштирилаётган турли "намунали" уйлар, бойларга аталган, лекин ҳалигача харидор топилмай бўм-бўш турган қасрнамо уйлар узра буюк бир пуфак шишиб келмоқдаки, бир-икки йил ичида пақ этиб ёрилиб кетиши муқаррар. Пуфакни ва шу баҳона ҳамённи шишираётган муттаҳамлар четга қочади, алданган эл қолади, бўғзигача қарзга ботган мамлакат қолади. Кейин нима бўлишини ўйлашга юрагим бетламайди", – дея ëзганди Мурод Муҳаммад Дўст.
Мурод Муҳаммад Дўстга қарши информацион кампанияга Канадада яшовчи журналист Исмат Хушев ва "Нуроний" жамғармаси мулозими, публицист Шароф Убайдуллаев ҳам қўшилган.
Жорий йилнинг 20 июн куни яна бир бошқа нашр¸ "Адабиëт газетаси"нинг жорий йил май ойидаги сонини ўрганиб чиққан Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбатни “жамият онгига салбий таъсир қилади” дея тақдимнома киритган эди.