Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:28

Мирзиёев топшириғи билан 3 ҳоким халқ ва президентдан узр сўради (ВИДЕО)


Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимлари халқдан узр сўрамоқда (тармоқларда тарқалган видеолардан олинган сурат)
Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимлари халқдан узр сўрамоқда (тармоқларда тарқалган видеолардан олинган сурат)

Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимлари президент Мирзиёев топшириғи билан халқ, президент, халқаро жамоатчилик, блогерлардан узр сўради. 2 август кунги видеоселекторда президент Мирзиёев Бош вазир ва ўз девони раҳбарига Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимларини ишдан олиш масаласини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг халқдан кечирим сўрашини ташкил қилишга топшириқ берганди.

2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғинда президент уч ҳокимдан Интернет орқали чиқиш қилиб, аҳмоқлигини тан олиш ва халқдан кечирим сўраши ҳақида топшириқ берди.

Ана шу йиғиндан икки кун ўтиб, 3 ҳоким оддий аҳоли, ҳокимлик расмийлари ва маҳаллий блогерлар қаршисида ноқонуний бузилишлар ҳамда тўланмаган товон пуллари учун, қўлини кўксига қўйиб, узр сўради.

Фарғона вилоят ҳокимидан кечирим

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев 4 август куни Риштон туманидаги учрашувда тумандаги бузилишларни "хато", деб тан олди ва узр сўради.

"Мен очиқ айтаман, албатта бу - хато бўлди. Риштон туманида ким хато қилган бўлса айтиб ўтаман, уларга нима бўлганини ҳам айтиб ўтаман. Албатта, биринчи навбатда, ўзим вилоят ҳокими лавозимида ишлаётган одам сифатида бу хатода менинг ҳам айбим бор. Менинг жуда катта айбим бор. Бизнинг қилган хатоимиз жонажон, азиз давлатимиз обрўсига, айниқса Ўзбекистон президентининг бугунги кунда олиб бораётган мана шундай ислоҳотлари - қандай қилиб бўлса ҳам, одамларни рози қилиш, халқ давлатимиз идораларига эмас, давлатимиз идоралари халққа хизмат қилсин, деган эзгу ғояга ҳеч қандай обрўйларига путур етказмаслиги керак. Мана ҳозир бизларни ижтимоий тармоқларда ҳам кўришаяпти. Ҳаммадан узр сўраб, кечирим сўрайман, шахсан вилоят ҳокими сифатида", деди вилоят ҳокими.

Ғаниев узр сўраркан, бу жараённи кузатиб бораётган "ижтимоий тармоқлар", деган жумлани қайта-қайта тилга олди ва "Ҳамма-ҳамманинг олдида бўйин эгиб, таъзим қилиб, узр сўрайман", деди.

Шунингдек, Фарғона вилоят ҳокими вилоят Қурилиш бошқармаси раҳбари, Риштон тумани ҳокими ва унинг ўринбосаридан иборат жами 14 раҳбар ишдан олинганини маълум қилди.

Ғаниев Риштонда аввалги 25 сотихлик бозор ўрнига 2 гектарга яқин бозор қурилиши ҳамда 200 атрофида савдо шоҳобчаси очиб берилишини ваъда қилди.

Қашқадарё вилоят ҳокимидан кечирим

4 август куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ҳам Яккабоғ туманига бориб, аҳоли ва жамоатчилик фаоллари даврасида президент ва халқдан кечирим сўради.

"Яккабоғда рўй берган воқеалар 100 фоиз вилоят ва туман ҳокимликларининг хатоси. Бунинг учун юз бора, минг бора, ҳукуматимиздан, халқимиздан, азият чеккан тадбиркорларимиздан, ҳурматли журналист ва блогерларимиздан, таъзим қилиб, яна бир марта илтифот қилиб, кечирим сўрамоқчиманки, мана шу масалада бизлар жуда катта хатоликка йўл қўйдик. Агар бизга яна имкон бўлса, агар шунга шарт-шароит яратиб берилса, олдингига ўхшаб, "Бузилсин, олиб ташлансин, қўпорилсин", деган сиёсатдан мутлақо воз кечиб, ҳар бир киши билан, керак бўлса, индивидуал ишлаб, ёрдам бериб, ишлаймиз", деди вилоят ҳокими Зафар Рўзиев.

Хоразм вилоят ҳокимидан кечирим

Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов эса Урганчнинг Ашхобод маҳалласидаги бузилишлар ва тўланмаган товон пуллари учун кечирим сўради.

"Биз сизларнинг жуда кўп азият чекишингизга ва қийналишингизга сабабчи бўлдик. Албатта мен бунда ўзимни айбдор, деб биламан. Сабаби олдиндан режалаштириб, ҳамма ҳисоб-китобларини қилиб, сизлар билан ҳисоблашим, сўзлашиб қилганимизда, бу воқеалар келмас эди. Сизларнинг олдингизда туриб, сизлардан кечирим сўрамоқчиман", деди вилоят ҳокими.

Ҳоким Урганч марказидан Чондирқиёт маҳалласидаги бўш ер майдонларига кўчириб юборилган 400га яқин оиланинг уй-жойини тезда битириб беришни ваъда қилди.​

Тармоқларда бошқа ҳокимларга чақириқ

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги ҳокимлардан ҳам ноқонуний бузилишлар учун узр сўраш сўралмоқда.

Бундан ташқари, бир ҳокимлар узр сўраб турганида, бошқаларининг мажбурий меҳнатга йўл қўяётгани кескин танқид қилинмоқда.

Жумладан, Xushnudbek.uz Телеграм канали сўнгги икки кун ичида турли ташкилотлар ходимларини оммавий равишда ободончилик ишларига жалб қилиш тўғрисида Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимлари имзолаган ҳужжат нусхасини тарқатди.

Хусусан, Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов имзолаган "Шошилинч хабарнома"да вилоятни президентга "намунали" кўрсатиш учун бюджет ишчиларини 4 август куни "лопатка, кетмон ва бошқа асбоблар" билан ҳашарга чиқариш буюрилган.

Дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилаётган ҳокимлар

2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Мирзиёев 3 вилоят ҳокимини "дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган" деб танқид қилди.

Мирзиёев интернет нашрларида бу вилоятлардаги бузилишларга фикр билдирган ўзбекистонликларнинг ёзганларини дастак қилиб келтириб, ўзи ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтди.

- Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда, 30 йилда зўр бўлиб кетардик", дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент уйлари бузилиб кўчада қолган, ойлаб товон пулини ололмаган минглаб одамларнинг кўчага чиқиб автомобил йўлини тўсиб қўйгани учун, Хоразм вилояти ҳокими Эрмановни ҳам қаттиқ танқид қилди:

- Менинг сиёсатимга энг катта душманлик қилганлардан бири - Хоразм вилояти ҳокими жаноб Эрманов. Эрмановга интернетдаги изоҳлардан сенга ва сенга ўхшаган ноинсофларингга «табрик» жўнатаман. Урганч шаҳар ҳокими [Шуҳрат Абдуллаев - таҳр.]ни жиноий жавобгарликка тортамиз, десам, адвокат бўлиб, бош вазиримизга илтимос қилдинг. Мана, сенинг менга қилган "дўстлигинг". Сен ва менинг сиёсатим тўғрисидаги бугун чиққан изоҳларни ўқи", деди Хоразм вилоят ҳокимни назарда тутган президент.

Озодлик Хоразм вилоят, Урганч туман, Ашхобод кўчасида уйи бузилган минглаб одам 26 июль куни кечаси Урганч-Ҳонқа автомобиль йўлини тўсиб қўйгани, шу тариқа улар ҳокимлик товон пулини бермаётгани, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетганига норозилик билдиргани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган эди.

Бу воқеани эшитган президент Бош вазирни шошилинч тарзда Урганчга юборган, Абдулла Арипов норози аҳоли билан учрашиб, ўша куннинг ўзида товон пулини тўлаттирган эди.

Шунингдек, Озодлик Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркорнинг кредит олиб қурган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосари устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани ҳақида 22 июль куни хабар берган эди. Бу воқеа ортидан туман ҳокими ва унинг ўринбосари ишдан олинган эди.

Фарғона вилоятининг Риштон тумани Фарғона кўчасида яшовчи оилаларни ҳокимият алдаб уйларини бузгани ва фақат компенсация сифатида 10 миллион сўмдан пул бергани ҳақида Озодлик 25 июнь куни хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG